ҲАМКОРЛИК САРИ..

Тожикистон мустақил касаба уюшмалари федерациясининг Хатлон вилояти касаба уюшмалари кенгаши делегацияси Сурхондарёга ташриф юзасидан.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармони билан тасдиқланган “2022-2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”да белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан халқаро миқёсда касаба уюшмалари билан ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида келишув шартномасининг имзоланиши, икки томонлама тузилган ҳамкорлик Меморандумининг тасдиқланиши ва шу асосда йўл ҳариталарининг ишлаб чиқилиб, ижрога йўналтирилиши ҳам бунинг ёрқин далилидир.

 Ҳамкорлик Меморандумида белгиланган вазифаларнинг тўлақонли ижросини таъминлаш ҳамда қўшни давлатлар касаба уюшмалари билан ўзаро тажриба алмашиш амалиётини мунтазам йўлга қўйиш мақсадида икки мамлакат Республика кенгашлари томонидан жорий йил 30 январида 2023 йилга мўлжаланган йўл харитаси тасдиқланди.

Жорий йилнинг 21 февралида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сурхондарё вилоят кенгаши ҳамда Тожикистон касаба уюшмалари Федерацияси Хатлон вилояти кенгаши ўртасида 2023 йилга мўлжаланган йўл харитаси ишлаб чиқилиб имзоланди.

Йўл ҳаритасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, тармоқ касаба уюшмалари фаолияти билан яқиндан танишиш ва тажриба алмашиш мақсадида жорий йил 14-16 март кунлари Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси Хатлон вилояти касаба уюшмалари Кенгаши раиси Ризозода Абдурозиқ Шариф бошчилигида делегацияси Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди.

Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси Хатлон вилояти касаба уюшмалари Кенгаши делегацияси «Термиз халқаро савдо маркази» мажмуаси, Термиз Археология музейига саёҳат уюштирилиб, музей экспонатлари ҳамда бошланғич касаба ташкилоти фаолияти билан яқиндан танишдилар. Шундан сўнг, Термиз туманидаги Фаёзтепа ёдгорлиги, Султон Саодат зиёратгоҳлари билан танишдилар.

Вилоят касаба уюшмалари биносида икки дўст биродар вилоятлар касаба уюшмалари фаоллари иштирокида самимий мулоқот бўлиб ўтди. Кун якунида делегация аъзолари «Термиз марвариди» санаториясига ташриф буюдилар. Меҳмонларга санаторий имкониятлари ҳамда фаолияти ҳақида батафсил маълумот бериб ўтилди.

Ташрифнинг иккинчи куни Ҳаким ат-Термизий ва Исо ат-Термизий мажмуаларини зиёрат қилинди. Делегация аъзоларига мазкур мажмуаларга ташриф чоғида алломалар ҳаёти ва фаолияти, асарлари ҳақида қимматли маълумотларга эга бўлдилар.

Ташриф давомида делегация аъзолари «Наврўз» умумхалқ байрами муносабати билан касаба уюшмалари вилоят Кенгаши томонидан Термиз шаҳридаги «Амударё» болалар оромгоҳида ташкил этилган байрам дастури ва спорт мусобақаси жараёнларига ташриф буюрдилар.

Ташриф давомида оромгоҳда болаларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, халқ фаровонлиги йўлида юртимизда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларига юксак баҳо берди. Шундан сўнг, меҳмонлар спорт мусобақаларининг очилиш маросимида нутқ сўзлаб, иштирокчиларга омад тиладилар.

Шунингдек, делегация аъзолари мусобақа ўтказиш жараёнларини қизиқиш билан кузатиб, ўзаро шаҳмат, шашка мусобақаларида ўртоқлик ўйинларида иштирок этишди.

Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси Хатлон вилояти касаба уюшмалари Кенгаши делегацияси уч кунлик ташриф давомида ўзбек ҳалқининг меҳмондўстлиги, самимийлигини эътироф этиб ўз миннатдорлигини билдирдилар.

Ташриф якунида делегация аъзоларига ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари улашилиб тантанали кузатилди.