Сурхондарё вилоят ҳокими Т.А.Боболовнинг “11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни” байрами муносабати билан соҳа ходимларига ТАБРИГИ

Ассалому-алайкум азиз меҳмонлар,
Хурматли Касаба уюшма фаоллари!
Аввало, Сизларни ва Сиз орқали барча вилоятимиз касаба уюшма аъзоларини 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни байрами билан билан чин қалбимдан табриклаб, ўзимнинг эзгу тилакларимни билдираман.
Бугунги кунда вилоятимиз касаба уюшмалари ўз сафида 340 мингдан зиёд аъзоларни бирлаштириб, уларнинг меҳнатга оид ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда яқиндан ёрдам кўрсатиб келмоқда. Халқимиз бугун «Янги Ўзбекистон»ни барпо этишдек муқаддас ғоя атрофида бирлашмоқда. Шунга ҳамоҳанг равишда, касаба уюшмалари ҳам ўз фаолиятини «Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик», «Янги Ўзбекистон – Янги касаба уюшмалари» шиори остида бугунги кун талабидан келиб чиқиб ташкил этаётганлиги таҳсинга лойиқдир.
Бир сўз билан айтганда касаба уюшмалари меҳнаткашлар ташкилотидан умумхалқ ташкилотига айланиб бормоқда.
Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан Юртимизда «11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни» деб белгиланиши, «Ўзбекистон касаба уюшмалари тўғрисида»ги Қонунининг қабул қилиниши, Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академиясининг ташкил этилиши нафақат соҳа ходимлари, балки бутун меҳнаткаш халқимиз учун катта совға бўлди. Чунки касаба уюшмалари бугунги кунда аҳолини ижтимоий ҳимоясига қаратилган ўз мақсади, йўналиши, янгича ёндашув асосида ишлаётган кучли бошқарув тизимига эга ташкилот сифатида жамиятда ўз ўрнига эга бўлди.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари !
“Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори асосида меҳнатсевар, захматкаш халқимизни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида касаба уюшмаларининг салмоқли ўрнини эътироф этмасликнинг иложи йўқ. Халқ хўжалигининг барча жабҳаларида бўлаётган ўзгаришларда, амалга оширлаётган ислоҳотларда касаба уюшмаларининг роли беқиёсдир.
Юртбошимиз раҳномолигида биргина Сурхондарё вилоятида сизнинг бевосита иштирокингизда «Аёллар дафтари» тизими орқали ўтган давр мобайнида 100 мингдан ортиқ аёлларга турли кўринишдаги кўмаклар берилиб уларнинг турмуш тарзи яхшиланишига эришилди.
Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, саломатлигини мустахкамлаш мақсадида кейинги 5-6 йилда вилоятимизда “Амударё” болалар оромгоҳи ҳамда “Термиз марвариди”, “Хўжаипок” ҳамда “Сангардак” санаторийлари қурилиб фойдаланишга топширилиши 15 мингга яқин юртдошларимиз ҳамда чет эл фуқароларининг дам олиш ва соғликларини тиклашда қўл келмоқда.
Мазкур бунёдкорлик ишларида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан вилоятимизга 250,0 млрд. сўмдан ортиқ инвестиция киритилганлигини этироф этишимиз жоиз!
Қайд этиш керакки, биргина жорий йил 10 ойи давомида 1600 нафардан ортиқ ходимлар ва уларнинг оила аъзолари, санаторийларда соғломлаштирилди, ушбу мақсадга 10 млрд сўм маблағ сарфланди.
19 минг нафардан ортиқ болаларнинг оромгоҳларда дам олишлари ташкил этилган бўлса, 1900 нафардан зиёд ходимлар ва уларнинг оила аъзоларининг республикамиздаги диққатга сазовор қадамжоларга жумладан Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларига саёҳатлари ташкил қилинди.
Азиз дўстлар!
Янги Ўзбекистонда «Инсон қадри учун» ғоясини умуммиллий ҳаракатга айлантиришда давлат ва жамоат ташкилотлари билан бир қаторда, ҳеч шубҳасиз, касаба уюшмалари ҳам муҳим ўрин тутади. Бугунги касаба уюшмалари ҳалқ дардини тинглайдиган, уларнинг муаммоларини ҳал этадиган, ишчи-ходимларнинг меҳнатга оид ҳуқуқларини таъминлайдиган катта ижтимоий кучга эга бўлган ташкилотдир. Шубхасиз, ватанимиз тарақиёти, юрт ободлиги, халқимиз фаровонлигини таъминлаш борасида касаба уюшмаларининг иштироки бундан кейин ҳам янада кучайиб боради.
Фурсатдан фойдаланиб, Сизларни қутлуғ айём – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни билан яна бир бор самимий муборакбод этиб, Сизларга сиҳат-саломатлик, олижаноб ишларингизда улкан зафарлар тилайман.
Юртимиз тинч, осмонимиз мусоффо бўлсин. Хонадонларингиздан ҳеч қачон тинчлик-хотиржамлик, файзу барака аримасин!

Эътиборингиз учун раҳмат! 

Print Friendly, PDF & Email