Сурхондарё вилоятида семинар ўтказилди

Ҳар йили Ўзбекистонда 7 октябрь – “Бутунжаҳон муносиб меҳнат куни” муносабати билан туркум тадбирларни ўтказиш анъанага айланган.

Шу йил 8 октябрда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши  томонидан, Халқаро меҳнат ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари учун Бюроси билан ҳамкорликда “Бутунжаҳон муносиб меҳнат куни” доирасида Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари касаба уюшмалари фаоллари учун “Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарда касаба уюшмаларининг фаолияти” мавзусида семинар ташкил этилди.

Семинарни Сурхондарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Абдукарим Ахмедов очиб, иштирокчиларга вилоят касаба уюшмалари ташкилотларида фаолиятнинг барча йўналишлари бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида батафсил маълумот берди.

Халқаро меҳнат ташкилоти(ХМТ)нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари учун Бюроси бош мутахассиси Сергеюс Гловацкас семинарда “Адолатли глобаллашув мақсадида ижтимоий адолат тўғрисидаги Декларацияси” мавзусида маъруза қилди.

Шунингдек, семинарда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарда ижтимоий мулоқот, меҳнат муҳофазаси масалаларига оид Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири Махмуджон Исаев, Термиз шаҳрида Сурхондарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Ҳасан Норқуловларнинг маърузалари тингланди.

Ўзаро тажриба алмашиш доирасида Қашқадарё вилоятидан “Муборак газни қайта ишлаш” масъулияти чекланган жамияти касаба уюшмаси қўмитаси раиси Акрам Хамраев, Сурхондарё вилоятидан “Жарқўрғон нефтни қайта ишлаш” қўшма корхонаси касаба уюшмаси қўмитаси раиси Саодат Хўжамбердиевалар мазкур корхоналарда ходимларни ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида олиб борилаётган ишлар юзасидан ўз иш тажрибаларини сўзлаб бердилар.

Print Friendly, PDF & Email