Tadbirkorlik sub’ektlarini davlat ro’yxatiga olish va hisobga qo’yishning xabardor qilish tartibi to’g’risidagi nizomga o’zgartirish va qo’shimchalar kiritish haqida
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
14.11.2013 й.
N ПҚ-2066
ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИНИ ДАВЛАТ
РЎЙХАТИГА ОЛИШ ВА ҲИСОБГА ҚЎЙИШНИНГ
ХАБАРДОР ҚИЛИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ
НИЗОМГА ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР
КИРИТИШ ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида» 2012 йил 18 июлдаги ПФ-4455-сонли Фармонига мувофиқ:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 24 майдаги ПҚ-357-сонли қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримов
Ўзбекистон Республикаси
Президентининг
2013 йил 14 ноябрдаги
ПҚ-2066-сон қарорига
1-ИЛОВА
Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига
олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш
тартиби тўғрисидаги низомга киритиладиган
ўзгартиш ва қўшимчалар
1. 10, 12, 13, 33-бандларнинг биринчи хатбошиларидаги «ўзи келган ҳолда ёки почта алоқаси орқали» сўзлари «ўзи келган ҳолда, почта алоқаси ёки Интернет тармоғи орқали» сўзлари билан алмаштирилсин.
2. Қуйидаги мазмундаги 13-1-банд билан тўлдирилсин:
«13-1. Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш учун мазкур Низомда назарда тутилган ҳужжатлар, 11-банднинг «г» кичик банди тўртинчи хатбошида ва 33-банднинг олтинчи хатбошида кўрсатилган ҳужжатлар мустасно этилган ҳолда, Интернет тармоғи орқали бир нусхада тақдим қилинади ва мурожаат этувчининг электрон рақамли имзоси билан имзоланади. Қоғозда расмийлаштирилган ва (ёки) берилган сканерланган ҳужжатларни тақдим этишга йўл қўйилади.
Рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан берилган, мазкур Низомда назарда тутилган электрон ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда, уларнинг асл нусхаларини мурожаат этувчи Интернет тармоғи орқали тақдим этишга ҳақли».
3. 24-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«24. Рўйхатдан ўтказувчи орган тадбиркорлик субъектига реал вақт режимида, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат статистика қўмитасининг Интернет тармоғидаги тегишли идоравий сайтларидан фойдаланган ҳолда олинган СТИР ва ОКПО кодларини беради».
4. 25-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. 28-банд:
қуйидаги мазмундаги бешинчи ва олтинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:
«Электрон шаклда тадбиркорлик субъектларига тақдим этиладиган ҳужжатлар, рўйхатдан ўтказувчи орган ваколатли шахсининг электрон рақамли имзоси билан имзоланади. Бунда мурожаат этувчи, ўзининг сўровномаси бўйича қоғозда расмийлаштирилган тегишли ҳужжатларни ўзи келган ҳолда ёки почта алоқаси орқали ҳам олиш ҳуқуқига эга.
Мазкур бандда назарда тутилган ҳужжатларни топшириш санаси Ўзбекистон Республикаси давлат интерактив хизматларини кўрсатиш Ягона порталидан фойдаланувчининг шахсий кабинети орқали тегишли электрон ҳужжатларни мурожаат этувчи томонидан қабул қилиб олган кун ҳисобланади, унинг мавжудлиги ҳақида мурожаат этувчи рўйхатдан ўтказувчи органга хабар беради»;
бешинчи хатбоши еттинчи хатбоши деб ҳисоблансин.
6. 30-банднинг биринчи хатбошидан «ва ариза-хабарнома нусхасини» сўзлари чиқариб ташлансин.
7. 32-банднинг учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«давлат статистика органлари — рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан берилган статистика кодларини текширади ва юридик шахсни Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат регистрига киритади».
8. 38-1-банднинг биринчи хатбошидаги «унинг тикланган нусхаси (дубликати) берилиши мумкин» сўзлари «унинг тикланган нусхаси, шу жумладан, электрон шаклдаги дубликати тақдим қилинади. Бунда давлат рўйхатига олинганлиги тўғрисида электрон шаклда аввал берилган гувоҳнома ҳақиқий эмас, деб ҳисобланади» сўзлари билан алмаштирилсин.
9. Низомнинг 3 ва 3а-иловалари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
«Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»,
2013 йил 18 ноябрь, 46-сон, 599-модда
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси»,
2013 йил, 11-сон, 323-модда