СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ТИЗИМИНИ РИВОЖЛАНТИРИЛАДИ

Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, соҳа ходимларининг меҳнатини муносиб қадрлаш, малакали кадрлар тайёрлаш, хорижий тиббиёт марказлари ва олийгоҳлари билан илмий-амалий ҳамкорликни кучайтириш масалалари давлатимизнинг доимий эътиборидаги масалалардан эканлиги барчамизга маълум.

Жорий йилнинг 7 ноябрь куни вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида ҳалқ депутатлари маҳаллий Кенгаши раиси ўринбосари М.Қодирова ҳамда бирлашма раиси вилоят кенгаши депутати А.Ахмедов иштирокида жорий йилнинг 6 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида кўтарилган масалалар, қайд этилган камчиликлар ва муаммолар ҳамда келгусидаги муҳим вазифалар мухокамасига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда пандемия даврида унга қарши курашишга Республика бўйича 100 мингдан зиёд тиббиёт ходимлари сафарбар этилгани, улар ўзларини аямасдан, жонларини гаровга қўйиб, ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатаётгани мамлакат раҳбари томонидан эътироф этилганлиги қайд этилди.

Шунингдек, қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар фаолиятидаги муаммолар, онкология йўналишидаги беморларнинг ярмида касаллик иккинчи ва учинчи босқичга ўтиб бўлганидан кейин аниқланаётганлиги, биринчи бўғинда сифат пастлиги учун аҳоли тўғридан-тўғри марказий шифохоналарга боришга мажбур бўлаётганлиги сабабли бу борадаги камчиликларни бартараф этиш лозимлиги қайд этиб ўтилди.

Йиғилишда Президентимиз томонидан 5 ёшгача бўлган болалар, ҳомиладор, туғиш ёшидаги ва 35 ёшдан ошган аёллар, 40 ёшдан ошган шасхлар доимий назоратга олиниб, скрининг текширувлари ўтказилади. Касалликка мойил бўлганлар индивидуал патронажга олиниши, бепул тиббий ёрдам учун йўлланмани ҳамда бепул тарқатиладиган дориларга рецептни ҳам оилавий шифокор бериши таъкидланди.

Йиғилишда маърузачилар чекка ҳудудлардаги бирламчи бўғин тиббиёт тизими учун “Қишлоқ шифокори” дастури жорий қилиниши, дастурга мувофиқ олис ҳудудлардаги бирламчи бўғинга ишга кирган тиббиёт ходимларига 30 миллион сўм миқдорида бир марталик пул маблағи берилиши ҳамда улар хизмат уйи билан таъминланади ёки ижара тўлови компенсация қилиниши ҳақида ҳам маълумотлар бериб ўтилди.

Президент раислигида ўтаётган йиғилишда бирламчи бўғиннинг камида 50 фоиз иши аҳолини тўғри овқатланиш ва жисмоний тарбияга ўргатиш бўлиши лозим, деб таъкидланди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таҳлилига кўра, тиббий даволаш инсон саломатлигини таъминлашнинг 10 фоиз омили, холос. Ирсий омиллар 15 фоиз, атроф-муҳит 20 фоиз ва, энг асосийси, турмуш тарзи 55 фоизни ташкил этади.

Паст жисмоний фаоллик, меъёрдан кўп, айниқса, кечки пайт овқатланиш оқибатида аҳолининг қарийб 30 фоизида юқори қон босими ва 46 фоизида холестерин миқдори нормадан ортиқ. 60 фоиз ҳолатда коронавируснинг оғир кечиши нотўғри турмуш тарзидан келиб чиққан йўлдош касалликларга боғлиқлигини кўрсатди.

Яъни, соғлом турмуш тарзи – тўғри овқатланиш ва жисмоний фаоллик орқали қанчадан-қанча касалликларни олдини олиш ва инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш мумкинлигини барча бирдек тушуниши кераклиги қайд этилди.

Шу билан бирга, фолий кислотаси ва темир моддаси етишмаслиги 40 фоиз аёлларда кузатилади, 5 ёшгача бўлган болаларнинг 55 фоизида темир моддаси етишмаслиги сабабли камқонлик келиб чиқмоқда. 70 фоиз боғча ва мактаб ёшидаги болаларда ичак паразитар касалликлар мавжуд.

Келгуси йил 1 июндан бошлаб:

5 ёшгача бўлган болалар витаминлар ва микро-нутриентлар билан;

10 ёшгача болалар паразитларга қарши дорилар билан;

ҳомиладорлар, эмизикли аёллар ва 15 ёшгача бўлган болалар йод препаратлари билан;

35 ёшгача аёллар фолий кислотаси ва феррум билан бепул таъминланади.

Ушбу дори воситалари ва витаминлар оилавий шифокорлар томонидан бепул тарқатилиши ҳамда нотўғри овқатланиш ва носоғлом турмуш тарзи қандай оғир оқибатларни келтириб чиқариши ёшларимизга болаликданоқ ўргатилиши кераклиги таъкидланди.

 

А.Ахмедов

Вилоят касаба уюшмалари

ташкилотлари бирлашмаси

раиси, Халқ депутатлари

вилоят кенгаши депутати

 

Print Friendly, PDF & Email