ХОТИРА АБАДИЙ ИНСОН ҚАДРИ АЗИЗ

Мамлакатимизда ҳар йили Хотира ва қадрлаш куни арафасида фашизмга қарши курашда қатнашган, ўз Ватанини ҳимоя қилишда жонини фидо қилган миллий каҳрамонларимизни ёд этиш, уларнинг холидан хабар олиш, қадр кўрсатиш одат тусига кирган.

Қайд этиш керакки, Сурхондарё вилоятидан 31614 нафар ҳамюртларимиз юрт озодлиги йўлида жанггоҳларда матонат кўрсатди. Ҳозирги кунда уларнинг 42 нафари ҳаёт.

Фашизм устидан қозонилган ғалабада, жанг майдонларида чиниққан жасур ўғлонларимиз билан бир қаторда фронт ортида хизмат қилган фидойи ватандошларимизнинг ҳам жасоратини эътироф этмасликнинг иложи йўқ. Негаки, уларнинг жасорати улароқ жанг майдонларида аскарларимизнинг ғалабали юришлар давом этди. Айни кунларда шу каби қаҳрамонлик кўрсатган юртдошларимиз, кексаларимиз, меҳнат фахрийларимиз ҳолидан хабар олиш, қадрлаш ҳар биримизнинг фарзандлик бурчимиздир. Бугун вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси А.Ахмедов ҳамда сенатор О.Соатовлар биргаликда уруш йилларида фронт ортида хизмат қилган, меҳнат фахрийси Шарофиддинов Хумойиддин бобо хонадонига ташриф буюриб, ҳолидан хабар олинди, дилдан суҳбат қурилди. Суҳбат асносида ўтганлар руҳи ёд этилиб, бугунги тинч-осойишта кунларга шукроналар айтилди.

Хумойиддин бобо бу йил 90 ёшни қарши олди. Фаолиятининг сўнгги йилларини касаба уюшмалари ташкилотининг ҳаётига боғлаган Хумойиддин бобо айни дамда уюшма томонидан амалга оширилаётган ишларни юксак баҳолаб, келгуси фаолиятларига мувофаққиятлар тилади.

Болалиги урушнинг сурурли йилларида ўтган қахрамонимиз айни кунларда фарзандлари, неваралари даврасида кексалик гаштини сурмоқда.

Халқимиз оғир кунларни сабр-бардош билан енгиб ўтганликларини, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаганликларига яна бир бор амин бўлдик. Хумойиддин бобо ушуб муборак қутлуғ ойда бугунги офатлар тезроқ ердан кўтарилишини, юртимизнинг равнақини сўраб дуо қилдилар.

Ишончимиз жуда юксак, бу кунларни ҳам халқимиз билан биргаликда чинакам матонат, сабр ва ҳамжиҳатлик билан албатта енгиб ўтамиз. Сўз сўнгида бугунги мусаффо осмон, тинч ва осойишта ҳаёт учун биз фарзандлар доим сиздан миннатдормиз!

А.АХМЕДОВ

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари

бирлашмаси раиси, Халқ депутатлари

вилоят Кенгаши депутати.

Print Friendly, PDF & Email