Бўри Алламуродов хотирасига бағишлаб ўтказилаётган спортнинг шахмат тури бўйича хотира турнири

Барчангизга маълумки, ҳар йили 9 май – Хотира ва қадрлаш куни мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади. Зеро, инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғ. Ўтганларни, уларнинг хайрли ишларини, жасоратини ёдга олмоқ, эъзозламоқ халқимизга хос эзгу фазилатлардандир.
Ушбу санани кўтаринки руҳда ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 апрелдаги “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5081-сонли қарори қабул қилинди. Айни кунларда республикамизнинг барча ҳудудларида ватан озодлиги йўлида ўз жонини гаровга қўйиб, фашист босқинчиларига қарши мардановор курашган мард ота-боболаримиз, юрт тараққиёти йўлида ўзинида аямай меҳнат қилган фидойи нуроний отахон ва онахонларимиз, шунингдек, ўз хизмат вазифасини ўташ чоғида вафот этган жасур ака-укаларимиз хотирасини ёд этиш, бугунги кунда ҳаётда бўлганларни қадрига етиш, уларни улуғлаш юзасидан жойларда ҳарбий қисмлар ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан маънавий-маърифий учрашувлар, спорт тадбирлар кўтаринки руҳда ташкил этилди.
Хусусан, бу каби тадбирлар Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Сурхондарё вилоят Кенгаши томонидан ҳам жойларда юқори кайфиятда ўтказилиб келинмоқда. Жумладан, ташкилотда тарғибот гуруҳи ташкил этилган ҳолда уруш қатнашчилари, шунингдек, ўз хизмат вазифасини ўташ чоғида вафот этганларнинг хонодонларига ташрифлар уюштирилиб, уларнинг ҳолидан хабар олинмоқда, уй-жойларини таъмирлаш ва ободонлаштириш, озиқ-овқат билан таъминлаш, бир марталик моддий ёрдамлар кўрсатиш ишларида фаол иштирок этиб келмоқда. Шу билан бир қаторда, уларнинг хоҳишига кўра, касаба уюшмалари тассаруфидаги саноторийларда даволаниб, соғликларини тиклаш учун бепул йўлланмалар бериш, республикамизнинг тарихий қадамжолари ҳамда зиёратгоҳларга саёҳатлар уюштириш орқали ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келинмоқда.
Жорий йилнинг 4 май кун Термиз шаҳрида Ўзбекистон Шахмат Федерацияси Сурхондарё вилоят ҳудудий бўлими билан ҳамкорликда жонкуяр, фидойи ҳамюртимиз Бўри Алламурадов хотирасига бағишлаб ташкил этилган шахмат бўйича хотира турнири ана шулар жумласидандир.
Мазкур турнирни ўтказишдан мақсад, ажойиб воҳадошимиз, зукко раҳбар, давлат арбоби Бўри Алламурадович хотирасини яна бир бор ёд этиш, у кишининг ибратли ҳаёти ва фаолияти ҳақида тадбир иштирокчиларига маълумот бериш, инсон қадри улуғ хотира муқаддас деган ғояни ёшлар онгига сингдиришдан иборат бўлди.
Турнирда турли соҳаларда самарали фаолият юритиб, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган нуронийлар Б.Алламуродов билан бирга ишлаган, хозирда ёш авлодга у кишининг бой тажрибаларини айтиб бераётган меҳнат фахрийлари, шунингдек, вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган 100 нафардан ортиқ ҳаваскор шахматчилар иштирок этишди.
Тадбирда дастлаб Бўри Алламурадович ҳаёти ва фаолияти, у киши томонидан халқ манфаати, юрт тараққиёти йўлида амалга оширилган ибратли ишлари хотирланди. Бўри Алламурадов ҳақида у билан бирга ишлаган ҳамкасблари шундай хотирлайди – “Бўри Алламурадович шаҳмат ўйнашни жуда яхши кўрарди, юксак лавозимларда-бошқарув органларида ишлаб юрган пайтларида ҳам вақт топди дегунча шахмат ўйнар эди. У киши шахмат ўйинидан жамоани бошқариш сирларини ўрганган бўлса ажаб эмас. У киши доим “шахмат бу ақл машқи, у ақлни чархлаб, фикрлаш қобилиятини оширади, шахмат доналарининг ҳар бир юриши инсондан чуқур билим, заковат талаб қилади, бу каби иқтидорга хамма ҳам эга бўлавермайди” дердилар.
Қизғин ва муросасиз курашларга бой тарзда ўтган мусобақа якунида ғолиб ва совриндорларга Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Сурхондарё вилоят Кенгашининг I, II, III даражали дипломлари, медаллар ҳамда қимматбаҳо совғалари топширилди.
Шунингдек, тадбирда фаол иштирок этган шахматчилар орасидан “Энг ёши улуғ шахматчи”, “Энг ёш иштирокчи” ҳамда “Энг кучли аёл шахматчи” номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, уларга ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиқ ва эсталик совғалари топширилди.
Бу каби тадбирлар жойларда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг туман, шаҳар тармоқ Кенгашлари томонидан ҳам кенг миқиёсда, кўтаринки рухда ташкил этилиб келинмоқда.
Дархақиқат, ҳалқимизда қадрласанг-қадр топасан деган пурмаъно ибора мавжуд. Шундай экан бугун биздан талаб этилётган биргина нарса, бу ўз вақтида керак бўлса, ширин жонидан, ҳаловатидан воз кечиб, ватан озодлиги, юрт фаровонлиги йўлида мардонавор курашган, тинмай меҳнат қилган фидойи юртдошларимизнинг хотирини ёд этиш, бугун ҳаётда бўлганларини эса қадрлаш ва эъзозлашгинадир. Зеро, хотира абадий, қадр эса муқаддасдир.