Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида 2020 йил 11 апрель куни бўлиб ўтадиган оилалар, шу жумладан хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган зарур чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича республика ишчи гуруҳининг тадбири тўғрисида маълумот.

Барчангизга маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётида бўлаётган ўзгаришлар, амалга оширилаётган ислоҳотларда бевосита иштирокини таъминлаш, хотин-қизларни иш билан таъминлаш орқали оила даромадларини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида мазкур масалага алоҳида эътибор қаратиб, бу йил хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтаришни қайд этиб, жорий йил раҳбарлар учун синов йили бўлади деб таъкидлаган эдилар. 2020 йилда 5,5 минг нафар хотин-қизнинг кичик бизнес йўналишидаги лойиҳаларига 100,0 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратиш, 1576 нафар хотин-қизга янги уй-жойларга эга бўлиши учун бюджет ҳисобидан бошланғич бадал тўлаб берилиши, ижтимоий ҳимояга муҳтож опа-сингилларимизни Хотин-қизлар тадбиркорлик марказларида 5 та муҳим ташаббус доирасида қисқа ўқув курсларида ўқитиш ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Бугун биз шиддат билан ривожланаётган бир шароитда ҳаёт кечираяпмиз, фаолият юритяпмиз. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самарали кечишида азиз опа-сингилларимиз ва аёлларимиз ҳам четда қараб турмасдан, биз билан елкама-елка туриб, куну-тун меҳнат қилиб матонат кўрсатаётганлигини эътироф этмасликнинг имкони йўқ.

Президентимиз таъкидлаганидек, уларга муносиб меҳнат ва турмуш шароитини яратиб бериш, уларни рози қилиш – барча даражадаги раҳбарларнинг нафақат хизмат вазифаси, балки, энг аввало, инсоний бурчидир. Биз ҳаммамиз ана шундай юксак бурчни аниқ натижалар, амалий ишлар билан оқлашимиз зарур.

Бугунги кунда хотин-қизлар манфаатларини оила, маҳалла ва жамият манфаатларидан ажратган ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Ана шу масалаларни комплекс ҳал этиш, бу борада давлат сиёсатини янада юқори босқичга кўтариш асосий вазифаларимиздан биридир.

Шу кунларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси бошчилигида тузилган республика ишчи гуруҳи вилоятларда бўлиб, турмуш шароити оғир бўлган хотин-қизларнинг аҳволини ҳар бир ҳудуд бўйича аниқ таҳлил қилиб, уларга амалий кўмак бермоқда.

Ишчи гуруҳ томонидан қишлоқ жойларда яшаётган аёлларнинг, мустақил ҳаётга кираётган қизларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш, уларга ҳар томонлама ёрдам бериш бўйича ҳар бир маҳалла кесимида дастурлар ишлаб чиқилиб, ижроси ташкил этилмоқда.

Шу кунга қадар мазкур ишчи гуруҳ Республикамизнинг бир қатор вилоятларида бўлиб, хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга муносиб шароитлар яратиб бериш бўйича салмоқли ишларни амалга оширди.

Хабарингиз бор бугунги кунда бутун дунёда коронавирус пандемияси билан кураш кетмоқда. Афсуски, бу кўзга кўринмас иллат Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Шундай синовли кунларни бошимиздан кечираётган бир вақтда Президентимиз топшириқларига биноан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Мирсагатович бошчилигида ишчи гуруҳ ана шу хайрли ишларни амалга ошириш учун Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди.

Мамнуният билан қайд этиш керакки, бугун туманда аниқроғи Хўжасоат қишлоғида худуддаги хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларга муносиб турмуш шароитларини яратиш мақсадида вилоятимиздаги йирик корхоналардан бири бўлган «ZIF TEXTIL» фабрикасининг филиали очилмоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан мазкур фабрикага 1,0 млрд. сўмлик маблағ ажратилиб, 100 та тикув машиналари ва зарурий жиҳозлар келтирилди. Натижада ҳудудаги 200 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. Бундан ташқари, бугун туманда гилам тўқишга мўлжаланган фабрика фаолияти ҳам йўлга қўйилиб, унга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясиси ҳисобидан 500,0 млн. сўмлик гилам тўқишга ихтисослашган дастгоҳлар келтирилди. Бунинг натижасида тумандаги 500 нафар аёллар касаначилик асосида иш билан таъминланади.

Қайд этиш керакки, мазкур икки йирик лойиҳанинг амалга ошириш натижасида туманда 700 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди.

Таъкидлаш жоиз, касаба уюшмлари томонидан кейинги йилларда бизнинг вилоятимизга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси маблағлари ҳисобига Термиз шаҳрида «Амударё» болалар оромгоҳи, Термиз туманида «Термиз марвариди» санаторийси қурилди. Мана Олтинсой туманида «Хўжаипок» санаторийси қурилиши битказилиб топшириш арафасида. Шунингдек, келгусида «Хўжаипок» зиёратгоҳидаги дам олиш комплекси қурилишини амалга ошириш ва шунга ўхшаш бошқа объектларнинг барпо этилиши режалаштирилганлиги бунинг яққол далилидир.

Бугунги қилинган хайрли ишлар албатта ўз натижасини беради. Барчамиз бир тану бир жон, якдил ва аҳил бўлиб ҳаракат қилсак, ҳалол-пок, яхши ният билан меҳнат қилсак, ҳар қандай марраларни эгаллашга, бошқача айтганда, тарихимизнинг янги саҳифасини яратишга қодир халқмиз.

БИЗ КОРОНАВИРУСНИ БИРГАЛИКДА ЕНГАМИЗ. КОРОНАВИРУС БИЗНИ ТЎХТАТА ОЛМАЙДИ.

Жорий йилнинг 4 апрель куни Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг барча ватандошлар, меҳнаткашлар, фахрийлар, аёллар ва ёшларга қилган мурожаатида ишлаб чиқариш корхоналари, фирма ва компаниялар ишчилари, ижтимоий соҳа вакиллари ўз фаолиятини иқтисодиётимиз барқарорлиги – Ўзбекистонимиз фаровонлигининг асосини таъминлаш учун бир неча баробар ошириши кераклиги таъкидланган эди.

Хақиқатда бугунги синовли кунларда мамлакатда коронавирус пандемияси сабабли карантин ҳолати жорий этилган бўлсада, иқтсодиёт тармоқларида, хусусан, қўшма корхоналар, ишлаб чиқариш фабрикалари хеч қандай ваҳимага берилмасдан фаолиятини бир маромда давом эттириб келаётганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Биргина, Термиз шаҳрида Ўзбекистон ва Корея Республикалари ҳамкорлигида ташкил этилган “SOUTH SHINGDONG GROUP” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонаси томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида
150 минг долларлик 40 тонна ип-калава маҳсулотлари тайёрланиб, Туркия, Россия ва бошқа Осиё ҳамда Европа мамлакатларига экспорт қилинганлиги, айни дамда эса яна 10 тонна маҳсулот Англияга экспорт қилиш учун тайёр холга келтириганлигининг ўзи ҳам бу борада ишларнинг жадал олиб борилаётганлигидан далолат. Таъкидлаш керакки, бугунги кунда корхонада 135 нафар ишчи ходимлар 2 сменада фаолият юритиб, уларнинг ойлик маошлари ўз вақтида берилиб келинмоқда. Бундан ташқари, ишчи ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича корхонада зарурий профилактик тадбирлар амалга оширилган. Санитария-гигиена талаблари асосида дизенфекция ишлари мунтазам ташкил этилиб келинмоқда.

Шунингдек, Жарқўрғон туманида жойлашган “Сурхонтех” МЧЖ ҳамда “NORTEX STYLE” хорижий корхоналар фаолияти ҳам бир зумга бўлсада сусайгани йўқ. Буни мазкур корхоналарда айни кунда 600 нафар иш-ходимларнинг 3 сменада фаолияти йўлга қўйилиб, бир кунда ўртача 25 тонна ип-калава маҳсулотлари ишлаб чиқарилаётганлигида ҳам кўриш мумкин. Қайд этиш керакки, корхонада ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотлар Осиё ва Европанинг бир қатор давлатларига, хусусан, Хитой, Покистон, Россия давлатларига экспорт килиниб келинмоқда. Ушбу корхонада ишловчи ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида барча зарурий санитария-гигиена воситалар билан таъминланган. Корхонада кунлик дизенфекция ишлари йўлга қўйилган бўлиб, ходимларга санитария қоидаларига амал қилиш бўйича тушунтириш тарғибот ишлари мунтазам олиб борилмоқда. Ходимларнинг иш ҳақи ва меҳнат таътили, моддий ёрдам пуллари ўз вақтида берилиб борилмоқда.

Бепул йўлланма берилди

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан Давлат дастури доирасида 8 март Ҳалқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан кўп болали оилалардан 2 нафарига яъни таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Ангор туман кенгаши тизимидаги туман ҳалқ таълими бўлими услубчиси Менглиқулова Манзура Абдуллаевнага ҳамда агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Термиз шаҳар кенгаши тизимидаги “Сурхондонмахсулотлари” акциядорлик жамияти ишчиси Хушбоқова Ойсифат Норалиевналарга “Умид гулшани” санаторийсига бепул йўлланмалар берилди.

«Аёл – хонадонимиз чароғбони» мавзусида давра суҳбати ўтказилди

Сурхондарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Хотин-қизлар комиссияси томонидан 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан «Аёл – хонадонимиз чароғбони» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбатига вилоят, туман, шаҳар кенгашлари депутатлари,  сиёсий партиялар, хуқуқ тартибот органлари хамда корхона, ташкилот ва муассасалар, шунингдек, касаба уюшмалари тизимида ишлаётган  жами 110 нафар фаол хотин-қизлар таклиф этилди.

Давра суҳбатида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси А.Ахмедов, хотин-қизлар комиссияси раиси М.Қодирова, Ўзбекистон либерал-лемократик партияси вилоят кенгаши ҳузуридаги сиёсий таълим маркази раҳбари Г.Амирова, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси юридик бўлими мудири З.Холовлар сўзга чиқишди.

Байрам муносабати билан 7 нафар  вилоятнинг ижтимоий иқтисодий ривожланишида фаол иштирок этаётган хотин-қизлар вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг Фахрий ёрлиғи, шунингдек давра суҳбатининг барча иштирокчилари қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

 

Устувор йўналишлари белгилаб олинди

28.02.2020й. Сурхондарё вилоят перинатал маркази маъмурияти ва касаба уюшма қўмитаси ўртасида 2018-2020 йилларга мўлжалланган жамоа шартномасида белгилаб олинган мажбуриятларининг 2019 йил якунларига бағишланган меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши бўлиб ўтди.

Вилоят перинатал маркази рахбариятининг 2019 йил якунлари бўйича жамоа шартномасида белгиланган иш берувчининг мажбуриятлари ижросини таъминлаш ҳамда касаба уюшма қўмитасининг олиб борган ишлари юзасидан касаба уюшма аъзолари вакилларига ҳамда барча иштирокчиларга ҳисоботлар ўқиб эшиттирилди.

Шунингдек  касаба уюшмаси ташкилотининг ҳисобот-сайлов йиғилиши ўтказилди. Унда касаба уюшма қўмитаси тафтиш комиссиясининг 2015 йил февраль ойидан 2020 йил февраль ойигача олиб борган фаолияти юзасидан хисоботи тингланди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан йиғилиш иштирокчилари таклиф ва тавсиялари инобатга олиниб, касаба уюшмасининг келгусидаги устувор йўналишлари белгилаб олинди.

Ҳисобот-сайлов йиғилиши ўтказилди

21.02.2020й.  Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Термиз шаҳар тизимидаги Тошкент давлат аграр университети Термиз филиалида Сурхондарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ва филиал профессор ўқитувчи ҳамда техник ходимлар иштирокида ҳисобот-сайлов ва 2019 йил учун жамоа шартномасининг якунларига бағишланган умумий йиғилиши ўтказилди. Ҳисобот-сайлов йиғилишида бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси ҳамда тафтиш комиссиясининг ҳисоботлари эшитилди ва қониқарли деб топилди.

Конференция ўтказилди

11.02.2020 й. Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Шўрчи туман кенгаши тизимидаги Шўрчи тумани Ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат махсулотлари хавфсизлиги давлат марказида ҳамда Шурчи Агросаноат касб-ҳунар коллежида Ўзбекистон агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Сурхондарё вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Ш. Ибраимов ҳамда Шўрчи туман кенгаши раиси Э.Холматов иштирокида ҳисобот-сайлов ва 2019 йил жамоа шартномалари якунларига бағишланган конференцияси ўтказилди.

Амалий ёрдам кўрсатилди

06.02.2020й. Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси юридик бўлими мудири З. Холов томонидан Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Шеробод туман кенгашининг фаолияти ўрганилди ва амалий ёрдам кўрсатилди .

Камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар берилди.

05.02.2020й. Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ижтимоий ҳимоя бўлими етакчи мутахассиси Р.Карабоев томонидан Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ходимлари касаба уюшмаси Денов туман кенгашининг 5 йиллик фаолияти қисман ўрганиб чиқилди ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича  тавсиялар берилди.