Сурхондарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг VIII ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.

Сурхондарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси А.Ахмедовнинг “Сурхондарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг 2015 йил июль ойидан 2020 йил июль ойигача фаолияти юзасидан ҳисоботи ва касаба уюшмалари аъзоларининг меҳнат ҳуқуқлари ҳамда ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вилоятдаги касаба уюшма ташкилотларининг келгусидаги вазифалари ҳақида” маърузаси

Ҳурматли делегатлар! Азиз меҳмонлар!

Бугун вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг VIII-ҳисобот-сайлов конференцияси энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг    29 йиллик тўйига тайёргарлик кўрилаётган, шу  билан бирга, жаҳонда тождор вирус инсонларга, иқтисодиётга кўплаб зарар етказаётган таҳликали бир пайтда ўтмоқда.

Шу нарса юрдошларимизга таскин бермоқдаки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Муҳтарам Ш.М.Мирзиёев томонидан одамларни ҳаётини сақлаш ва иқтисодга салбий таъсирларни юмшатиш учун ҳамда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳаси моддий техника базасини янада кучайтириш тиббиёт ходимларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида самарали чоралар кўриб борилмоқда.

Ҳаммангизга маълумки, бугунги кунда юртимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинликларини ва манфаатларини таъминлаш, Ватанимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш борасида кенг кўламли демократик ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, сўнгги тўрт йилга яқин вақтда сиёсий-ижтимоий, иқтисодий муносабатларнинг мазмун-моҳияти, жамиятимиз мазмуни бутунлай ўзгарди.

Ўзбекистоннинг барча соҳаларда жадал ривожланиб боришида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси, шунингдек уни амалга ошириш доирасида ҳар йили қабул қилиниб ҳамда амалга оширилиб келинаётган давлат дастурлари алоҳида аҳамият касб этаётганлигини таъкидлаш лозим.

Қисқа даврда Ҳаркатлар стратегияси ижроси доирасида 100 га яқин қонунлар, Президентимизнинг икки мингдан зиёд фармон ва қарорлари, Ҳукумат қарорлари ва «Йўл хариталари» қабул қилинди. Энг яхши халқаро амалиётлар, илғор тажриба ва таклифлар миллий ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш имконини бермоқда.

Булардан ташқари республикада аёллар ва ёшларга берилаётган эътибор ва имтиёзлар, нодавлат – нотижорат ташкилотлари фаолиятини кучайтириш соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳам амалга оширилаётганлиги таҳсинга сазавордир.

Ҳаммамизга яхши маълумки, XXI асрнинг энг етук Давлат раҳбарларидан бири – Ўзбeкистoн Рeспубликаси Прeзидeнти Муҳтарам Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, иқтисодий бошқарувни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида олиб борилаётган оқил сиёсат, амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида республикада мисли кўрилмаган ижобий ўзгаришлар содир бўлмоқда. Ўзбекистон халқи бирлашиб янги Ўзбекистонни қуришга азму-қарор қилганлар.

Ушбу амалга оширилаётган ислоҳотларда сизлар билан биргаликда иштирок этаётганимиздан фаҳрланамиз.

 Ҳурматли конференция делегатлари, азиз меҳмонлар!

Барчамизга маълумки, конференция – бу кейинги 5 йилда амалга оширилган ишларимизнинг сарҳисобидир.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Устави, Сурхондарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Низоми ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги касаба уюшмалари ташкилотларида ҳисобот-сайловларни ўтказиш тўғрисидаги Низомга мувофиқ ҳар беш йилда касаба уюшма ташкилотларида амалга оширилган ишлар сарҳисоби билан меҳнат жамоаси ҳамда кенг жамоатчиликни таништириш мақсадида ҳисобот сайлов конференциялари бўлиб ўтмоқда.

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ҳам ўтган беш йил давомида ходимларни ижтимоий-иқтисодий ҳимоя қилиш, уларнинг саломатлигини тиклаш, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб – қувватлаш, айниқса ёшлар, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш орқали уларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишларини таъминлаш борасида бир қатор ишларни амалга ошириб келди.

Шу нарсани алоҳида қайд этиш керакки, ҳисобот даври вилоятимизда чинакамига касаба уюшмалари тизимидаги ташкилотларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, меҳнат аҳлини ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқий муҳофаза қилиш йиллари бўлди десак, асло муболаға бўлмайди.

Бинобарин, болалар дам олиш ва соғломлаштириш оромгоҳлари фаолияти ҳақида гапирадиган бўлсак, 2015 йилда Сариосиё туманидаги 250 ўринли «Хонжиза» болалар оромгоҳи тўлиқ капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиниб, бутунлай янги қиёфа касб этди.

Шеробод туманидаги 250 ўринли «Бешбулоқ-Сурхон-Шеробод» болалар оромгоҳи 2016 йилда қайтадан қурилиб, бугунги кунда мазкур масканда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, болаларга яратилган шароитлар туфайли вилоятнинг энг сўлим гўшаларидан, Республикада ҳам энг чиройли оромгоҳларидан бирига айланди.

Шунингдек, 2017 йилда Термиз шаҳридаги Амударё соҳилида барча шароитларга эга бўлган, ҳар жиҳатдан замонавий қилиб қурилган ва жиҳозланган 200 ўринли «Амударё» болалар оромгоҳи фойдаланишга топширилди.

Қайд этиш керакки, юқоридаги касаба уюшмалари тасарруфидаги болалар оромгоҳларининг ҳар бирида ёзги мавсумда     1000 нафардан зиёд, умумий ҳисобда ҳар йили ҳалқимизнинг 3000 нафардан ортиқ фарзандлари мароқли дам олиб хордиқ чиқариб келмоқдалар.

Маълумки, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг малакали тиббий хизматдан ва дам олиш ҳуқуқидан фойдаланиш каби конституцион ҳақ-ҳуқуқларини амалга ошириш бугунги куннинг устувор масасаларидан бири бўлиб ҳисобланади. Қайд этиш керакки, ҳисобот даврининг боши, 2015 йилда вилоятимизда касаба уюшмаларига қарашли бирорта ҳам санаторий йўқ эди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 2017 йилда Термиз туманининг Учқизил қўрғонида 160 ўринли «Термиз марвариди» санаторийси қайтадан қурилишб ишга туширилди. Бугунги кунда бу ерда йилига 5000 нафардан ортиқ меҳнат ходимлари ва уларнинг ота-оналари, оила аъзолари ўз соғлиқларини тикламоқдалар. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур масканнинг фойдаланишга топширилиши вилоятнинг туристик салоҳиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ўтган давр мобайнида ўз соғликларини тиклаш мақсадида Россия, Қозоғистон, Афғонистон, Тожикистон каби мамлакатларидан 100 нафардан ортиқ чет элликларнинг ташриф буюриб, соғликларини тиклаганлари бунинг яққол далилидир.

Юртбошимиз 2018 йил 19-20 январь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида воҳа аҳолисининг истакларини ҳисобга олиб, тоғли Олтинсой туманида аҳолига қулай шарт-шароит яратиш, уларнинг мароқли ҳордиқ чиқариб, соғликларини тиклашлари учун барча шароитларга эга соғломлаштириш масканини барпо этиш ҳақида мутасаддиларга топшириқлар берган эди. Шундан сўнг, туман марказига «Хўжаипок» зиёратгоҳининг шифобахш суви 26 км масофага қувурлар орқали олиб келтирилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ажратилган 85,0 млрд. сўм маблағ ҳисобидан 200 ўринли замонавий «Хўжаипок» соғломлаштириш маскани қурилиб, жорий йилнинг 30 май куни фойдаланишга топширилди.

Мазкур санаторийнинг бошқалардан фарқли жихати шундаки, бу ерда даволаниб, соғлигини тиклаётганлар ҳамда аҳоли вакиллари айниқса, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини таъминлаш учун 10000 та китоб фондига эга бўлган кутубхона, 200 ўринли маданият саройи, сузиш ҳавзаси ҳам барпо этилиб ишга туширилганлигидир.

Қайд этиш керакки, санаториянинг ишга туширилиши натижасида 150 та иш жойи яратилди. Муассасага ишга жойлашганларнинг 120 нафари хотин-қизлар ва ёшлар эканлиги янада қувончлидир. Ушбу масканда мамлакатимиз Президенти томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг 3 тасини бир вақтда амалга ошириш имкони яратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Бу борада шуни қувонч билан таъкидлаш лозимки, биз сурхондарёликлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг доимий эътибори ва ғамхўрлигини сезиб, билиб турибмиз. Буни биз воҳамизда бунёдкорлик ишлари тўхтамасдан яна давом этаётганидан ҳам билсак бўлади.

Шу кунларда тоғ ёнбағрида жойлашган «Хўжаипок» зиёратгоҳининг ўзида 200 ўринли «Хўжаипок ота дам олиш маскани” МЧЖ ҳамда Денов, Сариосиё туманлари чегарасида «Наврўздара» ҳудудида 7 қаватли 250 ўринли санаторийни қуриш ишлари олиб борилаётганлиги учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига алоҳида миннатдорчилик билдиришга рухсат бергайсизлар! (С.Н.Ахмедов орқали).

Мазкур масканлар чиройли қурилиб, 2021 йил охирида халқимиз хизматига топширилиши кишига алоҳида хурсандчилик бағишлайди.

Шуниси қувонарлики, мамлакат Президентининг вилоятга ташрифлари давомида касаба уюшмалари тизимидаги «Термиз марвариди» санаториясига (2017 й) ҳамда «Амударё» болалар оромгоҳига (2018 й) ташриф буюриб амалга оширлган ишларни алоҳида эътироф этганлиги ҳисобот давридаги бизнинг эришган улкан ютуғимиз деб биламиз.

Ҳурматли конференция иштирокчилари!

Ҳисобот даврида мамлакатимизда Муҳтарам Президентимизнинг қабул қилган Фармон ва Қарорларини, олиб бораётган кучли ижтимоий сиёсатини амалга оширишда касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этиб келаётганлигини қайд этиб ўтиш ҳам ўринли деб ҳисоблайман.

Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногирон парвариш қилиб келаётган кўп болали оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2017 йил апрель – май ойларида 46 жуфт келин-куёв ҳамда 355 нафар кам таъминланган оилалар фарзандларининг суннат тўйлари ўтказиб берилиб, ушбу мақсадга 1,1 млрд. сўм, 20 нафар ногиронларга тикув машиналари олиб берилиб, 31,5 млн. сўм маблағ сарфланди ва 20 нафар хотин-қизларга  янги иш ўринлари яратилди. Бу амалга оширган ишларимиз одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларига муносиб омил бўлиб, уларнинг келажакка, давлатга ишончини мустаҳкамлади, жамиятда ҳамжиҳатлик кайфиятини бахш этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил  12 сентябрдаги «Аҳолини кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги» 3268-сонли қарорига мувофиқ, 2017-2018 йилларда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, маҳалла фуқаролар йиғинлари, вилоят Хотин-қизлар қўмиталари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, «Нуроний» жамғармаси ҳамда бошқа қатор жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда тузилган республика ишчи гуруҳи билан ҳудудларда уйма-уй юриб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга мухтож, кам таъминланган қатламлари муаммолари ўрганилди. Ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар рўйхатлари шакллантирилиб, мазкур рўйҳат асосида 2017-2018 йилларда касаба уюшмалари томонидан вилоятдаги 65 та кам таъминланган оилага янги уй-жой қуриб берилди, 490 та оилаларнинг уй-жойлари таъмирлаб берилди, 3010 та оилага маиший техника воситалари ҳамда 168 та оилаларнинг касал бўлган аъзолари даволаниб соғликларини тиклашлари учун беғараз моддий ёрдамлар кўрсатилди. Ушбу мақсадларга жами 16,1 млрд. сўм маблағ сарфланди. Ушбу мақсадларга ажратилган маблағлардан тўлиқ ва самарали фойдаланилди.

Шунингдек, касаба уюшмалари томонидан шакллантирилган рўйхатлар асосида вилоят марказий ва тижорат банклари томонидан 971 та кам таъминланган оилаларга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун зарур бўлган 9,1 млрд. сўмлик 4 фоизли имтиёзли кредит маблағларини ажратиб берилишига кўмаклашилди.

Хурматли делегатлар!

Жорий йилнинг 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида «Қандай қийин бўлмасин, ёшлар, хотин-қизлар, кам таъминланган, қийин шароитларда яшаётган аёлларга манзилли ёрдам берамиз, уйма-уй юриб аҳволини ўрганамиз. Битта аёлнинг аҳволини яхшилай олсак, одамларнинг кайфияти, оилаларда вазият ўзгаради» деб таъкидлаган эдилар. Шунингдек, юртбошимиз мамлакатимиз аҳолисини 12-15 фоизи камбағалликда яшаётганлигини айтиб ўтдилар. Бугунги кунда ана шу камбағаллар сонини қисқартириш бўйича маҳалла ва секторлар томонидан «Темир дафтар» ташкил этилиб, «Йўл харитаси» ишлаб чиқилиб, амалга ошириб келинмоқда. Ушбу мамлакатимиз бўйлаб бошланган улкан ишларда касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Юқоридагиларга кўра, Ўзбекистон касаба уюшмалри Федерацияси раҳбарлигида давлат ва нодавлат ташкилотлар вакилларидан иборат хотин-қизлар муаммоларини аниқлаш ва уларни ҳал этиш бўйича Республика ишчи гуруҳи тузилиб ҳудудларда ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ишчи гуруҳи   11-13 апрель кунлари вилоятимиз шаҳар, туманларида бўлиб, жами оғир шароитда яшаётган 1708 та оиланинг яшаш шароитларини ўрганди. Оилалардаги ҳал этилиши лозим бўлган 2146 та муаммолар рўйхатга олинди. Мазкур муаммоларни ҳал этиш мақсадида ҳар бир ҳудуд учун Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Сенати, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда вилоят ҳокими томонидан тасдиқлаган алоҳида манзилли дастурлар ишлаб чиқилди.

Ушбу тасдиқлаган дастурлар ижросини таъминлаш мақсадида касаба уюшмалари томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди. Бинобарин, жорий йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан жорий йилнинг апрель-май ойларида намуна сифатида танлаб олинган Олтинсой туманида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларга муносиб турмуш шароитларини яратиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоятимиздаги йирик ишлаб чиқариш корхоналардан бири бўлган «ZIF TEXTIL» МЧЖ билан ҳамкорликда туманнинг Хўжасоат қишлоғида барча шарт-шароитларга эга «OLTINSOY ZIF TEXTIL» корхонаси фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу лойиҳани амалга ошириш натижасида ҳудуддаги 300 нафар ишсиз хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. Мазкур лойиҳа қиймати 3,8 млрд. сўмни ташкил этиб, касаба уюшмалари томонидан  1,5 млрд. сўм маблағ ажратилди. Қайд этиш керакки, ушбу маблағларнинг 1,0 млрд. сўми корхонага 100 та ишлаб чиқариш дастгоҳлари сотиб олишга йўналтирилган бўлса, 500,0 млн. сўми эса фабрикада ишловчи ходимларга қулай шарт-шароитлар (овқатланиш, ювиниш, гигиеник хоналар, ҳожатхона, кутубхона ва дам олиш хоналари қуриш) яратишга йўналтирилди. Эътиборли жиҳати, юқоридаги мақсадлар учун йўналтирилган маблағлар тадбиркорлир томонидан қарз сифатида олинди, яъни муайян вақт ўтгач, олинган фойда эвазига бу маблағлар қайтарилади.

Олтинсой туманидаги олис ва чекка қишлоқларда яшаб келаётган хотин-қизларга доимий иш ўринлари яратиш, уларининг бандлигини таъминлаш мақсадида вилоят бандлик бош бошқармаси билан ҳамкорликда 500 нафар хотин-қизларнинг гилам тўқиш бўйича ўқитиш ва малакаларини ошириш ишлари амалга оширилди. Бугунги кунда уларга 425,0 млн. сўмлик 500 дона гилам тўқиш дастгоҳлари сотиб олиб берилди ёки 500 нафар аёлнинг бандлиги таъминланди.

Ҳозирда Олтинсой тумани хотин-қизлари учун барча қулайликларга эга, замон талабларидан келиб чиқиб жиҳозланган аёллар «Гўзаллик салони» фаолиятини йўлга қўйиш ҳам режалаштирилган бўлиб, мазкур лойиҳани амалга ошириш учун 500,0 млн. сўм маблағ ажратилиши белгиланган.

Шунингдек, жорий йилда Сариосиё тумани Шарғун шаҳрида «Шарғун тикув цехи» масъулияти чекланган жамият фаолиятини йўлга қўйиш орқали 100 нафар ишсиз хотин-қизларга иш жойи яратилади. Мазкур лойиҳага тикувчилик дастгоҳлари сотиб олиш учун касаба уюшмалари томонидан 135,5 млн. сўм маблағ ажратилди.

Умуман олганда, Президентимизнинг парламентга мурожаатлари юзасидан шаҳар, туманлар бўйича тасдиқланган манзилли дастурлар асосида оғир шароитда яшаб келаётган хотин-қизларларга, уларнинг ҳоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда уйма-уй юриш орқали шакллантирилган рўйҳатга асосан жорий йилнинг 1-ярмида Президентимиз топшириғи билан ажратилган
4,0 млрд. сўм маблағлар ҳисобидан ишсиз хотин-қизларга 580 та янги иш ўринлари яратилди. Бундан ташқари, сотиб олиб берилган гилам тўқиш дастгоҳлари ҳамда маиший техника воситалари туфайли 1247 нафар аёлларнинг уй шароитида бандлиги таъминланди. Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш эса оилаларга барқарор даромад манбаи яратиш демакдир. Зеро, энг катта ислоҳат – ҳар бир оиланинг нури бўлган оналарни, хотин-қизларни рози қилишдир.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Камбағал ва ишсиз аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Қарорга асосан, шу кунларда жойларда ташкил этилаётган ишга жойлаштириш бўйича Мони марказлар, касб ҳунарга тайёрлаш бўйича фаолият кўрсатаётган малака ошириш ўқув марказларида айниқса “Темир дафтар”га тушган ҳамда ногиронлиги бор хотин-қизлар ва ёшларга эътибор берилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Бандлик бошқармаси билан ҳамкорликда бундай савобли ишларни келгусида барча туманларда ҳам олиб борилиши мўлжалланган.

Ҳурматли делегатлар!

 Ҳисобот даврида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан ёшлар билан ишлашга ҳам эътибор ҳарқачонгидан кучайтирилди.

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси 2018, 2019, 2020 йиллар учун Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши билан қўшма чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаб, дастур ижроси юзасидан зарурий ишларни амалга ошириб келмоқда.

Жумладан, юксак маънавиятли, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқарашга эга бўлган ватанпарвар ёшларни тарбиялаш, уларда мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетни шакллантириш йўналишида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ва тармоқ касаба уюшмалари шаҳар, туманлар кенгашлари раисларининг ҳар ойда камида бир марта ёшлар билан очиқ мулоқот шаклида учрашувлари белгиланган бўлиб, 2018 йилда вилоятдаги барча олий таълим муассасалари талаба ёшлари ҳамда корхона ва ташкилотлар ёш меҳнаткашлари ўртасида 24 маротоба, 2019 йил давомида 41 маротоба, 2020 йилниг ўтган даври мобайнида 22 маротаба очиқ мулоқотлар ўтказилди. Ушбу очиқ мулоқотларда жами 19986 нафар ёшлар иштирок этишди.

Демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришда ёшлар фаоллигини ошириш ҳамда ҳуқуқий саводхонлигини ривожлантириш мақсадида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан бирга 2018-2020 йилларда бир қатор кўрик-танловлар ташкил этилди. Жумладан,  меҳнат муҳофазаси ва ҳавсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш юзасидан республика кўрик-танлови доирасида «Меҳнат муҳофазаси бўйича ёш мутахассис» кўрик-танловининг шаҳар, туман ва вилоят босқичилари ташкил этилиб, 1700 нафар ёшларнинг иштироки таъминланди. Шунингдек, олий таълим муасасалари талабалари ўртасида вилоятдаги ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, халқаро ва миллий меҳнат стандартларининг мазмун-моҳиятини ҳамда касаба уюшмасига аъзолик афзалликларини тарғиб қилиш мақсадида «Сиз касаба уюшмасини биласизми?» танлови ташкил этилди. Танловда жами 1800 дан ортиқ талаба ёшлар иштирок этишди.

«Менинг келажакдаги иш жойим» акцияси доирасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб қилиш, келажакда муносиб иш жойини топишга кўмаклашиш мақсадида олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчилари вилоят ҳудудидаги «Эркин иқтисодий зона»лардаги қўшма корхоналар фаолияти билан таништириб борилди. Ёшларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб қилиш, келажакда муносиб иш жойини топишга кўмаклашиш мақсадида 2018 йилда 120 та, 2019 йилда  200 дан ортиқ олий ва ўрта маҳсус таълим муассасалари битирувчилари вилоятда фаолият юритаётган «Амудартекс» ҳамда «Сурхон-Ипаги» қўшма корхоналари, «Навоий тоғ кон металлургия комбинати» Термиз механика заводи, «Жануб қуёши» масъулияти чекланган жамиятлар фаолияти билан таништирилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг 2017 йил 30 октябрдаги «Олий таълим муассасаларида таҳсил оладиган фаол ёшларга касаба уюшмалари стипендиясини таъсис этиш ва санаторийларга бепул йўлланмалар ажратиш тизимини жорий этиш тўғрисида»ги 8-93 “с”сонли қарори билан тасдиқланган «Фаол касаба уюшмалари аъзолари бўлган ёшларни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги санаторийларда соғломлаштириш тартиби тўғрисидаги Низом» талаблари асосида олий таълим муассасалари талабалари  2018-2020 йилнинг июнь-август ойларида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Курортлар бошқармаси тасарруфидаги «Термиз марвариди» санаториясида соғломлаштирилди.

Шунингдек, олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида таъсис этилган «Касаба уюшмалари стипендияси»ни 2018-2020 йилларда танлов асосида олий таълим муасасалари талабаларига 6 ой муддатга энг кам иш ҳақининг  5 баробари миқдорида касаба уюшмалари стипендияси тайинланиб тўлаб бериб келинмоқда.

Шу билан бирга, 2017-2019 йиллар ҳамда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республиканинг тарихий қадамжоларига, маданият ва санъат марказларига сайёҳатлар доимий равишда ташкил этилиб келинмоқда. 2019 йилда 1000 нафардан ортиқ ёшлар Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хоразм вилоятларининг диққатга сазовор жойларига саёҳатга бориб келдилар.

«Касаба уюшмалари – болаларга» акцияси доирасида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида «Меҳрибонлик» болалар уйлари тарбияланувчилари, мактаб ўқувчилари, эҳтиёжманд оила фарзандларидан 2500 киши вилоятдаги истрохат боғлари, музей ва хайвонот боғларига саёҳатлар ташкиллаштирилди. Шу билан бирга болалар уйи тарбияланувчи болаларига касаба уюшмаси томонидан компьютер жамламаси ва 2,0 млн. сўмлик футболкалар тарқатилди.

Ҳурматли конференция иштирокчилари!

Бирлашма томонидан воҳа меҳнаткашларининг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини химоя қилиш борасида қонунийлик ва адолатни таъминлаш мақсадида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди.

Ҳисобот даврида мамлакатимизда мажбурий меҳнатга, болалар меҳнатининг оғир шаклларига барҳам бериш бўйича ҳам касаба уюшмалари ва давлат органлари ҳамкорликда жуда кўп ишлар амалга оширилди. Илгари бюджет ташкилотлари, айниқса, таълим муассасалари ўқитувчи ва ўқувчилари, талабалар ғўза парвариши (ягона, чопиқ), пахта териш, кўча супириш каби фаолиятга хос бўлмаган ишлар билан шуғулланиб асосий фаолияти эътибордан четда қолиб келаётган эди. Касаба уюшмалари, алоқадор давлат ташкилотлари, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда бу каби ишларга чек қўйилишига эришганлиги, меҳнаткашларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда катта ютуқ бўлди десам, адашмаган бўламан. Мана шу каби саъи-ҳаракатларимиз натижасида бугунги кунда бюджет ташкилотлари ходимлари, хусусан, таълим муассасалари ўқитувчилари ёшларга таълим бериш фаолияти билан, талаба ва ўқувчилар эса билим олиш, муносиб касб эгаллаш билан шуғулланишларига тўлиқ шарт-шароитлар яратилди десак, муболаға бўлмайди.

Юртбошимиз таъкидлаганларидек, эндиликда ҳар бир мактаб директорлари фаолиятига мазкур мактабдан битирувчиларнинг қанчаси олий ўқув юртларига кираётганлиги бўйича баҳо бериш мақсадга мувофиқ бўлади. Шунга мувофиқ уларни рағбатлантириб бориш чоралари кўрилади.

Бугунги кунда мактаб, олий ўқув юртида сифатли дарс бера оладиган талабчан ва ташаббускор педагоглар дарс бериши керак. Ана шунда ўқувчи, талабалар дарсларни чинаккамига ўқиш ва ўзлаштиришга мажбур бўлади, баҳонага ўрин қолмайди. Пировардида эса юксак билим салоҳиятга эга бўлган  сифатли кадрлар етишиб чиқишига мамлакатимизни ривожланган давлатлар сафига қўшилишига замин яратилади.

Ҳурматли делегатлар!

Республика Бош келишуви асосида вилоят ҳокимлиги, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ва Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ўртасида 2016-2019 ҳамда 2020-2022 йилларга мўлжаллаб Минтақавий келишуви тузилган.

Пировардида, барча тармоқ келишувлари, жамоа шартномалари қайта кўриб чиқилиб, уларда илгари бўлмаган бутунлай янги йўналишлар: аёллар ва ёшлар мафаатларини ҳимоя қилишга оид қўшимча имтиёзлар, ратификация қилинган Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Конвенциялари бажарилишини таъминлашга қаратилган вазифалар, бошланғич ташкилотлар раисларини корхона, ташкилот, муассасаларнинг қарорлар қабул қилувчи бошқарув органлари, комиссиялари таркибига киритилиши масалалари ўз ифодасини топди.

Жамоа шартномаларининг ижтимоий йўналтирилган таркибий қисми кучайтирилиши натижасида, уларда кўзда тутилган тадбирларни бажариш учун ўрта ҳисобда бир ходимга сарфланган маблағ миқдори ўтган беш йил давомида 4 бараварга ошиб, ҳар бир ходимга 2 миллион 468 минг 700 сўмга етди.

Ҳисобот даврида ижтимоий йўналтирилган йил дастурлари доирасида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 100 минг 679 нафар ходимлар ва оилаларга 5 млрд. 352 млн. 800 минг сўмлик ижтимоий кўмак чоралари қўлланилди.

Энг асосийси, жамоа келишувлари ва шартномаларини тузиш бўйича музокараларни олиб бориш, уларнинг бажарилиши бўйича муҳокамаларни ўтказиш тартибга солиниб, унга қатъий амал қилиниши йўлга қўйилди.

Жамоа шартномалари бажарилишини муҳокама қилишда меҳнаткашларнинг фаоллиги кескин ошди ва буни  «Жарқўрғоннефт», «Сурхонпармалашишлари», «Сурхондарё электр тармоқлари», «Шўрчидонмаҳсулотлари» акциядорлик жамиятлари, «Термиз халқаро аэропорти» Давлат унитар корхоналари каби кўплаб корхоналар мисолида кўриш мумкин.

Жамоа шартномалари бажарилишини таҳлил этиш жараёнида меҳнаткашлар томонидан кўтарилган муаммолар хусусида бевосита фикр алмашиш мақсадида ҳар йили ҳокимлик, бошқарма, идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари иштирокида «Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар» мавзусида Давра суҳбатлари ўтказиб келинмоқда. Шу мавзудаги Давра суҳбатларини нафақат вилоят миқёсида, балки шаҳар, туманлар миқёсида ҳам ўтказиш йўлга қўйилди. Аҳамиятлиси, мазкур давра суҳбатларида кўтарилган долзарб муаммоларнинг кўпчилиги жойида ўз ечимини топмоқда.

Шу билан бирга, касаба уюшма ташкилотлари тузилган Давлат мулки, хусусий корхоналар, масъулияти чекланган жамиятлар ва мулкчилик шаклининг бошқа турларининг 2 фоизида жамоа шартномалари қабул қилинмаганлиги сабабли, уларда меҳнат қилаётган ходимлар ижтимоий муҳофазадан четда қолмоқдалар.

Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари, Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси каби тармоқларда тармоқ келишувлари ва жамоа шартномалари таъсирчанлигини ошириш, уларнинг қатъий бажарилиши устидан доимий назорат олиб бориш ишлари талаб даражасидан паст, жамоа шартномаларини 5 йил муддатга қабул қилиб, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритмаслик, бажарилишининг йил якунларини кўриб чиқмаслик ҳоллари ҳам оз бўлсада, учрамоқда.

Касаба уюшмалари шаҳар, туман кенгашлари бир ой муддатда бу борадаги камчиликларни бартараф этишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиб, амалга оширишларини ҳаётнинг ўзи тоқазо этмоқда.

Бунда асосий эътиборни аввало нодавлат сектори корхоналарини касаба уюшмалари хизматига олиниши, касаба уюшма ташкилотлари тузилган давлат мулки, хусусий корхоналар, масъулияти чекланган жамиятлар ва бошқа мулкчилик шаклидаги корхоналарда жамоа шартномалари қабул қилиниши, барча қабул қилинган жамоа шартномаларининг бажарилишини ҳар 6 ойда кўриб чиқиш, муҳокамасини ташкил этиш юзасидан аниқ ва таъсирчан механизмлар кўзда тутилишига қаратишимиз мақсадга мувофиқ. Айниқса, Президент Фармонига мувофиқ 2025 йилгача норасмий секторда банд бўлган ходимларни 50 фоизини расмий секторга ўтказиб олиниши касаба уюшмалари олдида турган долзарб вазифа бўлиб қолади.

Ҳисобот даврида «Бандлик» дастурига биноан янги иш ўринлари яратилиши, жумладан ёшлар учун яратилаётган янги иш ўринлари ҳаққонийлигини мониторинг қилиш тизими ишлаб, ўтган давр мобайнида жами 9838 та корхона ва ташкилотларда     69 минг 681 та янги иш ўринлари ҳақиқатда яратилгани ўрганиб чиқилди.

Қабул қилинган дастурга биноан янги иш ўринларини яратиш режаси тўлиқ бажарилмаган ҳар бир ҳолат бўйича Бандлик бош бошқармаси, жойлардаги меҳнат бўлимлари билан биргаликда тегишли хўжалик раҳбарларига сусткашликни бартараф этиш бўйича 64 та ҳолатлар аниқланиб, 20 тадан ортиқ тақдимномалар киритилди.

Бу йўналишдаги келгусидаги вазифамиз мониторинг натижаларини мантиқий якунига етказиш, яратилмаган иш ўринлари юзасидан киритилган тақдимномалар бажарилиши устидан таъсирчан назорат тизимини ишлаб чиқиш маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда янада кўпроқ янги иш ўринлари яратиш тажрибасини амалиётга жорий этишдан иборат бўлиши зарур.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ижтимоий-адолатли тизими жорий этилишига кўмаклашиш, иш ҳақи ўз вақтида ва тўлиқ тўланишини таъминлаш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, жойларда энг кам иш ҳақи стандартларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назорати олиб борилмоқда.

Ўтган давр мобайнида вилоятда иш ҳақидан муддати ўтган қарздорликни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва барча даражадаги касаба уюшмаси органлари томонидан Вазирлар Маҳкамасига, иш берувчиларга, банкларга, ҳокимият органларига, меҳнат ҳуқуқ инспекцияларига, прокуратура ва суд органларига 53 та мурожаатлар қилинди.

Ҳисобот даврида касаба уюшма органларининг сайъ-ҳаракатлари билан «Шарғункўмир», «Сурхондарё худудий электр тармоклари» акциядорлик жамиятлари, вилоят машина-трактор парки, вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси ва бошқа ташкилот, корхоналаридан 3677,8 млн. сўм иш ҳақидан муддати ўтган қарздорлик  ундирилди.

Бинобарин, ходимларга иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши оила фаровонлигини таъминлашнинг асосий омили эканлигини ёддан чиқармаслигимиз керак. Бу масалада касаба уюшмалари учун қонунларда берилган ваколатлардан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, тизимда амалда бўлган меъёрий ҳужжатларда белгиланган тартибга қатъий риоя этиш талаб қилинади.

Шу билан бирга, айрим тармоқларда энг кам иш ҳақи стандартларига риоя этилмасдан ходимларга Ягона тариф сеткасининг 1-разряди ставкасидан (679330 сўм) кам миқдорда ҳақ тўлаш ҳоллари учрамоқда. Бундай аҳволни айниқса, фермер хўжаликлари, кичик бизнес субъектлари, йўловчи ташиш автокорхоналари ва айрим бюджет ташкилотларида кузатиш мумкин.

Энг кам меҳнат ҳақи стандартлари (1-разряд)га риоя этилиши устидан жамоатчилик мониторингини юритиш бўйича касаба уюшма фаоллари томонидан ҳисобот даврида жами 1264 та корхоналарда жамоатчилик мониторинглари амалга оширилган.

Шундан, 1-разряддан кам тўланаётган 279 та корхона ва ташкилотларда энг кам меҳнат ҳақи Ягона тариф сеткасининг биринчи разряди ставкасидан кам бўлмаслиги, маошлар тўланиш бўйича иш берувчиларга хатлар билан мурожаатлар қилиниб, камчиликлар бартараф этилган. Мазкур масала келгусида ҳам долзарблигича қолади, деб ҳисоблайман.

Ҳурматли конференция делагатлари!

Юқори техника ва технологиялар ҳаётга кенг кириб келаётган бугунги кунда ходимларнинг иш жойлари хавфсизлигига бўлган талаби ортиб бормоқда. Содда қилиб айтганда, ҳар бир меҳнаткаш ишга соғ-омон келиб, ишдан сўнг оиласи бағрига соғ-омон қайтишни ҳоҳлайди.

Шуни эътиборга олган ҳолда, ўтган давр мобайнида жамоа шартномаларига меҳнат муҳофазаси бўйича 375 мингдан ортиқ тадбирлар киритилиб, уларнинг 371 мингдан ортиғи ёки  98,9 фоизи бажарилди. Меҳнатни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга ошириш учун сарфланган маблағ миқдари 41069,4 млн. сўмни ташкил этди.

Ўтган давр мобайнида 768 тадан ортиқ корхона, ташкилотларда меҳнат муҳофазаси қоида ва меъёрларига риоя этилиши ҳолати ўрганилиб, 4542 та қоидабузарликлар аниқланди, касаба уюшмаларининг талаби билан уларнинг 4520 таси бартараф этилди.

Қуйи ташкилотлар учун тавсия тариқасида берилаётган жамоа шартномалари макетларида бюджет ташкилотлари ва ишлаб чиқариш корхоналарида меҳнатни муҳофаза қилишга қўйиладиган талабнинг ўзига хос хусусиятлари инобатга олина бошланди.

Лекин, «рақамлар ўжар нарса» деган гап бор ва улардан кўз юмиб бўлмайди. Ҳисобот даврида ишлаб чиқаришда 78 та бахтсиз ҳодиса юз бериб, уларда 36 нафар ходим ҳалок бўлган, 42 тасининг оқибати эса ходимларнинг оғир тан жароҳати олиш билан тугаган.

Ҳисобот даврида ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ходисага учраб ногирон бўлиб қолган ва оламдан ўтганларнинг оила аъзолари томонидан 107 та мурожаат тушган бўлиб, уларнинг барчаси ижобий ҳал этилган ва 805,3 млн. сўм товон пули иш берувчилардан ундириб берилди.

Мазкур масала юзасидан 17 та иш берувчига нисбатан Судга даъво аризалари киритилиб 323,2 млн. сўм товон пуллари ундиришга эришилди.

Мен авваллари ҳам айтганман ва яна таъкидлашга мажбурман. Агар биз бахтсиз ҳодисаларни фақат қайд этиш билан чекланмасдан, уларинг олдини олиш профилактикаси юзасидан иш берувчиларга қатъий талабларни қўйганимизда, таклифларни киритганимизда, бу бахтсиз ҳодисалар сони кам, балки бўлмаслиги мумкин эди. Бу масалада касаба уюшмалари тўғрисидаги янги қонун, янгидан ташкил этилган меҳнат инспекцияларидан самарали фойдаланишимиз керак!

Ўтган давр мобайнида турли вазирлик, идора, ташкилотар томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қоидалар, махсус кийим-бош, пойабзал ва бошқа шахсий ҳимоя воситаларини бепул беришнинг тармоқ намунавий нормалари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан белгилаб қўйилди. Лекин, бизнинг мутахассисларимиз бу қоида ва меъёрларга риоя этилишини етарли даражада назорат қилаяпти деб айта олмаймиз.

Бундан ташқари, вилоятимиз корхоналарида учрайдиган касб каслликларининг олдини олиш учун ушбу ҳолатнинг сабабларини ўрганиш, бу борада бошқа ташкилотларнинг мутасадди мутахассисларини жалб этишни ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда.

Вилоят бирлашмаси меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолатини яхшилаш ва ходимларга муносиб меҳнат шароитлари яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашига тақдим этиши, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация Кенгаши бу масала юзасидан ҳаракатлар Дастури лойиҳасини ишлаб чиқиши ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиши мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Ҳурматли делегатлар!

Шуни ҳам айтиш керакки, марказлаштирилган молиялаштиришни жорий этилиши тизимни такомиллаштирилиши натижасида йўлланмаларга иқтисод қилинган маблағларни аниқ мақсадга йўналтириш, улар ҳисобидан касаба уюшмалари тизимидаги санаторийлар, болалар соғломлаштириш оромгоҳларида замон талабларига жавоб берадиган шароитларни яратиш имконини бермоқда.

Ходимларнинг санаторийларда дам олиш ва даволаниш учун замон талабига жавоб берадиган шароитларнинг яратилиши натижасида, талаб йилдан-йилга ошиб бормоқда. Ҳисобот даврида санаторийларда ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан 4973 нафардан зиёд меҳнаткашлар дам олдилар ва ўз саломатликларини тикладилар. Шундан, 496 нафари бепул соғломлаштирилди.

Меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш ҳақида сўз юритар эканмиз, болаларни ёзги мавсумда дам олишларини ташкил этиш тизими тубдан қайта кўриб чиқилганлигини қайд этиш лозим.

Касаба уюшмаларининг ташаббуси билан «Республика болалар соғломлаштириш оромгоҳларида болаларни дам олдириш ва соғломлаштиришни ташкил этиш Концепцияси»нинг қабул қилиниши болаларни ёзги мавсумда дам олдириш тизимини ислоҳ қилишда муҳим қадам бўлди.

Ўтган ҳисобот даврида оромгоҳларнинг 65-70 фоизи мослаштирилган биноларда жойлашган, айримларида болалар учун ҳатто элементар шароитлар ҳам етишмаган бўлса, 2015 йилдан бошлаб бу аҳвол тубдан ижобий томонга ўзгариб бормоқда.

Юқорида таъкидланганидек, касаба уюшмаларининг тасарруфида 3 та оромгоҳ қурилди, реконструкция қилинди ва капитал таъмирланди. Касаба уюшмалари ташаббуси билан вилоятдаги кўпгина бошқа оромгоҳларда ҳам («Нефтчи», «Вандоб олтин булоғи», Қулниёзов номли) реконструкция, капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Вилоятда 2015-2020 йилларда 100457 нафар болалар  ёзги дам олиш оромгоҳларида соғломлаштирилди, касаба уюшмалари маблағлари ҳисобига 26337 нафар кўп болали ва кам таъминланган оилаларнинг, ногиронларнинг фарзандлари, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари бепул ва имтиёзли йўлланмалар билан таъминланди.

Шу билан бирга, амалга оширилган бу ишларни дастлабки қадамлар сифатида қабул қилиш, бу йўналишдаги ишларни тизимли равишда давом эттириш зарур. Бу борада, ҳали ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар кўп.

Навбатдаги конференциягача касаба уюшмалари балансидаги барча оромгоҳларни бошқа оромгоҳлар учун ҳар томонлама намуна бўладиган даражага етказиш бу йўналишда бизнинг асосий вазифамиз бўлиши керак.

Ҳурматли конференция делегатлари!

 Ҳисобот даврида маданий-маърифий ишларга, бу вазифани амалга оширишнинг янги шакллари, услубларидан фойдаланиш, асосийси уларнинг сифати ва самарасини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Жумладан, корхона, ташкилотларда «Маънавият соатлари»ни ўтказиш жорий қилиниб, унинг асосий мақсади давлатимиз томонидан олиб борилаётган барча соҳадаги ислоҳотлар, мустақиллик йилларида эришилган ютуқлардан фахрланиш туйғуларини меҳнаткашлар онгига етказиш этиб белгиланди. Натижада ҳисобот даврида 12747 та бошланғич ташкилотларда ўтказилган «Маънавият соатлари»да 1,3 млн. нафардан ортиқ ишчи-ходимлар иштирок этди.

Меҳнаткашлар ўртасида маданий-маърифий ишларни ривожлантириш мақсадида касаба уюшмаси «Нуроний» жамғармаси, Маҳалла, Ёшлар иттифоқи, вилоят Маънавият тарғибот маркази, вилоят Байналмилал Маданият маркази, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш уюшмалари билан яқиндан ҳамкорликда  «Хотира – абадий, жасорат – мангу», «Касаба уюшмалари – фахрийларга», «Касаба уюшмалари – болаларга», «Тозалик, озодалик – саломатлик гарови», «Касаба уюшмалари – коронавирусга қарши» каби акциялар тизимли равишда ўтказилиши йўлга қўйилди.

Мазкур акциялар доирасида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронлари, меҳнат фахрийлари, «Саховат», «Мурувват», «Меҳрибонлик» уйлари, аҳолининг ижтмоий ҳимояга муҳтож бўлган қатламлари, эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларига касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан  1523,1 млн. сўмлик турли кўринишдаги ижтимоий кўмак кўрсатилди.

Маданий-маърифий ишларнинг бир йўналиши сифатида касаба уюшмалари тизимида туризмни ривожлантиришга эътибор кучайганлигини таъкидлаш лозим.

Илгари бу масалани ҳар бир ташкилот ўзича ҳал қилаётган бўлса, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши қошида 2013 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб «Касаба сайр» шўъба корхонасининг фаолият бошлаши бу ишларни тизимли равишда ташкил этиш имкониятини, бошланғич ташкилотларга бу борада қатор қулайликларни яратди. Шунингдек, вилоятларда ҳам унинг корхоналари ташкил этилди. Вилоятдаги «Зодиак касаба сайр» корхонаси томонидан республиканинг тарихий шаҳарларига саёҳатлари ташкил этилди.

Шу билан бирга, «Касаба сайр» ва унинг ҳудудларидаги корхоналари мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланиш, ички туризм билан бир қаторда ташқи туризмни ҳам ривожлантириш тўғрисида ўйлаши, фаолият юритаётган маҳаллий туристик компаниялар билан тенг рақобат қила олишни йўлга қўйиши лозим.

2015-2020 йилларда 44148 нафар касаба уюшма аъзоларининг республика ва вилоятнинг тарихий жойларига саёҳатлари уюштирилди.

Коронавирусга қарши карантин қоидалари юмшатилиши билан бу масалага жиддий эътибор қаратишимизни ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда.

Ҳурматли конференция делегатлари!

 Одамлар қачон касаба уюшмаларидан рози бўладилар, қачонки ундан манфаат кўрсалар. Бу манфаат маблағ маъносида эмас, балки уларнинг ижтимоий, иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кўзда тутаяпти.

Бу ишларни амалга ошириш учун эса касаба уюшмалари ихчам ва ишчан тузилмага, қолаверса етарли молиявий маблағларга эга бўлишлари, бошланғич ташкилотлар учун енгиллик ва қулай иш шароитлари яратилиши талаб қилинади.

Ҳисобот даврида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг касаба уюшма аъзолик бадалидан даромад қисми 122,5 млрд. сўмни ташкил этган бўлса, харажатлар 121,2 млрд. сўм бўлган.

2015-2020 йилларда 12605 нафардан ортиқ меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларига касаба уюшма бюжети ҳисобидан санаторий, дам олиш уйларига имтиёзли йўлланмалар берилди.

Бундан кейин аъзолик бадалларини тўлиқ туширишга жиддий эътибор беришимиз, йўлланмалар, моддий ёрдамларни адолатли тақсимотини ташкил этиш устида Ўзимизга талабчанликни оширган ҳолда ишлашимиз керак бўлади.

 Ҳурматли делегатлар!

 Меҳнат соҳасида ижтимоий шериклик, ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий-меҳнат муносабатларининг бошқа жиҳатларини тартибга солувчи янги қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда фаол иштирок этиш касаба уюшмалари фаолиятининг асосий йўналишларидан ҳисобланади.

Ҳисобот даврида конунчиликда касаба уюшмаларининг меҳнатга ва ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид қонун ҳужжатлари ишлаб чиқишда қатнашиш соҳасидаги ҳуқуқидан самарали фойдаланиш чоралари кўрилди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ҳисобот даврида фуқаролардан турли тармоқлар ва ҳудудлардан вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасига тушган 5054 та мурожаатлар белгиланган тартибда кўриб чиқилди.

Мурожаатларни кўриб чиқиш самарадорлигини ошириш, меҳнаткашларнинг касаба уюшмаларига тўғридан-тўғри боғланишига имкон яратиш, доимий ва сифатли ҳуқуқий ёрдам кўрсатилишини кафолатлаш мақсадида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида махсус «Ишонч телефони» хизмати жорий этилган бўлиб ва унга 1082 та мурожаатлар келиб тушди.

Эътиборлиси, меҳнаткашларнинг ҳуқуқий билимлари даражасини ошириш, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш соҳасида олиб борилган ишлар натижасида мурожаатларнинг мазмуни ҳам ўзгариб бормоқда. Илгари мурожаатларнинг аксарият кўпчилигини моддий ёрдам кўрсатиш, йўлланма ажратиш масалалари ташкил этган бўлса, ҳозирга келиб уларнинг аксарият қисми меҳнат қонунчилиги талабларига тушунтириш бериш, иш берувчининг ноқонуний ҳаракатларидан норозилик, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ундириш билан боғлиқ мурожаатларни ташкил этмоқда.

Аксарият ҳолларда, касаба уюшмалари томонидан ходимлар ҳуқуқини тиклашнинг амалий чоралари тобора кенг қўлланилиб, ўтган давр мобайнида касаба уюшмаси аъзоларининг ишга тиклаш, иш ҳақи ва унга тепглаштирилган тўловларни ундиришга оид важлари юзасидан судларга 49 та даъво аризалари киритилиб, 35 таси қаноатлантирилган ва 1 таси низо бартараф этилганлиги сабабли иш юритувидан тугатилган, 10  таси келишув билан тугатилган, қолган 3 та даъво юзасидан суд муҳокамаси давом этмоқда.

Шаҳар ва туманларда, тармоқ йўналишида касаба уюшмалари аъзоларининг ҳуқуқий онгини юксалтириш мақсадида ўқув-семинарлар ташкил этилди.

Қувонарлиси шуки, аксарият ҳолларда касаба уюшмалари томонидан ўрганилган аризалар натижаси мурожаатчиларни хурсанд этмоқда. Масалан, куни-кеча бир мурожжатчи қуйидаги раҳматномани юборган:

«Ҳурматли Абдукарим Аюдурахмонович! Кеча почтадан хат олиб келишди. Ўқиб роса хурсанд бўлдим. Сиздан ва Сиз бошлиқ жамоангиздан, Э.Худаяровдан миннатдорман! Менинг юзим ёруғ бўлиши учун, ҳамма кечганда ҳам Сизлар – касаба уюшмалари ёнимда туриб, мендан кечмаганингиздан кўнглим тоғ қадар кўтарилиб, хурсанд бўлдим. Борларингга шукр, Ҳурмат ила Ҳакимова Озода Амонуллаевна.» (7.08.2020 йил).

Шу билан бирга, ҳуқуқий йўналишда олиб борилаётган ишларимиздан қониқиш ҳосил қилишга ҳали эрта эканлигини ҳам қайд этиш лозим.

Касаба уюшмалари томонидан ходимларнинг мурожаатлари бўйича уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тиклашда ижобий натижаларга эришилаётган бўлсада, мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари ва шаклларини бузиш, ваколат доирасига кирмайдиган мурожаатларни кўриб чиқиш ҳолатлари бор эканлиги рад этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир.

Ходимнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашнинг амалий чоралари кўрилмаганлиги, қонунчиликда белгиланган тартибда иш берувчига тақдимнома ёки судга даъво аризалари киритишда сансалорликка йўл қўйилиб, аксинча, муаллифларга судга даъво киритиш ҳуқуқлари тушунтириш билан чекланиш ҳолатларига барҳам берилмаган. Натижада вилоятимиздан кўплаб касаба уюшма аъзолари юқорига, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашига мурожаат қилмоқдалар.

Низоларни судгача ҳал этиш механизмини кенгроқ жорий этиш керак, корхоналарда меҳнат низолари комиссиялари фаолияти жорий этилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан фуқароларнинг электрон мурожаатлари билан ишлаш фаолиятини жонлантириш ва веб-сайтлар орқали интерактив хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш лозим.

Касаба уюшмалари туман, шаҳар кенгашларининг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш борасидаги фаолиятини жонлантиришга қаратилган комплекс-чора тадбирларни амалга оширишимиз зарур. Айниқса яқинлашиб келаётган пахта йиғим-терими даврида юридик клиника “ишонч телефони”га келиб тушадиган ҳар қандай мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати кўринишларига кескин чоралар кўришимиз керак! Бу масала вилоятимизда барҳам топиши лозим!

 Ҳурматли конференция иштирокчилари!

Бошланғич ташкилотларга амалий ёрдам кўрсатишнинг аниқ тизими жорий этилиши, ўтган беш йил давомида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан 2000 дан ортиқ бошланғич ташкилотлар фаолияти билан танишиш, муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш имкониятини яратди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси»ни амалга оширишда кўмаклашиш Дастури ижросини таъминлаш борасида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан кенг кўламли ишлар олиб борилди.

Касаба уюшмалари тизимида фаолият олиб бораётган бошланғич ташкилотлар раисларининг 98 фоизи жамоатчилик асосида ишлаётганликларини эътиборга олиб, уларнинг меҳнатини муносиб тақдирлаш, ижтимоий имтиёзлар кўламини кенгайтиришга қаратилган аниқ мақсадли ишлар амалга оширилди.

2015 йилдан бошлаб 1950 дан ортиқ касаба уюшмалари фаоллари ташкил этилган 28 дан ортиқ ўқув-семинарларда ўқитилди.

Шу билан бирга, бу йўналишдаги ишларимизни тубдан кучайтиришни хаётнинг ўзи тақозо қилмоқда.

Кабинетда ўтириб, қуйи ташкилотлардан ҳисоботлар талаб қилиш амалиётидан воз кечишимиз, бошланғич ташкилотларга амалий ёрдам «хўжакўрсинга» эмас, ҳақиқатда самарали бўлишини таъминлашимиз керак.

Хабарингиз бор, янги ташкил этилаётган кичик бизнес субъектлари сони йил сайин ошиб бораётганлиги, фақатгина ўтган йилнинг ўзида вилоятда 10 мингдан зиёд кичик бизнес субъектлари иш бошлаганлигини алоҳида қайд этмоқ керак.

Ҳисобот даврида нодавлат сектори корхоналарини касаба уюшмаларига жалб этишда кучайиш тенденцияси кузатилаётган, янги касаба уюшмаси ташкилотлари тузилган нодавлат сектори корхоналари сони аввалги 5 йилга нисбатан 4,5 баробарга ошиб, 8589 тани ташкил этган ва уларда меҳнат қилаётган қарийб 61050 нафар ходимларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланган бўлсада, хотиржамликка берилишга асос йўқ.

2019 йилда ташкил этилган кичик бизнес субъектларининг атиги 37 фоизинигина касаба уюшмаларига жалб эта олдик халос. Уларда жамоа шартномаларини тузиш янада оқсаяпти. Фаолият юритаётган хусусий йўловчи ташиш уюшмаларининг қарийб 70 фоизида касаба уюшма ташкилотлари тузилмаган. Оилавий корхоналарда касаба уюшма ташкилотларини тузиш ва фаолиятини ташкил этиш юзасидан аниқ тизим ишлаб чиқиш ишлари охирига етказилмаган.

Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари, Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмалари шаҳар, туман кенгашлари ҳамда ҳудудий бирлашма бир ой муддатда ушбу йўналишдаги ишларни танқидий жиҳатдан таҳлил этиб, чора-тадбирларни белгилаб олиши, ушбу йўналишда ҳудудий келишувга киритилган мажбуриятларга асосланган ҳолда маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда мазкур масалага жиддий эътиборини қаратиши талаб қилинади. Бу жиддий масалада Ўзбекистон Республикасининг «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги янги Қонунидан янада самарали фойдаланишимиз талаб этилади. Биз бутун фаолиятимизни янги қонунга мувофиқ ташкил этмоғимиз ниҳоятда зарурдир!

Ҳурматли конференция иштирокчилари!

Маълумки, биз касаба уюшмалари тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича ўз олдимизга катта вазифаларни қўйганмиз. Уларни амалга оширишда ҳисобот йилида кўп ишлар амалга оширилди.

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси аппарати, шаҳар, туман тармоқ касаба уюшма кенгашлари ходимлари замонавий компьютер ҳамда ташкилий техникалар билан таъминланди, компьютерларни локал, корпоратив, интернет тармоқларига ҳамда Федерация Кенгашининг марказий серверига улаш имкониятлари яратилди.

Идоралараро ўзаро электрон ҳужжат алмашиш kasaba.uz доменида яратилган корпоратив электрон почта ҳамда E-ХАТ ҳимояланган электрон почта тизими орқали амалга ошириш йўлга қўйилди. Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши интернет тармоғидаги «Электрон хукумат» тизими доирасида яратилган Ягона интерактив давлат хизматлари порталида фуқаролар мурожаати ҳамда бўш иш ўринлари бўйича интерактив хизматлар кўрсатиб келинмоқда.

Мана бугун конференциямиз ҳам видеоконференция алоқаси орқали ўтказилмоқда. Бунга керакли техникалар харид қилиш учун 75,0 млн. сўм касаба уюшма маблағи сарфланди.

Айни вақтда буларнинг барчаси замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш бўйича келгуси йилларда амалга оширишимиз зарур бўлган кенг кўламли чора-тадбирлар тизимидаги дастлабки қадамлар бўлиб, бу ишларни изчил давом эттиришимиз лозим.

Ижро интизомини кучайтириш мақсадида «Ижро назорати» ахборот тизимини жорий этиш, барча ходимларни  корпоратив электрон почта билан таъминлаш, тизимдаги ходимларининг ахборот технологиялар бўйича билим савияси ва касб кўникмаларини ошириш бўйича иш олиб бориш бизнинг бу йўналишда дастлабки ишларимизнинг бошланиши десам хато бўлмайди.

Ўтган давр мобайнида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг веб-сайти ҳам ҳар томонлама янгиланиб борди. Унга 1707 тадан ортиқ вилоятимиз касаба уюшмалари ҳаётидан хабарлар, янгиликлар, маълумотлар ва ахборотлар жойлаштирилди.

Жамоатчилик билан алоқаларни янада кучайтириш, аҳолини касаба уюшмалари фаолиятидан хабардор этиш, шунингдек, касаба уюшмаларининг оммавий ахборот воситаларида чиқишлари ҳам муҳим ишларимиздан бири ҳисобланади.

Шу ўринда айрим рақамларни келтираман:

Эътиборлиси, ҳисобот даврида касаба уюшмалари фаолияти телевидениеда 71 марта, радиода 28 марта, 12 та телелавҳалар намойиш этилиб, радиоканаллар орқали 25 марта хабар ва эшиттиришлар, тўғридан-тўғри мулоқотлар эфирга берилди.

Гарчи, марказий, вилоят ва маҳаллий газеталар саҳифаларида касаба уюшмалари фаолиятини ёритувчи 200 дан ортиқ таҳлилий мақола ва хабарлар, суҳбат ва лавҳалар чоп этилган бўлсада, бу йўналишдаги ишлармизни янада кучайтириш, аъзо ташкилотларнинг веб-сайтлари сифатини тубдан қайта кўриб чиқиш, уларда интерактив хизматлар кўламини кенгайтиришга қаратилган аниқ чораларни кўриш зарур.

 Ҳурматли конференция иштирокчилари!

Мен касаба уюшмалари тизимида 2015-2020 йилларда амалга оширилган ишларнинг асосийлари хусусида тўхталиб ўтдим. Тизимда ўтган йиллар давомида жуда кўп ишлар амалга оширилди, сизларга тарқатилган ахборотда бу ҳақда ҳар йил бўйича таққосланган ҳолда батафсил маълумот берилган.

Агар амалга оширган ишларимизни аввалги давр билан таққосласак, уларнинг салмоғини янада яққолроқ кўриш мумкин.

Лекин олдинда қиладиган ишлармиз ҳали жуда кўп.

Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, эскича бошқариш қолиплари ва усулларидан қутула олмаётган раҳбарлардан қатъий воз кечиш, касаба уюшмалари ташкилотларини бошқаришда замонавий фикрлайдиган, пухта тайёргарликка эга бўлган, элим деб, юртим деб ёниб яшайдиган ташаббускор кадрларга таянишимиз лозим.

Ҳурматли делегатлар!

Сўзга чиқиб, маърузани тўлдирасизлар деб умид қиламан.

 Эътиборларингиз учун раҳмат!

 

Print Friendly, PDF & Email