Олтинсойда шифо маскани фойдаланишга топширилди

  Вилоятнинг табиий сўлим гўшалари, мафтункор шаршаралари, маъданли сув ва шифобахш тоғ тузлари агро-эко, тоғ ва тиббиёт туризмини кенг йўлга қўйишга қулай имконият яратади. Қадимий бу юртнинг ўзига хос урф-одат ва анъаналари, миллий ҳунармандчилик буюмлари ҳам дунё аҳлида катта қизиқиш уйғотиб келади. Вилоятдаги бой тарихга эга қадамжолар, муқаддас зиёратгоҳлар ҳудудда зиёрат туризмини жорий этиб, нафақат маҳаллий, балки хорижлик сайёҳлар оқимини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Бироқ, мустақилликкача вилоятнинг бу борадаги салоҳиятидан самарали фойдаланишга эътиборсизлик билан ёндашиб келинаётган эди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида ишлаб чиқилган зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” бу борадаги ишларни янги босқичда руёбга чиқаришга хизмат қилмоқда. Сурхон воҳасининг Олтинсой туманида жойлашган “Хўжаипок ота” зиёратгоҳи ҳам шундай масканлардан бири. Зиёратгоҳ ёнбағридаги ғордан чиқаётган шифобахш сувнинг довруғи бутун дунёга таралгани бежиз эмас, албатта. Қайд этилишича, мазкур булоқ сувининг таркибида инсон организми учун зарур бўлган кўп менераллар мавжуд. Бу борада К.Семашко номидаги курортология ва физиотерапия илмий-текшириш институти лабораториясида олиб борилган илмий текширувлар буни яққол тасдиқлаган.

  Соҳа мутахассисларининг қайд этишича, ғордаги олтингугурт суви ўн бешдан ортиқ оғир, ўткир ва юқумли касалликлардан фориғ бўлишга ёрдам беради. Айниқса, таянч ҳаракат тизими, акушер-гинекологик касалликлар, асаб тизими, жигар, буйрак ва тери таносил ва бошқа хасталикларни даволашда самарали эканлиги тавсия этилган.

Шу боис, ҳар йили “Хўжаипок” дарасига келувчилар сони ортиб боряпти. Бу ерга юртимизнинг турли гўшаларидан, шунингдек, қўшни республикалар, олис хориж давлатларидан ҳам сайёҳлар ташриф буюради. Айниқса, ёз мавсумида бу масканга келувчилар кунига 2-3 минг нафардан ортади. Шифо топиш истагидаги одамлар супачалар устида оила-оила, давра-давра бўлиб ҳафталаб қолиб кетади.

  “Хўжаипок ота” зиёратгоҳи ёнидан оқиб ўтаётган дарё табиий иқлим шароити санатория курорт муассасаларини ривожлантириш учун қулай. Бу ердаги менерал шифобахш сув, мусаффо ҳавода кислороднинг кўплиги, тоғ табиатининг сўлимқлиги кишини ўзига жалб этади. Президент Ш.М.Мирзиёев 2018 йил

19-20 январь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида воҳа аҳолисининг истакларини ҳисобга олиб мазкур ҳудудда аҳолига қулай шарт-шароит яратиш, уларнинг мароқли хордиқ чиқариб, соғликларини тиклашлари учун барча шароитларга эга соғломлаштириш масканини барпо этиш ҳақида мутасаддиларга топшириқлар берган эди. Шундан сўнг, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси маблағлари ҳисобидан 200 ўринли замонавий “Хўжаипок” соғломлаштириш масканини қуриш бошланди. Объект қурилиши учун дастлаб туман ҳокимининг 2018 йил 10 февралдаги қарорига асосан туман марказидаги “Жобу” маҳалласи ҳудудидан 5 гектар ер ажратилди. Санаторияни қуриш учун буюртмачи сифатида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг капитал қурилиш бошқармаси, лойиҳачи этиб эса “Касаба лойиҳа” МЧЖ унитар корхонаси, пудратчи ташкилот этиб тажрибали қурувчи А.Хидиров бошлиқ Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашига қарашли “Касаба қурилиш таъмир” шўъба корхонаси белгиланган. Санатория қурилишига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси маблағлари ҳисобидан 2018 йил 9 миллиард, 2019 йил 28 миллиард сўм ажратилди. Жорий йилда ҳам бу ерда яна 25 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилиб куни кеча фойдаланишга топширилди.

  Тан олиш керакки, мазкур шифобахш сув чиқадиган ғор тоғли ҳудудда жойлашганлиги боис шифобахш сувдан барча юртдошларимизнинг йил давомида фойдаланишига имконият чекланган эди. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида

110 ммлик пластик қувурлар орқали “Хўжаипок” маъданли шифобахш сувини

26 километр масофа узоқликдаги туман марказига олиб келинди. Энди туман марказида яшовчи аҳоли ҳам Хўжаипок шифобахш сувидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди.

Мамлакатимиз президенти 2019 йил 30 апрель ва 1 май кунлари вилоятга ташрифи давомида мазкур масканда олиб борилаётган ишларни янада жадаллаштириш, муассасани алоҳида комплексга айлантириш бўйича масъулларга қўшимча кўрсатма ва топшириқлар берганди. Мазкур топшириқлар ижроси юзасидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси маблағлари ҳисобидан “Хўжаипок” санаторийси ҳудудида аҳоли учун 200 ўринга мўлжалланган маданият саройи, 10 минг китоб фондига эга бўлган кутубхона қуриш вазифаси қўйилди. Айни кунда ушбу объектларда ҳам барча қурилиш ишлари якунига етказилди.

  Бу каби бунёдкорлик ишлари келгусида ҳам давом этади ва вилоятнинг сўлим гўшаларини ободонлаштириши, аҳоли дам олиши учун қулай шароит яратишга эътибор янада кучайтирилади. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил

9 сентябрдаги 732-ф-сонли фармойишига асосан “Хўжаипок ота” зиёратгоҳи худудида ҳам 2021 йилда 200 ўринли санаторий-соғломлаштириш ва дам олиш мажмуаси қуриб фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

   А.АХМЕДОВ

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.

 

 

Print Friendly, PDF & Email