Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси VIII қурултойи делегатларининг мамлакатимиз халқи, ишчи-меҳнаткашлар, касаба уюшмалари ташкилотлари ва ижтимоий шерикларга мурожаати

12.11.2020. Азиз ватандошлар!
Биз, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VIII қурултойи делегатлари, уюшмамизнинг беш ярим миллиондан ортиқ аъзоси номидан 11 ноябрь Федерациямиз тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзилади, деб эътироф этамиз.
Мустақил Ўзбекистон тарихида илк маротаба Ўзбекистон Республикаси Президенти касаба уюшмалари қурултойи қатнашчиларига табрик йўллади, 11 ноябрни «Касаба уюшмалари куни» этиб белгилашни таклиф этди. Барчамиз учун бу катта шараф бўлиш билан бирга, юксак масъулият ҳамдир.
Жаҳон ҳамжамияти «Янги Ўзбекис­тон» дея ҳақли равишда эътироф этаётган мамлакатимиз янги Маърифий уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига шаҳдам ва дадил қадам ташламоқда. Бу янги давр табиий равишда Юртбошимиз, муҳтарам Шавкат ­Миромонович Мирзиёев бошчилигида қисқа муддатда эришган ютуқларимизни тарих қатига жойлаб, олдимизга янгидан-янги вазифаларни ҳам қўймоқда.
2020 йил бутун дунё мамлакатлари ва халқлари учун оғир келди. Она Ватанимиз учун эса бу синовлар биргина пандемия билан кифояланиб қолмади, халқимиз яна икки офат – «Бухоро тўфони» ва «Сардоба воқеаси» каби фалокатлар ситамларини ҳам бошидан ўтказди.
Кўп минг йиллик шонли тарихга эга буюк халқимизнинг ирода, сабот ва матонати яна бир бор синовдан ўтди. Минг шукрки, Миллатимиз сардори бошчилигида халқимизнинг қадди букилгани йўқ!
Президент атрофида жипслашган, унинг қараш ва ғояларини якдиллик билан қўллаб-қувватлаган, бу офатларни биргаликда ва ҳамжиҳатликда, бир мушт бўлиб енгиб ўтишга аҳд қилган халқимиз бугун ўз салоҳияти мўъжизасини кўриб турибди.
Бу Президент ва халқ якдиллигининг энг олий намунасидир!
Азизлар!
Яқинлашиб келаётган – 2021 йил мазмунан янги ўн йилликни бошлаб беради. «Янги Ўзбекистоннинг Янги касаба уюшмалари» Президентимиз стратегик вазифа сифатида белгилаб берган, миллий ғоя даражасига кўтарган, халқимиз ва халқаро ҳамжамият томонидан юксак баҳоланаётган Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда барча имкониятларини сафарбар этишни ўз фаолиятининг устувор йўналиши сифатида кўради.
Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий ва барча соҳалардаги ислоҳотлар давлат сиёсатининг ўзагини МИЛЛАТ ва ВАТАН манфаатлари ташкил этади. Зеро, ушбу халқона сиёсат жонажон юртимизда адолатли жамият яратиш ва демократик давлат қуриш, аҳолининг турмуш фаровонлиги ва юксак ҳаёт даражасини таъминлаш, мамлакат равнақи ва қудратини оширишни ўзида мужассам этган.
«Халқ қабулхоналари», ҳокимиятлар ва давлат идораларининг халқ билан юзма-юз учрашиб, одамлар дардига қулоқ тутиши давлат ва жамият ўртасидаги олислашиб кетган масофани бартараф этди.
Шу маънода, Президентимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш ҳақидаги ғоя ва қарашлари, инсонпарвар стратегияси ҳам биз учун энг улуғ ва азиз мақсад-муддао­­га айланмоғи керак.
Янги Ўзбекистоннинг Янги касаба уюшмалари мазкур инсонпарвар стратегияни амалга ошириш йўлида халқ билан мулоқотни кенгайтириб, Юртбошимизнинг халқчил сиёсатини қўллаб-қувватлашга, бу борадаги улуғвор миллий ҳаракатларига камарбаста бўлишга, мамлакат тараққиёти, эл фаровонлиги йўлида фидокорона меҳнат қилишга тайёр эканини билдиради.
Қадрли юртдошлар!
Бугун қабул қилинган «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятининг 2021-2025 йилларга мўлжалланган стратегик йўналиш­лари» фаолиятимизни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилади. У Президентимизнинг халқимиз томонидан тўла қўллаб-қувватланган ва ҳаёт тарзига айланиб бораётган «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» деган эзгу ғояларини рўёбга чиқаришда касаба уюшмаларининг фаол иштирокини таъминлашга қаратилган.
Ўзбекистон касаба уюшмалари ушбу эзгу ғоя ва мақсадларга эришиш баробарида:
халқимиз учун муносиб ҳаёт ва турмуш даражасини таъминлаш;
барчани қулай ва хавфсиз меҳнат шароитлари ҳамда адолатли ҳақ тўланадиган иш билан таъминлаш;
аҳолининг, биринчи навбатда, ишчи ва меҳнаткашларнинг ижтимоий ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқариш, ижтимоий ҳимоя қилишнинг юқори даражасига эришиш;
барчани сифатли ва муносиб тиббий хизмат кўрсатиш тизими билан қамраб олишга, жамиятда соғлом турмуш тарзи маданиятини шакллантиришга эришиш;
юртимизда камбағалликни қисқартириш ва бартараф этиш;
меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларининг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш;
гендер сиёсатини амалга ошириш;
рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни ривожлантиришга ­кўмаклашиш;
меҳнаткашлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш;
ўқитувчи ва мураббийлар ҳамда тиббиёт ходимларининг жамиятда тутган мавқеи ва нуфузини ошириш, уларнинг соғлигини муҳофаза этиш каби масалаларга устуворлик беради.
Президентимиз томонидан тавсия этилган Касаба уюшмалари Академиясининг қисқа муддатда ташкил этилиши эса касаба уюшма ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасидаги кенг қамровли фаолиятини йўлга қўйишга хизмат қилади.
Марказий Осиёнинг Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги ўрни ва аҳамиятидан келиб чиқиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси қўшни давлатларнинг касаба уюшмалари билан биргаликда Марказий Осиё касаба уюшмаларининг Маслаҳат кенгашини тузиш таклифини илгари суради.
Азиз ватандошлар!
Биз, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси VIII қурултойи делегатлари, бутун Ўзбекистон халқи, ишчи-меҳнаткашлар, касаба уюшмалари ташкилотлари ва ижтимоий шерикларимизга, азиз ёшларимиз, мўътабар нуронийларимизга мурожаат қиламиз!
Барчамиз Янги Ўзбекистонимизнинг асосчиси ва Йўлбошчиси муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев бошлаган ислоҳотлар ва миллатпарвар ғояларини амалга оширишда камарбаста бўлайлик!
Президент атрофида жипслашайлик, ўз ғайратимиз, шижоатимиз ва ватанпарварлигимиз билан Йўлбош­чимизнинг йўлини янада чароғон этайлик!
Зотан, буюк ғалабалар, улуғ музаффарият байроқлари доим аҳиллик ва ҳамжиҳатликдан бунёд бўлган муаззам қоялар устига тикилади!
Барча-барчангизни мана шу тарихий қурултойимизнинг асосий мазмун-моҳиятини ифодаловчи бош ғоя атрофида жипслашишга чақирамиз:
Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

ҚУРУЛТОЙ ЯКУНЛАРИ БЎЙИЧА ТАРҒИБОТ ТАДБИРЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА.

Маълумки, дунёдаги ҳар бир давлатнинг миллий тараққиётида аввало инсон меҳнати ва салоҳияти беқиёс аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам Республикамизда меҳнат муносабатларини тубдан ислоҳ қилиш, фуқароларимизнинг меҳнат соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, бандлик масаласини ҳал этиш, камбағалликни қисқартиришга катта эътибор берилмоқда.

Ана шундай ёндашув асосида кейинги тўрт йилда ушбу йўналишдаги миллий қонунчилигимизни такомиллаштириш, аҳолининг қонуний даромад топиши, тадбиркорлик билан шуғулланиши учун қулай имкониятлар яратиш, мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бу борада биз эришган натижалар жаҳон ҳамжамияти, жумладан, БМТ, Халқаро меҳнат ташкилоти, ЮНИСЕФ каби нуфузли халқаро тузилмалар томонидан тан олинмоқда.

Буларнинг барчасида меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдек олижаноб мақсад йўлида 14 та тармоқ ва 14 та ҳудудий бўлинмани, 5,5 миллиондан ортиқ аъзоларни бирлаштирган фуқаролик жамиятининг энг йирик институтларидан бири – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг муносиб ҳиссаси бор албатта.

Куни кеча Тошкент шаҳрида видеоконференция алоқаси тарзида ўтказилган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VIII Қурултойида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2016-2020 йилдаги фаолияти атрофлича сарҳисоб ва таҳлил этилди. Қўлга киритилган ютуқлар билан бирга мавжуд долзарб масалалар муҳокама қилиниб, галдаги вазифалар белгилаб олинди.

Айни кунларда Сурхондарё вилоятида ҳам делегатлар иштирокида Қурултойда кўрилган масалалар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қурултой қатнашчиларига табриги, касаба уюшмалари ҳаётида юз берган янгиликлар ҳамда келгуси беш йилликда ташкилот олдига қўйилган муҳим вазифалар мазмун моҳияти билан таништириш мақсадида олий таълим муассасалари, ташкилот ва корхоналарда меҳнат қилаётган ходимлар ҳамда ёшлар иштирокида тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда.

Шу каби тарғибот тадбири вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ташаббуси билан Термиз Давлат университети ҳамда Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университети профессор ўқитувчилари ҳамда ёшлар иштирокида ташкил этилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан Мустақил Ўзбекистон тарихида давлат раҳбарининг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қурултойи қатнашчиларига илк маротаба табрик йўлланганлиги ҳамда ташкилотнинг республикамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги роли ва ўрни ортиб бораётганлиги билан аҳамиятли эканлиги алоҳида қайд этиб ўтилди.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2016-2020 йиллардаги фаолияти ва миллий тараққиётнинг замонавий босқичида касаба уюшмаларининг устувор вазифалари ҳақида сўз юритилиб, ўтган 4 йилда Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган туб ислоҳотлар замирида халқимиз турмуш даражасини ошириш, инсонларнинг эртага эмас, айнан бугун яхши яшаши, уларнинг фаровонлигини таъминлашдек эзгу мақсадлар мужассамлиги, навбатдаги беш йилликдаги вазифа касаба уюшмаларини халқ ташкилотига айлантириш эканлиги алоҳида таъкидланди.

Тадбирда сўзга чиққан Термиз Давлат университети ўқитувчиси Музаффар Норқобилов – “Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси VIII Қурултойи иштирокчиларига табригини меҳнат жамоамиз тарихий воқеа сифатида кутиб олди. Хақиқатда Президентимиз таъкидлаганларидек, мамлакатимиз бугунги янги тараққиёт даврига қадам қўйган, юксак мақсад йўлида буюк ишлар амалга оширилаётган бир пайтда халқимизни янада катта марралар сари сафарбар этишда касаба уюшмаларининг роли ва таъсири тобора ортиб бормоқда. Қолаверса,
11 ноябрь санасини “Касаба уюшмалари куни” деб белгиланиши бутун воҳа аҳли томонидан кўтаринки руҳда кутиб олинди десам адашмаган бўламан”- деб таъкидлаб ўтди.

“Мазкур соҳа учун замонавий билим ва малакага эга бўлган, ижтимоий муносабатлар назарияси ва амалиётини, бу борадаги халқаро тажрибани пухта биладиган етук кадрларни тайёрлаш катта аҳамият касб этади албатта. Шу   мақсадида касаба уюшмалари академиясини ташкил этиш масаласи соҳа фаолиятини янги бочқичга кўтаришда туб бурилиш бўлади”- дейди Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университети профессор ўқитувчиси Чори Жумаев.

Умуман олганда бугун мамлакатимизда меҳнаткашларнинг ҳақ- ҳуқуқларини ҳимоячиси сифатида йирик жамоат ташкилотига айланган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси аҳоли турмуш фаравонлигини таъминлаш борасида ҳар бир жабҳада самарали фаолият олиб бормоқда. Буни ўзимизнинг меҳнат жамоамиз мисолида кўриб турибмиз. Биз касаба уюшмалари ҳар доим халқ суянчи ва таянчи бўлиб қолишига ишонамиз.   Зеро, ҳалқ манфаатлари ва фаровонлигини таъминлаш ҳар биримизнинг олий бурчимиздир.

 

А.Ахмедов

Сурхондарё вилоят касаба уюшмалари

ташкилотлари бирлашмаси раиси.