Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VIII Қурултойи

11.11.2020. 2020 йилнинг 11 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VIII Қурултойи бўлиб ўтди. Қурултойга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков раислик қилди.

Қурултой ишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва касаба уюшмаларининг ижтимоий ҳамкорлари бўлган кўплаб вазирлик, идораларнинг биринчи раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши раислари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари делегат сифатида қатнашдилар. Шунингдек, Қурултойда турли раҳбар лавозимларда ишлаб, узоқ йиллар ўзининг самарали, ҳалол меҳнати билан давлат ва касаба уюшмалари ривожига улкан ҳисса қўшган касаба уюшма фахрийлари ҳам иштирок этдилар. Видеоконференц алоқа шаклида онлайн тарзда ташкил этилган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси VIII Қурултойига 427 нафар делегат сайланган бўлиб, улар Қурултой ишида Касаба уюшмалари Федерациясидаги Марказий студиядан, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ҳамда Федерациянинг Малака ошириш институтида ташкил этилган ҳудудий студиялардан иштирок этдилар. Анжуман очиқ деб эълон қилингач, Қурултой раёсати ва ишчи органлари таркиби, кун тартиби ва иш тартиби тасдиқлаб олинди.

Қурултойда даставвал Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси VIII Қурултойи иштирокчиларига табриги Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов томонидан ўқиб эшиттирилди.

Мустақил Ўзбекистон тарихида Давлат раҳбари томонидан касаба уюшмалари Қурултойи қатнашчиларига илк маротаба йўлланган мазкур табрикда Ўзбекистон касаба уюшмаларининг мамлакатимиз ижтимоий ҳаётидаги улкан ўрни ва аҳамиятини эътиборга олиб Республикамизда 11 ноябр санасини касаба уюшмалари куни деб белгилаш, шунингдек, соҳа учун замонавий билим ва малакага эга бўлган, ижтимоий муносабатлар назарияси ва амалиётини, бу борадаги халқаро тажрибани пухта биладиган етук кадрларни тайёрлаш мақсадида касаба уюшмалари Академиясини ташкил этиш таклифлари билдирилди.

Қурултой делегатлари Президентимиз табригини жуда катта тарихий воқеа сифатида зўр қувонч ва ҳаяжон билан қарши олдилар.

Шундан сўнг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиковнинг “Янги Ўзбекистон – янги касаба уюшмалари: Федерациянинг 2016-2020 йиллардаги фаолияти ва миллий тараққиётнинг замонавий босқичида касаба уюшмаларининг устувор вазифалари тўғрисида”ги маърузаси Қурултой иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди. Маърузада охирги 4 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида барча соҳаларда бирдек олиб борилаётган туб ислоҳотлар, инсон манфаатларини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ва ташаббуслар замирида халқимиз турмуш даражасини ошириш, инсонларнинг эртага эмас, бугун яхши яшашини ва фаровонлигини таъминлаш каби эзгу  мақсадлар мужассам эканлиги алоҳида таъкидланди. Ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳамда мислсиз бунёдкорликлар натижасида бугун одамларнинг эртанги кунга ишончи ва ҳаётдан розилиги ортиб бораётгани қайд этилди. Мазкур йўналишларда мамлакатимизда эришилаётган ютуқ ва натижалар бугун дунё ҳамжамияти томонидан ҳам кенг эътироф этилаётгани таъкидланди.

– 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаётида унутилмас ва зарҳал ҳарфлар билан ёзиладиган тарихий кун бўлди десам, айнан ҳақиқатни айтган бўламан, – дея таъкидлади Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков ўз маърузасида. – Бугун, Мустақил давлатимиз тарихида илк бор Республика Президенти касаба уюшмалари Қурултойи қатнашчиларига ўз табригини йўллади. Ҳозиргина ҳаммамиз катта мамнуният, кўтаринки руҳ ва зўр қизиқиш билан тинглаган, Юртбошимизнинг самимий ва илиқ, ҳар бир касаба уюшмаси аъзосини Ватан равнақи ва Юрт тараққиёти учун сафарбарликка ундовчи сўзлари барчамизнинг қалбимизда абадий муҳрланиб қолади. 11 ноябрни “Касаба уюшмалари куни” этиб белгилаш таклиф этилгани эса беш ярим миллиондан ортиқ касаба уюшмаси аъзоларининг ҳар бири учун унутилмас воқелик бўлди. Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, Қурултойимиз жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистоннинг Учинчи Ренессанс даврига шахдам ва дадил қадам қўяётганини, “Янги Ўзбекистон” деб  эътироф этаётган ғоят муҳим бир даврда ўтмоқда. Чунки бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас. Бугун халқимизнинг бунёдкорлик руҳи ва яратувчанлик кайфияти, дунёқараши ҳам кечаги кунгидан бутунлай фарқ қилади. Бир сўз билан айтганда, дунёда турли хавф-хатарлар, манфаатлар тўқнашуви кучайиб бораётган ҳозирги таҳликали вазиятда Ўзбекистонда шаклланган Янги тизим – ҳалқимизни бахтли қилиш тизими ўзини тўла оқламоқда.

Ҳисобот маъруза таъкидланганидек, мамлакатимизда олиб борилаётган кучли ижтимоий ҳимоя сиёсати ҳамда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўналишларидаги тизимли саъй-ҳаракатларга ҳамоҳанг равишда  Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ўтган ҳисобот даврида фаолиятнинг устувор йўналишларида тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, ўтган даврда ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЯНГИ КАСАБА УЮШМАЛАРИ шаклланди дейишга тўла асослар бор. Жумладан, ҳисобот даврида касаба уюшмаларининг янги ҳуқуқий асослари жадал ривожланди. 2019 йил 6 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонуннинг имзоланиши касаба уюшмалари ҳаётидаги энг муҳим воқеа бўлди. Бу ҳужжат Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан юксак эътироф этилди. Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси иштирокида Халқаро меҳнат ташкилотининг 4 та Конвенцияси ва 1 та протоколи ратификация қилинди. Ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича 2020-2022 йиллар учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси, Иш берувчилар Конфедерацияси ўртасида Бош келишув имзоланди ва кучга кирди. 2016-2020 йилларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 2000 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасига таклифлар берилди. Жумладан, Касаба уюшмалари Федерациясининг бевосита иштирокида илк бор иш ҳақи учун минтақавий ва тармоқ коэффициентлари, шунингдек, иқлим ва яшаш шароитлари оғир ва ноқулай бўлган ҳудудларда ишлаш учун ходимларга қўшимча таътилнинг минимал давомийлиги тасдиқланди, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат бартараф этилди. Ҳисобот даврида қабул қилинган “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонун асосида касаба уюшма инспекцияларини қайта тиклашга эришилди. Бугунги кунда касаба уюшма инспекциялари жамоатчилик назоратининг самарали воситаси сифатида, ишчилар мурожаатларини ўрганиш ва тезкор кўриб чиқиш юзасидан тизили ишларни амалга оширмоқдалар.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида 14 та ҳудудий келишув, республика миқёсида 107 та тармоқ келишуви, корхона, ташкилот ва муассасаларда 111,5 минг жамоа шартномаси мавжуд. Таъкидлаш ўринлики, 2016-2020 йиллар мобайнида амалдаги тармоқ келишувлари сони 95 тадан 107 тагача ўсди. Тариф келишувларида тармоқ бўйича энг кам ва ўртача иш ҳақи, устамалар, компенсация тарзидаги ва рағбатлантирувчи тўловларнинг турлари ва уларнинг энг кам миқдори, тармоқ тариф сеткалари, йиллик асосий ва қўшимча таътилнинг энг кам муддати каби кўрсаткичлар белгилаб қўйилди. Касаба уюшмаларининг саъй-ҳаракатлари билан келишувларда ижтимоий кафолатлар, соғлиқни муҳофаза қилиш, ходимлар ва  уларнинг оила аъзоларини, шу жумладан, болаларни соғломлаштиришни ташкил этиш масалалари ҳам ўз ифодасини топди. Аксарият тармоқларда уч ёшга тўлмаган фарзанди бор аёллар учун қисқартирилган (бир ҳафтада 36 соатдан ошмайдиган) иш вақти белгиланди. Амалдаги тармоқ келишувларининг 78 тасида қонун ҳужжатларида белгиланганидан ташқари қўшимча таътиллар ўрнатилишига эришилди. Натижада бир қатор тармоқларда келишувлар воситасида асосий узайтирилган таътил муддати 18 иш кунидан 24 иш кунигача узайтирилди. Тармоқ келишувларига ишлаб чиқариш натижалари бўйича рағбатлантириш, фаолиятдаги ютуқлар учун устама ва қўшимча ҳақ, ноқулай иқлим шароитлари учун туман коэффициентларини тўлаш, ҳайдовчиларга классига мувофиқ қўшимча ҳақ тўлаш каби тадбирлар киритилишига жиддий эътибор қаратилди.

Ҳисобот даврида корхона, ташкилот ва муассасалар миқёсидаги ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Жамоа шартномаларини тузган юридик шахслар улуши 2016 йилдаги 95,1 фоиздан 2020 йилга келиб 99,6 фоизгача кўтарилди, Ходимларнинг даромадларини оширишда жамоа шартномалари ролини кучайтириш чоралари кўрилиши натижасида қатор тармоқларда ходимларнинг иш ҳақи оширилган базавий ставкалар бўйича тўланишига эришилди. Бугунги кунда жамоа шартномалари орқали республика бўйича ишлаётган касаба уюшма аъзоларининг 55 фоизи асосий узайтирилган, 51 фоизи эса қўшимча таътиллардан фойдаланмоқда.

Таъкидланганидек, Жамоа шартномаси тадбирларини бажариш учун республика бўйича ўрта ҳисобда бир ходимга йил давомида сарфланган маблағ миқдори 2016 йилдаги    1 млн. 539 минг сўмдан 2019 йил якунига келиб 5 миллион 100 минг сўмга етди. Амалдаги жамоа шартномаларининг 98 фоиздан ортиғига иш берувчи ташаббусига кўра ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишдан аввал касаба уюшма қўмитасининг розилигини, албатта, олиш кераклиги тўғрисида банд киритилди.

Жамоа-шартномавий муносабатлар воситасида юқорироқ ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш мақсадида барча жамоа келишувлари ва шартномаларида меҳнатни муҳофаза қилиш, иш вақти, таътиллар ва бошқа меҳнат шартлари соҳасида аёллар, ёшлар, ногиронлиги бор шахслар, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар, таълим муассасаларида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таҳсил олаётган ходимлар учун қўшимча имтиёзлар белгиланишига эришилди. Жумладан, кўп болали аёлларга ҳамда уч ёшга тўлмаган болани тарбиялаётган аёлларга қисқартирилган иш вақтини ўрнатиш, ҳақ тўланадиган ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари кунини узайтириш, 2 ёшгача бола тарбияси билан банд аёлларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, 18 ёшга тўлмаган ходимларга, шунингдек, ишни таълим билан қўшиб олиб бораётган ходимларга имтиёзлар ўрнатиш, олий ўқув юртларида ўқиш учун контракт пулларини қисман тўлаб бериш, пенсионерларга коммунал хизматларга ҳақ тўлаш учун моддий ёрдам кўрсатиш, уй-жойларини таъмирлаш ва тиббий хизмат кўрсатиш, ногиронларни, Чернобил АЭСдаги фалокатни бартараф этиш иштирокчиларини, байналмилалчи жангчиларни имтиёзли соғломлаштириш каби кўплаб ижтимоий ҳимоя чоралари кўрилди.

Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент ва Хоразм вилоятларида комплекс минтақавий келишувлар тузилишига эришилди. Уларда ҳудуднинг ҳар бир тумани ва шаҳри бўйича аҳолининг муҳтож қатламларини манзилли ҳимоя қилиш, янги иш ўринларини барпо этиш, ижтимоий инфратузилма объектларини ишга тушириш, меҳнаткашлар ва улар оила аъзоларини соғломлаштириш борасида аниқ чоралар белгиланди.

Ҳисобот даврида Касаба уюшмаларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини амалга ошириш, гуманитар муаммоларни ҳал этиш, мамлакат аҳолиси турли қатламларининг ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлашда давлат органлари билан ижтимоий шериклиги янада фаоллашди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, турмуш даражасини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга муосиб ҳисса қўшиш мақсадида бевосита оилалар билан мулоқот асосида уларнинг муаммоларини аниқлаш, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилди. Хусусан, ҳисобот даврида қатор ҳудудларда 2 миллиондан зиёд оиланинг турмуш шароити ўрганилиб, уларнинг 556,5 мингдан зиёд муаммоларининг ҳал этилишига эришилди.  Хотин-қизлар муаммоларига эътиборни кучайтириш, улар бандлиги ва  ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ масалаларни ҳал этиб бориш мақсадида 2020  йилнинг 7  мартидан ишга туширилган      1211 қисқа рақамли “Ишонч телефони”га келиб тушган 50 мингдан ортиқ мурожаатларнинг аксарияти ижобий ҳал этилишига эришилди.

Ҳисобот даврида меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик, қулай меҳнат шароитларини яратиш масаласи бўйича 16 мингга яқин бошланғич ташкилот фаолияти ўрганилиб61 мингдан зиёд камчилик аниқланди, иш берувчиларга салкам 10 мингта яқин  тақдимнома киритилди, уларнинг 92 фоизида йўл қўйилган хато ва камчиликлар бартараф этилди. Ишчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида судларга 132 та даъво аризаси киритилди. Корхона, ташкилот ва муассасаларда иш берувчилар билан тузилган жамоа шартномаларида меҳнат муҳофазаси бўйича қарийб 1 миллион 591 мингта тадбир бажарилишига эришилди. Жами 1 минг  320 та  корхона, ташкилотда     58 минг 128 та  иш ўрни меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги бўйича аттестациядан ўтказилди.

Ҳисобот даврида ишчи-хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари соғлиғини яхшилаш, жамиятда соғлом турмуш маданиятини шакллантириш ва янги ижтимоий объектларни қуриш, моддий-техника негизини мустаҳкамлаш йўналишларида ҳам тизимли ишлар олиб борилди. Хусусан, ҳисобот даврида янги 6 та, “Янгиер”, “Кўҳинур”, “Хўжаи Пок”, “Чинобод Плаза”, “Ибн Сино”, “Термиз Марвариди” санаторийлари қурилди, шунингдек 5 та санаторийда  замонавий қўшимча корпуслар барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Натижада, санаторийлардаги мавжуд ўринлар сони 1 минг 300 тага ортди ва қўшимча равишда ҳар йили 40 минг нафар фуқарони соғломлаштириш имконияти яратилди.

2016-2020 йилларда Федерация тизимидаги санаторий ва дам олиш уйларида      600 мингдан зиёд фуқаролар соғломлаштирилдиулардан 44 фоизи имтиёзли йўлланмалар орқали соғлиғини тиклади.

Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида “Оқ кема”, Жиззах вилоятида “Зомин”, Тошкент вилоятида “Aнор”, Қашқадарё вилоятида “Зиё чашмалари” замонавий болалар оромгоҳлари қурилди ва мавжуд ўринлар сони мингтадан зиёдга оширилди. Натижада, ҳар йили болалар оромгоҳларида 350 минг нафардан ортиқ бола дам олиши таъминланмоқда. Шунингдек, ҳисобот даврида Тошкент вилоятининг энг сўлим оромгоҳларида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг экологик жиҳатдан оғир ҳудудларида яшовчи кам таъминланган оилаларнинг 22 мингдан ортиқ болалари бепул соғломлаштирилди.

2018 йилда Федерация тизимида “Жисмоний тарбия ва спорт-соғломлаштириш ишлари бошқармаси” ҳамда “Республика болалар ва ўсмирлар спорт мактаби”, шунингдек унинг ҳудудий филиаллари фаолияти йўлга қўйилди. Наманганда замонавий “Океан” сув спорти саройи фойдаланишга топширилиб, унинг базасида сузиш бўйича “Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби” ташкил этилди. Қисқа вақт ичида касаба уюшма спортчилари Жаҳон ва Осиё чемпионатларида 26 та олтин, 20 та кумуш ва 17 та бронза медалларини қўлга киритишди ва Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларида қатнашиш учун 7 та лицензияга эга бўлишди.

2016-2020 йилларда тизимда янги ижтимоий объектлар қуриш, реконструкция қилиш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш йўналишларида амалга оширилган ишлар натижасида ходимлар ва улар фарзандларининг сифатли дам олишлари ҳамда спорт билан шуғулланишлари таъминланиши билан бирга қўшимча равишда 3 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.  

Ҳисобот даврида тизимиздаги “Аёллар Кенгаши” ва “Ёшлар бирлашмаси”нинг фаоллиги оширилди. Ижтимоий ҳамкорлик ва жамоатчилик назорати борасидаги фаолият сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Шу билан бирга фаол халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Ушбу ташкилот Бош директори Гай Райдернинг 2018 йил декабрь ойидаги Ўзбекистонга ташрифи чоғида Ўзбекистон касаба уюшма фаоллари билан учрашуви ўтказилди. Учрашув якунида Бош директор томонидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг мамлакат ҳаётидаги ўрни юқори баҳоланди ва Ўзбекистон касаба уюшмаларининг ижтимоий мулоқат соҳасидаги олиб бораётган ишларини Марказий Осиё давлатларидаги касаба уюшмалари марказлари фаолиятида тарғиб этиш тавсияси берилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясининг кузатувчи мақомидаги аъзоси бўлди, шунингдек, Касаба уюшмалари Умумконфедерациясидаги аъзолигини тиклади ва унинг коллегиал органларида Федерация вакилларининг бўлишига эришилди. Бундан ташқари, Белоруссия, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Россия Федерацияси, Тожикистон, Туркманистон, Туркия, Европа, Осиё, Aфрика ва бошқа давлатлардаги миллий касаба уюшма марказлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатилди. Уларнинг аксариятлари билан учрашувлар ўтказилиб, икки томонлама ўзаро манфаатли Келишувлар қабул қилинди.

Қурултойда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Назорат-тафтиш  комиссиясининг 2016-2020 йиллардаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳам тингланди. Ҳар иккала масала юзасидан бўлиб ўтган муҳокамалар жараёнида сўзга чиққан делегатлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятига баҳо бериш билан бирга Назорат-тафтиш комисияси ҳисоботи бўйича ҳам ўз муносабатларини билдирдилар.

Шундан сўнг Қурултой номига қатор Халқаро ташкилотлардан келган, хусусан, Халқаро Меҳнат Ташкилоти Бош директори Гай Райдер, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси Бош котиби Шаран Барроу, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси раиси Сергей Лебедевнинг видеотабриклари эшитилди.

Қизғин давом этган муҳокамалар жараёнида сўзга чиққан делегатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг касаба уюшмалари Қурултойи қатнашчиларига йўллаган табриги, 11 ноябрни “Касаба уюшмалари куни” этиб белгиланиши жуда катта тарихий воқеа бўлганини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Касаба уюшмалари Федерациясининг 2016-2020 йиллардаги фаолиятига ижобий баҳо бериш билан бирга, Назорат-тафтиш комиссияси ҳисоботи бўйича ҳам ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Шундан сўнг Россия мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раиси Михаил Шмаков, Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси Бош котиби Владимир Щербаков, Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Сатыбалды Даулеталин томонидан йўлланган видеотабриклар тингланди. Шунингдек, Умумхитой касаба уюшмалари Федерацияси, Япония касаба уюшмалари Конфедерацияси (“РЕНГО”), Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси, Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси, Туркиянинг “Турк-Иш” касаба уюшмалари Конфедерацияси, Украина касаба уюшмалари Федерацияси, Грузия, Молдова, Монголия касаба уюшмалари Конфедерацияси, Татаристон, Бошқирдистон касаба уюшмалари Федерацияси, Авиация ходимлари касаба уюшмалари Халқаро бирлашмаси, Транспорт ва йўл хўжалиги ходимлари касаба уюшмалари Халқаро бирлашмаси, Кимё ва саноатнинг турдош тармоқлари ходимлари касаба уюшмалари Халқаро бирлашмаси, Савдо, умумий овқатланиш, матлубот кооперацияси ва тадбиркорликнинг турли шакллари ходимлари касаба уюшмалари Конфедерацияси, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмалари Халқаро конфедерацияси томонидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VIII Қурултойига йўллаган табриклари ўқиб эшиттирилди.

Қурултойда сўзга чиққан делегатлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг ҳисобот давридаги фаолиятини қониқарли деб топиш таклифини киритдилар. Ушбу таклиф барча делегатлар томонидан тасдиқланиб, бир овоздан қабул қилинди.

Шундан сўнг кун тартибидаги биринчи масала бўйича Қурултой қарори қабул қилинди.  

Шунингдек, сўзга чиққан делегатлар Назорат-тафтиш комиссиясининг ҳисоботини тасдиқлаш таклифини киритдилар ва ушбу таклиф Қурултой делегатлари томонидан тасдиқланди.

Қурултойда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2021-2025 йилларга мўлжалланган стратегик йўналишлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг янги таҳрирдаги Устави, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Назорат-тафтиш комиссиясининг янги таҳрирдаги Низоми бир овоздан тасдиқланиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2021-2025 йилларга мўлжалланган стратегик йўналишларида Янги Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолиятининг асосий устувор вазифалари белгилаб олинди. Хусусан, мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга кўмаклашиш, ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шерикликни ривожлантириш, меҳнатга ҳақ тўлаш соҳасидаги вазифалар, касаба уюшмалари ва меҳнат бозори, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси ишларини ташкил этиш, норматив негизини мустаҳкамлаш, касаба уюшмалари инспекцияларининг жамоатчилик назорати соҳасида истиқболли вазифалари, камбағалликни камайтириш, аҳолини, айниқса аёллар ва ёшларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг махсус чораларини қўллаш, ходимларнинг маънавиятини юксалтириш, уларни оммавий тарзда жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш, ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, касаба уюшмалари фаолиятини ташкилий жиҳатдан мустаҳкамлаш, жамоатчилик билан алоқаларни мустаҳкамлаш, халқаро фаолият борасида касаба уюшмалари олдида турган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Шундан сўнг кун тартибидаги ташкилий масалалар, хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раисини сайлаш, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашини сайлаш, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Назорат-тафтиш комиссиясини сайлаш, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Назорат-тафтиш комиссияси раисини сайлаш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.  

Рафиков Қудратилла Мирсоатович бир овоздан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси этиб сайланди.

Қурултойда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси VIII Қурултойи делегатларининг мамлакатимиз халқи, ишчи-меҳнаткашлар, касаба уюшмалари ташкилотлари ва ижтимоий шерикларга Мурожаати қабул қилинди.