Ҳудудларда “Ёшлар” ва “Аёллар” дафтари шакллантирилмоқда

Термиз шаҳри ҳамда Олтинсой туманида сектор раҳбарлари ҳамда мутасадди идоралар вакилларидан ташкил топган ишчи гуруҳлар томонидан ҳудуддаги ҳар бир хонадондаги ижтимоий-иқтисодий ҳолат бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ўрганишлар жараёнида ёшлар ва аёллар билан бевосита юзма-юз мулоқот қилиниб, уларнинг эҳтиёжлари, қизиқишлари ва муаммолари аниқланмоқда.

Мамлакат Президенти томонидан 2020 йил 8 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича берилган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳри ҳамда Олтинсой туманида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Туманда ижтимоий химояга муҳтож, жамиятда ўз ўрнини топа олмаётган ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни иш билан таъминлаш ҳамда бўш вақтларини мазмунли ўтказилишини таъминлаш мақсадида “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” тизимларини жорий этиш бўйича ҳудудий секторлар кесимида штаблар ташкил этилиб вазифалари белгилаб берилди.

Ишчи гуруҳи томонидан хатлов ўтказиш жараёнида ҳудуддаги ёшлар ва хотин-қизларнинг қобилиятларига ҳамда меҳнат бозоридаги талаб юқори бўлган касбларга қараб уларнинг касб ўрганиши, ишга жойлашиши, ўзини ўзи банд қилиши учун моддий ва ижтимоий томондан кўмаклашиш, ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик қўллаб-қувватлашга ҳамда билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар таркиби аниқланмоқда.

Print Friendly, PDF & Email