Тадбир ўтказилди


30.01.2019 й. Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Термиз шаҳар кенгаши ташаббусида Ислом Каримов номидаги Тошкент Давлат Техника Университети Термиз филиалида  Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудига бағишланган тадбир ўтказилди.

         Семинарда  Профессор ўқитувчилар ва талабалар иштирок этишди.

«Одамларни рози қилиш – устувор мақсадимиз»– дейди Сурхондарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Абдукарим Аҳмедов

28.01.2019. Юртимизда барча соҳаларда туб ўзгаришларнинг самарали амалга оширилишида халқ билан яқиндан мулоқот қилиш, одамларнинг дард-у ташвишлари, ҳаётий муаммоларини жойида ҳал этиш бўйича ўзига хос янги тизим яратилгани муҳим ўрин тутмоқда. Бу ҳар бир раҳбар зиммасига Конституциямизда ўз ифодасини топган асосий мақсад – инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш вазифасини юклайди. Ислоҳотлар касаба уюшмалари фаолиятини ҳам янгича маъно ва мазмун билан бойитаётир.

– Воҳамиздаги 2800 дан зиёд корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган 400 мингдан ортиқ, нодавлат секторда фаолият олиб бораётган 285 минг нафардан ортиқ ходимларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланиши, соғломлаштирилиши, уларга муносиб иш шароитлари яратилишида ташкилотимизнинг ўз ўрни бор, — ­дейди Сурхондарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси А.Аҳмедов. – Чунончи, Бош келишув асосида вилоят ҳокимлиги, бирлашма кенгаши ва Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид минтақавий келишув имзоланиб, касаба уюшма хизматига олинган 12036 та юридик шахснинг 12029 тасида қабул қилинган жамоа шартномалари асосида жами 294246 нафар ишловчининг манфаатлари қамраб олинган. Жамоа шартномаларига ходимларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтирувчи меъёрлар, иш ҳақи миқдорини оширишни назарда тутувчи бандлар, иш вақти ва дам олиш вақти соҳасида қўшимча имтиёзлар, ижтимоий ҳимояни кенгайтириш чоралари киритилиши натижасида ўрта ҳисобда бир ходимга йил давомида сарфланган маблағ 1 миллион 623 минг сўмни ташкил этмоқда.

Касаба уюшмаларининг меҳнаткашлар иш шароитларини яхшилаш, ҳақ-ҳуқуқлари, меҳнат муҳофазасини таъминлаш каби кенг қамровли фаолиятида инсон манфаатлари бош омил ҳисобланади. Айниқса, бугунги кунда одамлар ҳаётига чуқур кириб борилаётганини қайд этиш жоиз. Буни билдирилаётган илиқ фикр-мулоҳазалардан ҳам сезиш қийин эмас. Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасига келган ташаккурномалардан бирида шундай дейилади:
«Турмуш ўртоғим 10 йилдан буён иш жойи­­да соғлигига етказилган зарар учун товон пулини ололмай сарсон-саргардон бўлди. Бирлашма кенгашига мурожаат қилганимиздан сўнг, бир ой муддатда муаммомизга ечим топилди. «Шарғун кўмир» АЖдан турмуш ўртоғимга 74,2 миллион сўмлик товон пули ундириб берилди. Дардимизга бефарқ бўлмай, мушкулимизни осон қилиб, оиламизга қувонч олиб кирганингиз учун сиз – касаба уюшма фидойиларига чин кўнгилдан миннатдорлик билдираман», дейди Сариосиё тумани «Жаннатмакон» маҳалласининг Озодлик қишлоғида яшовчи Замира Турсунова.
«Инсон шаъни, қадри улуғланаётган юртда яшаётганимдан бахтлиман. Айниқса, кам таъминланган ва ногиронлиги бор инсонлар яшаётган оилаларга муҳтарам Президентимиз томонидан улкан эътибор кўрсатилмоқда. Яқинда вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Мавлуда Қобилова, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси А.Аҳмедов бош-қош бўлиб, уйимизни таъмирлашда яқиндан кўмак кўрсатишди. Уларнинг шарофати билан хонадонимиз файзга тўлди», деб ёзган Термиз шаҳридаги «Паттакесар» маҳалласида яшовчи Наргиза Муқимова.
Шу маҳаллада истиқомат қилувчи Норой Хонованинг дил сўзлари тўла мактуби ҳам эътиборни тортади: «Мамлакатимизда амалга оширилаётган меҳр-мурувват ишларидан кўнг­лимда умид уйғониб, яроқсиз аҳволга келиб қолган уйимни таъмирлашга ёрдам сўраб ариза ёзгандим. Ўша куниёқ ҳолимдан хабар олиб, амалий ёрдам беришди. Инсон манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйиб, фидокорона меҳнат қилаётган жамоа вакилларидан чексиз миннатдорман».
Бу каби ташаккурномаларни яна ва яна келтиришимиз мумкин.

Инсонларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш касаба уюшмалари фаолиятининг бош мақсадидир. Бирлашма фаоллари бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда уйма-уй юриб, муаммоларни ўрганиб, жойида ижобий ҳал этишни узлуксиз йўлга қўйган. Аҳолининг ночор ва эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Айниқса, кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга кўрсатилаётган беғараз ёрдамлар кўнгил яраларига малҳам бўлмоқда. Ўтган йили 3010 та хонадонга қарийб 2 миллиард 969 миллион сўмлик газ плита ва баллонлари, чангютгич, кир ювиш машиналари каби маиший техникалар туҳфа қилиниб, 490 та оиланинг уй-жойлари 5 миллиард 244 миллион сўм маблағ эвазига таъмирлаб берилди. Касаба уюшмалари етакчилигида 65 та кам таъминланган, ночор оилаларга 6 миллиард 965 миллион сўмлик янги уй-жойлар қуриб берилганини айтмайсизми! Шу билан бирга, 168 нафар беморнинг соғлиғини тиклаш учун 640 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.
Касаба уюшма ходимларининг уйма-уй юриб, шакллантирган рўйхатига асосан Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 октябрдаги тегишли қарори билан 964 та оилага тикувчилик, иссиқхона, парранда, чорвачилик йўналиш­ларини ривожлантириш учун 9,1 миллиард сўмлик 4 фоизли имтиёзли кредитлар олишда амалий ёрдам кўрсатилди. Савобли ишлар давом этттирилиб, 46 жуфт келин-куёвнинг никоҳ тўйлари, 355 нафар болажоннинг суннат тўйларини ўтказишга 1,1 миллиард сўм маблағ сарфланди. Қолаверса, ногиронлиги бор 20 нафар фуқарога 31,5 миллион сўмлик тикув машиналари олиб берилиб, уларнинг доимий иш ўрни билан таъминланишига кўмаклашилди.

Президентимизнинг «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлашда ҳам бирлашма томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган йил давомида 7981 нафар хотин-қизга 1 миллиард 28 миллион сўмлик ижтимоий ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, Термиз шаҳридаги 19 нафар ногиронлиги бўлган, кам даромадли аёлларга 28,5 миллион сўмга энг сўнгги русумдаги «ЯМОТА» тикув машиналари олиб берилиб, уларнинг касаначилик билан шуғулланиши учун шароит яратилди. Йил давомида 568 нафар ишчи-ходимнинг Самарқанд, Бухоро, Навоий, Душанбе шаҳарларига саёҳатлари уюштирилди.
Эътиборлиси, касаба уюшмалари томонидан кам таъминланган оилаларнинг 56 нафар ногиронлиги бўлган хотин-қизларига 5 миллиард 880 миллион сўмлик уй-жойлар қуриб берилмоқда.
Хотин-қизларнинг меҳнатга оид ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолиятда алоҳида ўрин эгаллайди. Мисол учун, Жарқўрғон туманидаги «Ўрикли» маҳалласида яшовчи Ҳафиза Қурбоналиева ҳуқуқи бузилгани тўғрисида мурожаат қилганди.
– Ишдан ноқонуний бўшатишгани боис, вазифамга қайта тикланишимда ёрдам сўраб қилган мурожаатим вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси мутахассислари томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди, – дейди Ҳ.Қурбоналиева. – Ҳақиқат қарор топди. Қадрдон жамоамда яна ишлай бошладим. Амалий ёрдам учун касаба уюшмаларидан чексиз миннатдорман.

– Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун!» деган ғоя мужассам. Муҳтарам Президентимиз томонидан ана шу ҳаётбахш ғоя асосида қабул қилинаётган қатор фармон ва қарорлар касаба уюшмаларининг ҳам фаолият майдонини кенгайтирмоқда, уни тобора халққа яқинлаштирмоқда, – ­дейди вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Абдукарим Аҳмедов. – Одамларни рози қилиш – устувор мақсадимиз. Зеро, ҳар бир ишловчи касаба уюшмалари тимсолида, таъбир жоиз бўлса, ўзининг суянган тоғини, эркин ишлаш кафолатлари, ҳақ-ҳуқуқларининг мустаҳкам ишончли ҳимоя­чисини кўрмоғи лозим. Мухтасар айтганда, биз меҳнат қилаётган қутлуғ даргоҳдан ҳеч ким ноумид бўлиб чиқмаслиги керак.

  Рустам ДАВЛАТОВ

Экологик хайрия хашари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил
22 январдаги 41-Ф-сонли фармойишига асосан Оролбўйидаги экологик ҳалокат оқибатларини юмшатиш борасидаги ташаббуслар ва саъй-ҳаракатларни ҳамда минтақада аҳолининг яшаш шароитларини қўллаб-қувватлаш учун ўтказилаётган умумҳалқ экологик хайрия хашарида Сурхондарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг ходимлари эрта тонгдан ўз ҳиссаларини қўшмоқда.

Йил якуни

17.01.2019й. Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси Сурхондарё вилоят бирлашаган касаба уюшмаси қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди.Йиғилишда тармоқ тизимидаги ташкилотларда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ижроси муҳокама қилиниб, 2019 йилда амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.

Ўқув-семинар бўлиб ўтди

Сурхондарё вилоят агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси тизимида “Қишлоқ хўжалигида меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигини таъминлаш” лойиҳасини амалга ошириш юзасидан 2018-2020 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар дастури ижросини таъминлаш мақсадида, вилоят қишлоқ хўжалиги ходимлари иштирокида ўқув-семинар ўтказилди.

Пленум ўтказилди

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини таъминлаш бўйича Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшма Термиз шаҳар кенгашининг V-Пленум мажлиси ўтказилди.

Олтинсойда тадбир ўтказилди.

10.01.2019.  Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмалари Олтинсой туман  кенгаши томонидан  14 январь –  Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан тумандаги таълим муассасаларида фаолият юритаётган байналминал-жанчилар ва Чернобиль фожиасини бартараф қилиш иштирокчиларини совғалар билан тақдирлашди.