Ёшлар бандлигини таъминлашда жонбозлик кўрсатган тадбиркорлар, ташкилотчи ва раҳбарлар рағбатлантирилади.

Барчамизга маълумки сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган кучли ижтимоий сиёсат, шунингдек, хотин-қизлар ҳамда ёшлар бандлигини таъминлаш, уларга жамиятда муносиб шарт-шароитлар яратиш бўйича қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида 27 январь куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишида жамиятда ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш масаласига эътибор қаратилди.

Бугунги кунда юртимиздаги ҳар бир ёшни бандлигини таъминлаш, уларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишлари учун зарурий шарт шароитларни яратиб бериш масаласи ҳар қачонгиданда муҳим вазифалардан бирига айланди. Бугунги кунда мамлакат аҳолисининг 55 фоизини ёшлар ташкил этмоқда.  Ёшлар бандлигини таъминлаш омилларидан бири уларни талаб этилаётган касб бўйича ихтисослаштиришдир. ушбу масаласига тўхталинар экан, шу пайтгача ишсиз аҳоли ва бўш иш ўринлари ўзаро уйғунликда кўриб чиқилмагани танқид қилинди.

Давлат раҳбари ўз нутқида биргина, Тошкент шаҳрида 26 минг ишсиз ёш мавжудлиги, айни пайтда бу ерда 77 мингта вакант борлигига эътибор қаратиб, шундан 45 мингтаси олий маълумот талаб этилмайган иш ўринлари эканлигини қайд этилди. Шундай вакант ўринларга ёшларни касбга ўқитиш орқали малака тоифасини бериб, жойлаштириш лозимлиги таъкидлади.

Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 13 октябрдаги “Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, дипломи йўқ, лекин амалий кўникмаси бўлган ишсиз ёшларни, малакани баҳолаш марказларида ўқитиб, сертификат бериш тизими жорий этилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги “Ишга марҳамат” мономарказларида, шунингдек, қатор олий таълим муассасалари ва йирик саноат тармоқларида малакани баҳолаш марказлари ташкил этиш орқали жорий йилнинг ўзида 30 минг йигит-қизга малака сертификати бериб, уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича тизимли ишларни амалга ошириб боради.

Бандликни таъминлашда энг катта захиралардан бири деҳқончилик қилиш учун ер ажратишдир. Шундан келиб чиқиб, эндиликда жойларда ҳар 10 гектар экин еридан 1 гектарини ёшларга деҳқончилик учун ажратиш тартибини жорий этилади.Шунингдек, қудуқлар қазиб, захира ерларни ёшларга фойдаланиш учун бериш, томорқада лимончилик, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик қилишлари учун кредитлар ажратилади.

Йиғилишда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, қобилиятини юзага чиқариши учун зарур шароитлар яратиш масалалари ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Жорий йилда мусиқа ва санъат мактаблари, маданият марказлари,  музейлар қуриш ҳамда таъмирлаш орқали уларда ёшлар қамровини 30 фоизга етказилади. Бунга, жорий йилда бюджетдан 150 миллиард сўм ажратилади.

Чекка ҳудудлардаги мактабларда намунавий тўгараклар ташкил этиш, ёшларни аждодларимизнинг бой маданий мероси билан яқиндан таништириш, улар ўртасида ички туризмни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Жорий йилда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиб, спорт билан шуғулланувчи аҳоли сонини 25 фоизга, ёшлар қамровини 20 фоизга етказиш мақсад қилинган. Болалар боғчаси ва мактабларни спорт анжомлари билан жиҳозлаш учун бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилган.

Мутасадди вазирликларга мактабларда 20 мингта спорт тўгарагини ташкил этиш, спорт федерацияларини, халқаро мусобақалар ғолибларини мактабларга бириктириб, ёшларни профессионал спортга жалб қилиш юзасидан вазифалар қўйилди.

Ҳозирги ёшларнинг замонавий технологияларга қизиқиши юқори. Ўтган йили IT-паркнинг 5 та филиали ва Рақамли технологиялар ўқув марказларида 10 мингдан ортиқ ёшлар сабоқ олган бўлса, жорий йил бу қамровни кенгайтириш мақсадида ҳар бир туманда камида биттадан мактабда IT-тўгараги очиш, яна 100 та Рақамли технологиялар ўқув маркази ташкил этиб, 20 минг йигит-қизни дастурлаш ва ахборот технологиялари соҳасида тадбиркорликка ўқитилади.

Йиғилишда ёшларнинг ижтимоий масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда 129 та олий ўқув юртида 500 мингдан ортиқ талаба ўқиётгани, лекин улар ётоқхона билан етарлича таъминланмагани кўрсатилиб, талабалар уйларини кўпайтириш лозимлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари иқтидорли ёшларни кашф қилиш, уларнинг ташаббус ва интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ўзбекистон учун 100 ғоя” лойиҳасини илгари сурди. Лойиҳа доирасида шаҳар ва қишлоқлардаги ташаббускор ёшларнинг иқтисодиёт, таълим, спорт, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари каби соҳалардаги ғояларини рўёбга чиқариш учун шароит яратилади.

Шуни ҳам қайд этиш лозимки, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш юзасидан амалга оширлаётган ишларнинг ошкоралиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида вилоят, шаҳар ва туман сектор раҳбарлари маҳаллий матбуот ва ижтимоий тармоқлар орқали ёшларнинг муаммо ва масалалари юзасидан қилган ишлари тўғрисида аҳолига ҳисобот бериб бориши тартиби белгиланди. Эндиликда, ёшлар бандлигини таъминлашда жонбозлик кўрсатган тадбиркорлар, ташкилотчи ва раҳбарларни рағбатлантириб бориш тартиби жорий этилади.

Умуман олганда биз янги Ўзбекистонни барпо этишга жазм қилган эканмиз, юртимизда учунчи ренессансни амалга оширишни олдимизга мақсад қилиб қўярканмиз албатта бу борада ёшларга эътибор қаратиш, уларни ташвишга солаётган муаммоларни бартараф этиш долзарб масалалардан бири бўлиб қолаверади.

Шарофиддин ТУРДИЕВ

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси

ёшлар масалалари бўйича раис маслаҳатчиси

ЁШЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ МАМЛАКАТ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ АСОСИДИР: МУРОЖААТНОМАДА ЁШЛАР МАСАЛАСИГА ЭЪТИБОР.

Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатнома  стратегик аҳамиятга эга. Унда Ўзбекистоннинг яқин истиқболи учун мақбул тараққиёт йўналишлари баён этилди. Расман Мурожаатнома Олий Мажлис аъзоларига йўлланди. Мурожаатномадан ўрин олган масалалар ниҳоятда кўламдор. Таълим сифатини ошириш, бандликни таъминлаш, пандемияга қарши кураш, камбағалликни қисқартириш, ҳудудларнинг “ўсиш нуқталари”ни аниқлаш, коррупцияга қарши кураш, Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашини ташкил этиш, сўз эркинлиги, “бир суд – бир инстанция тамойили” каби масалалар бу давомли рўйхатнинг айримлари, холос. Залвори, юки ва салмоғига кўра қайси масала бирламчи ёки муҳимроқ эканини белгилаш ниҳоятда қийин. Чунки Мурожаатномада мамлакатимиз ривожи билан боғлиқ энг ўткир, энг оғриқли, энг долзарб масалалар кўтарилди.

Айни пайтда ёшлар, таълим тизими ва аҳоли саломатлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилди, улар Мурожаатномада устуворлик қилди. Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йилни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилди. 2021 йилга бундай ном берилиши сабаби ва оқибатларини билиш учун “Нима учун йилга бундай ном берилди?” ҳамда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш учун нима қилишимиз керак?” деган саволларга жавоб топиш лозим.

Аслида, ёшлар масаласи эътибор марказидан, кун тартибидан ўрин олганининг сабаблари талайгина. Биринчидан, аҳолимизнинг ярмидан кўпроғини ташкил этадиган ёшлар миқдор жиҳатидан йирик қатлам, катта куч ҳисобланади. Иккинчидан, ёшлар куч-қувватга тўла, ғайратли бўлгани учун улар бошқа гуруҳларга нисбатан фаолроқ ва мослашувчан бўлади. Учинчидан, ёшлар янгиликларга очиқ бўлганлиги боис, улар инноваторлиги ва ташаббускорлиги билан ажралиб туради. Тўртинчидан, меҳнатга лаёқатли аҳолининг салмоқли қисмини ташкил этадиган ёшлар ўз мақомини оширишдан, янги ижтимоий ролларни ўзлаштиришдан манфаатдор бўлади. Бешинчидан, ҳали қадриятлари тўла шаклланиб улгурмаган ёшлар ҳаётда ўз ўрнини топиш иштиёқида ҳаракат қилади. Олтинчидан, ёшлар давлатнинг стратегик ресурси ҳисобланади, яъни эртанги ҳаётимиз бугун вояга етаётган ёшларга қанчалик эътибор бераётганимизга тўғридан-тўғри боғлиқ бўлади. Ахир, «Ёшлар – келажак бунёдкори», деб бежизга айтилмаган-ку. Энг асосийси, ёшлар жамиятнинг бир бўлаги, унинг узлуксиз таркибий қисми ҳисобланади. Шунинг учун ёшлар муаммоларига бутун жамият муаммолари сифатида қараш лозим. Шу боисдан, Ўзбекистонда ёшлар муаммолари давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган.

Аслида, Мурожаатнома матни миқдорий таҳлил қилинадиган бўлса (бундай таҳлил контент-таҳлил деб аталади), унда “ёшлар” атамаси энг кўп ишлатилган сўз бўлганини кўриш мумкин. Мурожаатнома матнида бу сўз 47 марта қўлланилган. Айни пайтда “таълим” сўзи ҳам ушбу ҳужжатда 31 марта ишлатилганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Мурожаатномада ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги олти вазифа ажратиб кўрсатилди. Булар қуйидагилар:

  • Боғча ёшидаги ҳар бир болани мактабгача таълим йўналиши билан тўлиқ қамраб олиш учун зарур шароит яратиш;
  • Мактаб таълимини тубдан яхшилаш ва унинг сифатини ошириш, муаллимларга муносиб шароит яратиш борасидаги ислоҳотларни жадал давом эттириш;
  • Олий таълимнинг қамрови ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратиш;
  • Мамлакат тараққиётининг замини бўлган илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш;
  • Ёшлар ўртасида бандликни таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш;
  • Эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари, чин етим, ногиронлиги бўлган ва даволанишга муҳтож болаларга алоҳида меҳр-мурувват кўрсатиш бўйича янги тизим жорий этиш.

 Эътибор қаратадиган бўлсак, юқорида белгиланган вазифаларнинг салмоқли қисми таълим муаммолари билан чамбарчас боғлиқ. Бошқача айтганда, Мурожаатномада таълим ва илм-фан ёшлар муаммоларини  самарали ҳал қилиш воситаси сифатида тақдим этиляпти, “нажот – билимда” эканига урғу бериляпти. “Билимлар иқтисодиёти” шаклланаётган ҳозирги замонда таълимга эътибор қаратмасдан туриб, давлатни равнақ топтириб бўлмаслиги таъкидланяпти.  Шунинг учун бу ҳужжат матнида “ёшлар” ва “таълим” атамалари ҳамроҳ, ҳатто эгиз тушунчалар сифатида ифодаланяпти. Хўш, бунинг сабаби нимада?

 Бугунги глобаллашув шароитида таълимнинг роли ўзгарди: таълим давлатни тараққий эттиришнинг белгиловчи омилига айланди. БМТнинг Тараққиёт Дастури доирасида амалга оширилган тадқиқотларнинг қуйидаги натижалари ҳам таълим даражаси ва мамлакат тараққиёти бевосита боғлиқ эканини далиллайди. Таълим даражаси Индекси бўйича давлатлар рейтингига эътибор қаратадиган бўлсак рейтингда даслабки 15 та ўринни Германия, Австра­лия, Янги Зелан­дия, Дания, Норвегия, Исландия Ирландия, Буюк Британия, Финлян­дия, Швеция, Нидер­ландия, АҚШ, Швей­цария, Бельгия ва Словения давлатлари эгаллаган.

Таълим даражаси Индексини ҳисоб-китоб қилишда мамлакатда таълимга ажратилган маблағлар, таълим тизимининг самарадорлиги, аҳолининг саводхонлик даражаси эътиборга олинади. Эътибор беринг, таълим даражаси Индекси юқори бўлган (топ-15 таликка кирган) мамлакатлар рўйхатида бирорта ҳам қолоқ, ривожланмаган давлат йўқ.  Рўйхатдаги барча мамлакатлар турмуш даражаси юқори бўлган қудратли давлатлар саналади.

Бундан шундай ҳулоса чиқадики, келажагимиз билим даргоҳларида яратилади. Мурожаатномада “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади” деган ғоя яна бир бор эътироф этилганининг сабаби ҳам шу. Таълим-тарбия тизими учун қолдиқ принципида эмас, аямай маблағ ажратилаётганининг сабаби ҳам шу. Мактабгача таълим қамровини оширишга бюджетдан 600 миллиард субсидия берилишининг сабаби ҳам шу. 30 та янги мактаб қуриш, 320 та мактабни таъмирлаш ва моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида бюджетдан 2 триллион сўм ажратилишининг сабаби ҳам шу. Халқ таълими ходимларини рағбатлантиришга 330 миллиард сўм йўналтирилиши, ўқитувчиларга устама тўловлар учун бюджетдан 400 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратилишининг сабаби ҳам шу.

Айни пайтда фақат молиялаштириш ҳисобига таълим сифатини ошириб бўлмаслиги аниқ. Шу боисдан, Мурожаатномада ўқув-услубий масалалар, барча ҳудудларда юқори сифатли таълимни таъминлаш, иқтидорли ёшлар билан ишлаш, мактаб давриданоқ ёшларни “касбга ўргатиш” каби муаммолар кўтарилган. Энг муҳими, мактаб таълими сифатини оширишда ўқитувчилар ҳал қилувчи роль ўйнаши эътиборга олиниб, уларнинг мақомини кўтариш ва муносиб ҳақ тўлаш, уларнинг касб малакасини ошириш ва рағбатлантириш чоралари кўрилган.

Нега деганда, таълим сифати ўқитувчиларнинг иш сифатидан юқори бўлмаслиги исбот талаб қилмайдиган аксиома. Жаҳонда ривожланган мамлакатлар, хусусан, Финляндия, Япония ва Жанубий Корея каби давлатларда таълим сифатини ошириш беш йўналишда амалга оширилади:

биринчидан, ўқитувчилик касбига энг яхши, сараланган, истеъдодли кадрларни жалб қилиш механизмлари амал қилади;

иккинчидан, ўқитувчиларнинг бошланғич иш ҳақини баланд қилиш чоралари кўрилган;

учинчидан, ўқитувчилик касбининг мақомини ошириш, бу касбнинг жозибадорлигини ошириш борасида чуқур ўйланган ишлар амалга оширилади;

тўртинчидан, ўқитувчиларнинг доимий малака ошириши ва ўқитишнинг илғор методикаларини ўзлаштириши учун барча шароитлар яратилган;

бешинчидан, мамлакатдаги ҳар бир бола ҳеч бир истисносиз (яшаш жойи, жисмоний имкониятларидан қатъи назар)  юқори сифатли таълимдан баҳраманд бўлиши таъминланган.

Мурожаатномада ўқитувчиларнинг “ҳаёт давомида ўқиш” тамойили асосида ўз малакасини узлуксиз ошириб боришини йўлга қўйиш билан боғлиқ ташаббус ҳам илгари сурилди. Инглиз тилида “Life-long learning” бирикмаси тариқасида эндигина урф бўлаётган бу тамойил динимизда  “Бешикдан то қабргача илм изла” Ҳадисида келтирилган бўлиб, билим олишда тўхтамаслик талабини ўзида ифодалайди.

Мурожаатномада пойтахтда ҳам, олис қишлоқларда ҳам юқори сифатли таълимни таъминлашга қаратилган ташаббус илгари сурилди: бошқа тумандаги олис мактабга бориб, дарс берадиган ўқитувчилар ойлигига 50 фоиз, бошқа вилоятга бориб ишласа – 100 фоиз устама ҳақ тўланиши таъкидланди. Бундай чора мамлакатдаги ҳар бир ўқувчи ҳеч бир истисносиз юқори сифатли таълимдан баҳраманд бўлишини таъминлайди. Зеро, таълим сифати пировардида шу ҳудуддаги турмуш сифатига, ҳаёт сифатига белгиловчи таъсир кўрсатади.

Мурожаатномада олий таълим қамрови ва сифатини ошириш, илм-фан ва инновацияларни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, докторантлар сонини 4,5 мингтага етказиш вазифаси илгари сурилди. Бир қараганда, бу вазифа бюджетга 240 миллиард сўмлик юк бўлиб тушади. Лекин ақл чиғириғидан ўтказадиган бўлсак, ривожланган мамлакатларда ялпи ички маҳсулотнинг ярмидан ортиғи “билимлар иқтисодиёти” ҳисобидан, яъни инновациялар ва юқори малакали кадрлар томонидан яратилаётгани айни ҳақиқат.

Мурожаатномада алоҳида эътиборга муҳтож ёшларимизга меҳр-мурувват кўрсатиш инсоний бурч сифатида талқин қилинган. Шу туфайли эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари, чин етим, ногиронлиги бўлган ва даволанишга муҳтож болаларга алоҳида меҳр-мурувват кўрсатиш бўйича янги тизим жорий этилишига рағбат берилган. Бундай алоҳида эътиборга муҳтож 18 ёшгача бўлган фарзандларимиз оз эмас, улар – 150 минг нафар. Шулардан 900 нафар чин етим ёшларни 2021 йилда уй-жой билан таъминлаш, жайдари қилиб айтганда, “Ватанли қилиш” вазифаси Мурожаатномада илгари сурилди.

Ўзбек халқи удумига кўра, фарзандни уйли-жойли қилиш ота-она зиммасидаги вазифадир. Бизда ота-оналар бу вазифани уддаламаса, ўзини хотиржам ҳис қила олмайди. Бироқ тақдир тақозоси билан она-она меҳридан мосуво бўлиб вояга етаётган ёшларни “Ватанли” қилиш”ни давлат ўз зиммасига олди, давлатимиз раҳбари бундай одамларга “оталик” қилишни ўз бурчи деб билди, уларнинг қалбларига меҳр уруғларини қадади.

Мурожаатномада илгари сурилган вазифалар давлатнинг ижтимоий мададига муҳтож одамлар: эҳтиёжманд ва ночор оилалар, имконияти чекланганлар, ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган шахсларга тўкисликни раво кўриш, уларнинг ҳеч кимдан кам бўлмасликларига кўмаклашишга йўналтирилган. Пировардида бу ёшлар Президентнинг ғамхўрлигини ўз тақдирида ҳис қилади, имконияти чекланган бўлса-да, ҳамма билан ҳуқуқи тенглигини, яъни ҳуқуқий имконияти чекланмаганини англайди, ота-она меҳри насиб қилмаса-да, давлат раҳбаридан меҳр кўради, адолатли ва инсонпарвар сиёсатдан кўнгли тўқ бўлади.

Бола туғилганидан бошлаб 30 ёшигача давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, ундан кўмак олиши Мурожаатномада белгиланди. Бу дегани, шу вақт оралиғида ёшлар давлат сиёсатининг объекти бўлади. Бироқ ёшлар тимсолидаги инсон капиталини бундай тизимли ва узлуксиз ривожлантириш натижасида 30 ёшдан кейин давлат сиёсатининг, ижтимоий ҳаётнинг субъекти, яъни ислоҳотлар ташаббускорига, жамиятнинг ҳал қилувчи кучига айланади. Ва бундай ёшларнинг фаолиятидан кўнгилни тўқ қилса ҳам бўлаверади, чунки улар ватанпарвар, билимни қадрлайдиган, инновацияларга очиқ, кўнгли меҳрли,  ўзининг тўлиб-тошган энергиясини бунёдкорликка йўналтирадиган фуқаролар бўлиб шаклланади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Мурожаатномада кўзланган марраларга эришиш истиқболимиз учун муҳим аҳамиятга эга. Шунинг баробарида Мурожаатномани самарали ҳужжатга айлантирадиган нарса – унинг ижросидир. Бу эса Мурожаатномадан ўрин олган ташаббусларни амалга оширишга қўшажак ҳиссамиз ҳақида ўйлаб кўришга ундайди. Чунки бу ташаббусларнинг амалий рўёби ҳар биримизга дохил ҳодисадир. Ва, табиийки, Мурожаатномадан ўрин олган ғояларнинг ижросидан ҳамма бирдек манфаатдор.

 

Шарофиддин ТУРДИЕВ

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси

ёшлар масалалари бўйича раис маслаҳатчиси

Тадбир ўтказилди

Ангор туманида Ўзбекистон Республикаси қуролли кучлари ташкил топганининг 29 йиллигига бағишлаб тадбир ташкил этилди. Дастлаб, туман ҳокими Шоҳжаҳон Абдуллаев барча Ватан ҳимоячиларини қутлуғ айём билан табриклади. Шундан сўнг, бир қатор ҳарбийлар ва туман мудофаа ишлари бўлими ходимларига  совғалар тақдим этилди. Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб ўтказилган тадбирда ҳарбий оркестр садолари остида парад ҳамда мард ва жасур йигитлар томонидан ҳарбий чиқишлар намойиш этилди. Тадбирга таклиф этилган “Ёшлар дафтари” ҳамда “Аёллар дафтарига” киритилган тумандошларимизда ушбу тадбир катта таассурот қолдирди.

 

Эсдалик совғалари топширилди

Ангор туманидаги «Ангор ёғдуси» мухаррири Эшмуродов Рустам Рўзибоевичнинг нафақага чиқиши муносабати билан касаба уюшма бўлинмаси томонидан эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.

Спортчилар рағбатлантирилди

Ангор туманида Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида соғлом турмуш тарзини кенг тадбиқ этиш мақсадида умумий ўрта таълим мактаб ходимлари ўртасида спорт мусобақалари ўтказилди. Ҳомийлар ва касаба уюшмаси бўлинмаси томонидан эсдалик совғалар билан спортчилар рағбатлантирилдилар.

Совғалар топширилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги «Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги ПФ-6108-сон фармонининг 9-банди ижросини таъминлаш ҳамда Халқ таълими тизимида самарали меҳнат қилаётган ходимларни соғломлаштиришга бўлган эътиборни янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси халқ таълим вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси қўшма қарорларига асосан Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида жойлашган «Хўжаипок» санаториясида соғлигини тиклаш учун вилоятнинг барча туманларидан келган халқ таълим ходимлари ва мактаб директорларига вилоят халқ таълими бошқармаси ва вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси томонидан спортнинг шахмат ва шашка турларидан спорт мусобақаси уюштирилиб, ғолибларга касаба уюшмаси томонидан диплом ва совғалар топширилди.

Давра сухбати ўтказилди

Жорий йилнинг 8 январь куни 49509 ҳарбий қисмида давра суҳбати ўтказилди. Давра суҳбатида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VIII – Қурултойи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 28 декабридаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қилган Мурожаатномаси тарғиботи бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши аппаратининг Сурхондарё вилояти бўйича меҳнат хуқуқи инспектори Холов Зариф Халилович, Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари Касаба Уюшмаси Термиз шаҳар Кенгаши раиси Химматова Нодира Сурхановна маъруза қилди.