КУРАШЧИЛАР “АМУДАРЁДА” ТАНТАНАЛИ КУТИБ ОЛИНДИ.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 октябрдаги “Ўқувчи ва талаба ёшлар ўртасида ўтказиладиган Республика спорт мусобақалари тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 864-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Универсиада” спорт мусобақалари дастуридаги спортнинг кураш тури бўйича Республика финал босқичи 2021 йил 1-5 февраль кунлари  Сурхондарё вилоятида ўтказилиши режалаштирилган.

Кураш – миллий ўзлигимизни акс эттирувчи спорт турларидан биридир. Ўз атамалари билан халқимизни бутун дунёга танитган ушбу спорт тури бўйича финал босқичининг Сурхондарё вилоятида ташкил этилишида ҳам рамзий маъно бор албатта. Азим полвонлар юрти бўлган Сурхон диёри яна баходирларни ўз бағрига чорламаоқда.

Ушбу тадбир муносабати билан бугун касаба уюшмалари тасарруфидаги “Амударё” болаларни соғломлаштириш оромгоҳида Республиканинг барча вилоятлардан мусобақада иштирок этиш учун ташриф буюрган 252 нафар спортчилар мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳамда масъуллар томонидан тантанали кутиб олинди.

Қайд этиш керакки, замонавий типда бунёд этилган оромгоҳда спортчилар учун барча шароитлар муҳайё этилган. Жумладан, шинам ва ёруғ хоналар, юмшоқ ўрин-жойлар, ювиниш хоналари шаҳримиздаги хеч бир меҳмонхонадан қолишмайди. Қолаверса, 265 ўринга мўлжалланган ошхона ҳам меҳмонлар хизматига шай қилиб қўйилган.