Tadbirkorlik sub’ektlarini davlat ro’yxatiga olish va hisobga qo’yishning xabardor qilish tartibi to’g’risidagi nizomga o’zgartirish va qo’shimchalar kiritish haqida

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
14.11.2013 й.
N ПҚ-2066

ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИНИ ДАВЛАТ
РЎЙХАТИГА ОЛИШ ВА ҲИСОБГА ҚЎЙИШНИНГ
ХАБАРДОР ҚИЛИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ
НИЗОМГА ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР
КИРИТИШ ҲАҚИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида» 2012 йил 18 июлдаги ПФ-4455-сонли Фармонига мувофиқ:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 24 майдаги ПҚ-357-сонли қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин.

2. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримов

Ўзбекистон Республикаси
Президентининг
2013 йил 14 ноябрдаги
ПҚ-2066-сон қарорига
1-ИЛОВА

Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига
олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш
тартиби тўғрисидаги низомга киритиладиган
ўзгартиш ва қўшимчалар

1. 10, 12, 13, 33-бандларнинг биринчи хатбошиларидаги «ўзи келган ҳолда ёки почта алоқаси орқали» сўзлари «ўзи келган ҳолда, почта алоқаси ёки Интернет тармоғи орқали» сўзлари билан алмаштирилсин.

2. Қуйидаги мазмундаги 13-1-банд билан тўлдирилсин:
«13-1. Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш учун мазкур Низомда назарда тутилган ҳужжатлар, 11-банднинг «г» кичик банди тўртинчи хатбошида ва 33-банднинг олтинчи хатбошида кўрсатилган ҳужжатлар мустасно этилган ҳолда, Интернет тармоғи орқали бир нусхада тақдим қилинади ва мурожаат этувчининг электрон рақамли имзоси билан имзоланади. Қоғозда расмийлаштирилган ва (ёки) берилган сканерланган ҳужжатларни тақдим этишга йўл қўйилади.
Рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан берилган, мазкур Низомда назарда тутилган электрон ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда, уларнинг асл нусхаларини мурожаат этувчи Интернет тармоғи орқали тақдим этишга ҳақли».

3. 24-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«24. Рўйхатдан ўтказувчи орган тадбиркорлик субъектига реал вақт режимида, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат статистика қўмитасининг Интернет тармоғидаги тегишли идоравий сайтларидан фойдаланган ҳолда олинган СТИР ва ОКПО кодларини беради».

4. 25-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

5. 28-банд:
қуйидаги мазмундаги бешинчи ва олтинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:
«Электрон шаклда тадбиркорлик субъектларига тақдим этиладиган ҳужжатлар, рўйхатдан ўтказувчи орган ваколатли шахсининг электрон рақамли имзоси билан имзоланади. Бунда мурожаат этувчи, ўзининг сўровномаси бўйича қоғозда расмийлаштирилган тегишли ҳужжатларни ўзи келган ҳолда ёки почта алоқаси орқали ҳам олиш ҳуқуқига эга.
Мазкур бандда назарда тутилган ҳужжатларни топшириш санаси Ўзбекистон Республикаси давлат интерактив хизматларини кўрсатиш Ягона порталидан фойдаланувчининг шахсий кабинети орқали тегишли электрон ҳужжатларни мурожаат этувчи томонидан қабул қилиб олган кун ҳисобланади, унинг мавжудлиги ҳақида мурожаат этувчи рўйхатдан ўтказувчи органга хабар беради»;
бешинчи хатбоши еттинчи хатбоши деб ҳисоблансин.

6. 30-банднинг биринчи хатбошидан «ва ариза-хабарнома нусхасини» сўзлари чиқариб ташлансин.

7. 32-банднинг учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«давлат статистика органлари — рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан берилган статистика кодларини текширади ва юридик шахсни Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат регистрига киритади».

8. 38-1-банднинг биринчи хатбошидаги «унинг тикланган нусхаси (дубликати) берилиши мумкин» сўзлари «унинг тикланган нусхаси, шу жумладан, электрон шаклдаги дубликати тақдим қилинади. Бунда давлат рўйхатига олинганлиги тўғрисида электрон шаклда аввал берилган гувоҳнома ҳақиқий эмас, деб ҳисобланади» сўзлари билан алмаштирилсин.

9. Низомнинг 3 ва 3а-иловалари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

«Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»,
2013 йил 18 ноябрь, 46-сон, 599-модда

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси»,
2013 йил, 11-сон, 323-модда

Ishbilarmonlik muhitini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ФАРМОНИ
07.04.2014 й.
N ПФ-4609

Ҳужжатнинг рус тилидаги
матнига қаранг

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА
ИНВЕСТИЦИЯ ИҚЛИМИ ВА ИШБИЛАРМОНЛИК
МУҲИТИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА
ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

Мазкур Фармонга ЎзР Президентининг 09.12.2014 й. ПФ-4677-сон Фармонига мувофиқ ўзгартиришлар киритилган

Қайд этиб ўтилсинки, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, жаҳон амалиётида умум қабул қилинган бизнесни юритиш шароитларини баҳолаш мезонлари тизимини жорий этиш ва шу асосда мамлакатимизнинг халқаро рейтингини янада оширишни таъминлаш бўйича кенг чора-тадбирлар комплекси қабул қилинди.
Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, кредит олиш, хўжалик низоларини кўриб чиқиш, бизнесни тугатиш жараёнлари сезиларли даражада соддалаштирилди ва арзонлаштирилди. Мулкни рўйхатдан ўтказиш, ер участкаларини ажратиш, қурилишга рухсатномалар бериш, электр тармоқларига уланишда «бир дарча» тамойилларини оммавий жорий этиш бўйича ишлар жадал суръатларда амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитининг ҳозирги ҳолати ва бизнесни юритиш шароитлари ҳали-ҳамон эркин бозор иқтисодиёти талаблари ва тамойилларига, умум қабул қилинган халқаро нормаларга тўлиқ ҳажмда жавоб бермаяпти. Аввалгидек тадбиркорлик фаолиятини ҳаддан ортиқча тартибга солиш ҳолатлари мавжуд, давлат органлари билан тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўзаро муносабатларнинг контактсиз шаклларини самарали жорий этиш имкониятлари тўлиқ ҳажмда ишлатилмаяпти. Бизнесни юритиш учун шарт-шароитларни яхшилаш бўйича қабул қилинаётган чора-тадбирлар жойларда етарли даражада амалиётга жорий этилмаяпти.
Ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш, максимал даражада қулай инвестиция иқлимини яратиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятининг очиқ-ойдинлигини ошириш, шу асосда тадбиркорлик фаолиятини юритиш шароитларини тубдан яхшилаш, янги иш жойларини барпо этиш ва иқтисодиётнинг хусусий секторида аҳоли бандлигини ошириш мақсадида:

1. 2014-2015 йилларда Инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни рағбатлантириш самарадорлигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар Дастури (кейинги ўринларда — чора-тадбирлар Дастури) 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
чора-тадбирлар Дастурига киритилган тадбирларнинг амалга оширилиши устидан тизимли назорат ўрнатсин, шу жумладан, уларни амалда жорий этишнинг натижадорлиги тўғрисида тадбиркорлик субъектлари ўртасида мунтазам сўровлар ўтказиш йўли орқали назоратни таъминласин;
икки ҳафта муддатда лицензия ва рухсатнома характерига эга ҳужжатларни олиш тартиботларидан ўтиш тартибини тубдан қисқартириш, соддалаштириш ва арзонлаштириш бўйича аниқ таклифларни киритсин.

3. Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, акциядорлик компаниялари, уюшмалар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бир ой муддатда ўзларининг расмий веб-сайтларида тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатлар масалаларини тартибга солувчи ахборотларни жойлаштирсинлар ва кейинчалик уларни доимий равишда янгилаб борсинлар, бунда қуйидагиларга асосий эътибор қаратилсин:
улар томонидан қабул қилинган идоравий меъёрий-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларни мажбурий равишда жойлаштириб бориш (тарқатилиши чегараланган ҳужжатлар ва тижорат сири баён этилган ҳужжатлар бундан мустасно);
тадбиркорлик субъектларига рухсатнома характерига эга ҳужжатларни, лицензиялар, сертификатлар ва бошқаларни расмийлаштириш ва беришнинг тартиби ва муддатлари;
тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари ва бошқа турдаги хизматлар кўрсатишнинг муддатлари ва нархи.
Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, акциядорлик компаниялари, уюшмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари раҳбарлари зиммасига белгиланган талабларга мувофиқ, уларнинг расмий веб-сайтларида жойлаштириладиган ахборотнинг тўлиқлиги ва ҳаққонийлиги юзасидан шахсий жавобгарлик юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, Адлия вазирлиги вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, акциядорлик компаниялари, уюшмалари ва маҳаллий ҳокимият органларининг расмий веб-сайтларини юритишда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатлар масалалари бўйича қўйиладиган талабларга риоя этилиши устидан тизимли назорат ўрнатсин.

4. Белгилаб қўйилсинки:
2014 йилнинг 1 июнидан давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий веб-сайтларида чоп этилмаган уларнинг тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатлар масалаларини тартибга соладиган меъёрий-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлари талабларини бузиш ҳолатлари учун тадбиркорлик субъектларига жавобгарлик чоралари қўллаш тақиқланади;
тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнини мураккаблаштиришни ва тадбиркорлик субъектларига янги юридик мажбуриятлар юклатишни назарда тутадиган, шунингдек тадбиркорлик субъектларига юридик жавобгарликнинг янги чораларини белгилайдиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар улар расман чоп этилган фурсатдан бошлаб, уч ойдан олдин бўлмаган муддатда кучга киритилади.

5. Солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлайдиган, шунингдек ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсиш суръатларини ва рентабеллигини таъминловчи кичик тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини солиқ текширувидан ўтказишга қўлланилган мораторий 2017 йилнинг 1 январигача бўлган муддатгача узайтирилсин (юридик шахсларни тугатишдаги, қўзғатилган жиноий ишлар доирасидаги, шунингдек бюджет ва марказлаштирилган маблағлар ва ресурсларидан фойдаланиш билан боғлиқ режадан ташқари текширувлар бундан мустасно).

6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, хўжалик бошқаруви органларининг 2014 йилнинг 1 июлидан бошлаб саноатнинг кўп меҳнат талаб қиладиган айрим тармоқлари бўйича кичик корхоналар ишчиларининг чекланган ўртача йиллик сонини ошириш тўғрисидаги таклифи 2-иловага мувофиқ қабул қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қўшимча таклифларни киритган ҳолда иқтисодиётнинг кўп меҳнат талаб қиладиган тармоқларида фаолият юритаётган микрофирмалар ва кичик корхоналарда қўшимча иш ўринларини ташкил этиш юзасидан тизимли мониторинг ўрнатсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, тижорат банклари кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига уларнинг ҳисобварақларидан солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашда банклар хизматлари учун тўловлар ундириш амалиётини бекор қилсинлар.

8. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
хўжалик юритувчи субъектларнинг солиқ, молиявий ҳисоботларни тақдим этмаслик ва уларни кўрсатилган манзилда йўқлиги ҳолатларида уларнинг тижорат банкларидаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш давлат солиқ хизмати органлари томонидан фақат суднинг тегишли қарори асосида амалга оширилади;
янгидан ташкил этилган кичик тадбиркорлик субъектлари (чакана савдо ташкилотларидан ташқари) давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб, 6 ой давомида, агар мазкур муддатда улар ўз эҳтиёжлари учун объектлар қурган тақдирда, қуриб битказилган объектни қабул қилиш ҳужжати тасдиқланган санадан бошлаб 6 ой ўтгунгача, бироқ уларнинг давлат рўйхатидан ўтганидан сўнг бир йилдан кўп бўлмаган даврда ягона солиқ тўлови ва ягона ижтимоий тўловларни ушбу тўловларнинг тасдиқланган энг кам миқдорларини ҳисобга олмаган ҳолда тўлайдилар. (ЎзР Президентининг 09.12.2014 й. ПФ-4677-сон Фармони таҳриридаги хатбоши) (Олдинги таҳририга қаранг)
2015 йилнинг 1 январидан бошлаб, кичик тадбиркорлик субъектлари статистика ҳисоботларини йилда бир маротаба тақдим этадилар, бунда статистика органлари ҳар чоракда фаолиятнинг тегишли йўналишлари ва соҳалари бўйича танланма асосдаги ўрганишларни ўтказиб борадилар.

9. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 3-иловага мувофиқ ўзгартишлар киритилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банк бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

11. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримов

*) 1-илова рус тилидаги матнда берилган.

Ўзбекистон Республикаси
Президентининг
2014 йил 7 апрелдаги
ПФ-4609-сонли Фармонига
2-ИЛОВА

2014 йилнинг 1 июлидан бошлаб кичик
корхоналарда ходимларнинг чекланган сони
йилига ўрта ҳисобда амалдагидан икки
бараварга ошириладиган тармоқлар
РЎЙХАТИ

Т/р Тармоқлар номи
Кичик корхоналардаги ходимларнинг
ўртача йиллик чекланган сони (нафар)

1. Қурилиш материаллари саноати
200
2. Енгил саноат
200
3. Озиқ-овқат саноати
200

Ўзбекистон Республикаси
Президентининг
2014 йил 7 апрелдаги
ПФ-4609-сонли Фармонига
3-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг
айрим Фармон ва қарорларига киритиладиган
ўзгартишлар

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ташкил этишни ва уларнинг фаолиятини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 1996 йил 31 майдаги ПФ-1467-сонли Фармонида:

а) 2-бандидаги «иловага мувофиқ» сўзлари чиқариб ташлансин;

б) иловаси ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хусусий тадбиркорлик, кичик бизнесни ривожлантиришни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 1998 йил 9 апрелдаги ПФ-1987-сонли Фармонининг 1-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. Белгилаб қўйилсинки, 2014 йилнинг 1 июлидан қуйидагилар кичик тадбиркорлик (бизнес) субъектлари тоифасига киритилади:
якка тадбиркорлар;
ишлаб чиқариш соҳасида йилига ўрта ҳисобда йигирма нафардан, хизмат кўрсатиш ҳамда бошқа ноишлаб чиқариш соҳаларида — ўн нафардан, улгуржи, чакана савдо ва умумий овқатланиш соҳасида — беш нафардан ошмайдиган ишчи ходимларга эга бўлган микрофирмалар;
қуйидаги соҳаларда йилига ўрта ҳисобда иш билан банд бўлган:
енгил, озиқ-овқат ҳамда қурилиш материаллари саноатида — икки юз нафардан;
металлга ишлов бериш ва асбобсозлик, ёғочсозлик ҳамда мебель саноатида — юз нафардан;
машинасозлик, металлургия, ёқилғи-энергетика ва кимё саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, қурилиш ва бошқа ишлаб чиқариш — саноат соҳасида — эллик нафардан;
илм-фан, илмий хизмат кўрсатиш, транспорт, алоқа, хизмат кўрсатиш соҳалари (суғурта компанияларидан ташқари), савдо ва умумий овқатланиш ҳамда бошқа ноишлаб чиқариш соҳаларида — йигирма беш нафардан ошмайдиган ходимга эга бўлган кичик корхоналар».

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 1 декабрдаги ПҚ-1236-сонли қарори билан тасдиқланган Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини тузиш жараёнида давлат бошқаруви органлари ва лойиҳалар ташаббускорларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 6-банди қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Маҳаллийлаштирилаётган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ишлаб чиқариш қувватлари доирасида Махсус Идоралараро комиссия ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилмаган ҳолда лойиҳалар ташаббускорлари томонидан амалга оширилади».

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик субъектларини текширишларни янада қисқартириш ва улар фаолиятини назорат қилишни ташкил этиш тизимини такомиллаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2011 йил 4 апрелдаги ПФ-4296-сонли Фармони 1-бандининг учинчи хатбошидаги «2014 йилнинг 1 апрелигача» сўзлари «2017 йилнинг 1 январигача» сўзлари билан алмаштирилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «1999 йилда хорижий инвесторлар иштирокида капитал қурилишни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида» 1998 йил 31 декабрдаги 548-сонли қарорида:

а) 1-бандидаги «(1-илова)» сўзлари чиқариб ташлансин;

б) 1-иловаси ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 19 майдаги 195-сонли қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2000 й., N 5, 25-модда) билан тасдиқланган Тижорат банклари томонидан кичик тадбиркорлик субъектларига, деҳқон ва фермер хўжаликларига Имтиёзли кредит бериш махсус жамғармаси ҳисобидан кредит бериш тартиби тўғрисидаги низомнинг 23-бандидаги «тижорат банкларининг бўлинмалари ва ўз таркибида бўлинмалари бўлмаган тижорат банклари учун, шунингдек хусусий банклар учун — 10 иш куни, банкларнинг вилоят бўлинмалари учун — 15 иш куни ва бош (республика) банклари учун — 20 иш куни» сўзлари «уч иш куни» сўзлари билан алмаштирилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 20 августдаги 178-сонли қарори билан тасдиқланган Мева-сабзавот ва чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича мини-технологиялар ва ихчам асбоб-ускуналар сотиб олиш учун фермер хўжаликларига ва кичик бизнеснинг бошқа субъектларига имтиёзли кредитлар бериш ва лизинг хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 14-бандидаги «10 иш куни» сўзлари «уч иш куни» сўзлари билан алмаштирилсин.

«Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»,
2014 йил 14 апрель, 15-сон, 163-модда

Hususiy mulk, kichik biznes va xususiy tadbirkorlikni himoya qilish,rivojlantirish chora tadbirlari

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ФАРМОНИ
15.05.2015 й.
N ПФ-4725

ХУСУСИЙ МУЛК, КИЧИК БИЗНЕС ВА ХУСУСИЙ
ТАДБИРКОРЛИКНИ ИШОНЧЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИШНИ
ТАЪМИНЛАШ, УЛАРНИ ЖАДАЛ РИВОЖЛАНТИРИШ
ЙЎЛИДАГИ ТЎСИҚЛАРНИ БАРТАРАФ ЭТИШ
ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА*

Республика иқтисодиётида хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириш, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, ялпи ички маҳсулотда хусусий мулк, жумладан, чет эл капитали иштирокидаги улушини изчил ошириш мақсадида:

1. Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар дастури иловага* мувофиқ тасдиқлансин, унда қуйидагилар инобатга олинсин:
тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортиш даражасигача ошириш;
хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатини кучайтириш, тадбиркорлик фаолиятини тартибга соладиган маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш жараёнини давом эттириш;
барча турдаги рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш, шунингдек ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни янада соддалаштириш;
хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратиш, уларнинг моддий ва кредит ресурсларидан фойдаланишини кенгайтириш, бизнес муҳитни яхшилаш.
Дастурга киритилган чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун шахсий жавобгарлик масъул ижрочилар — тегишли вазирликлар, идоралар, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органлар раҳбарларига, жойлардаги давлат ҳокимияти органларига юклатилсин.

2. 2015 йилнинг 1 июлидан шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари фаолиятига оид барча текширувлар режали тартибда назорат органлари томонидан тўрт йилда бир мартадан, бошқа хўжалик субъектларида эса фақат Ўзбекистон Республикаси Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши қарорига асосан уч йилда бир мартадан кўп бўлмаган тартибда амалга оширилади;
молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар ўтказиш муддати 10 календарь кунидан ошмайди;
тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар фақат сўнгги текширувдан кейинги даврни қамраб олади;
қўзғатилган жиноий ишлар муносабати билан хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан хўжалик юритувчи субъект жалб этган адвокатлар иштирокида (хўжалик юритувчи субъект томонидан ушбу ҳуқуқнинг рад этилиш ҳолатлари бундан мустасно) амалга оширилади;
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 184-моддасида назарда тутилган жиноятни (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) биринчи марта содир этган, жиноят аниқлангандан кейин 30 кун ичида давлатга етказилган зарарни тўлиқ қоплаган, пеня ва бошқа турдаги молиявий санкцияларни тўлаган шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилмайди ва у жавобгарликдан озод қилинади.

3. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси:
тадбиркорлик фаолияти эркинликлари кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликнинг қатъий ижро этилишида қабул қилинган нормаларни амалиётга жорий этиш устидан назоратни кучайтирсин, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини бузганлик учун ваколатли назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва ваколатли давлат органлари мансабдор шахсларининг муқаррар жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортишга қадар оширишни таъминласин;
2015 йилнинг 1 июлига қадар Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда «Ўзбектелеком» АК Қўнғироқларга хизмат кўрсатиш ягона маркази ва Бош прокуратура «ишонч телефони» базасида давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашиши, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг бузилишига доир масалалар бўйича мурожаатларни туну кун қабул қилиш ҳамда тадбиркорлик фаолияти эркинликлари кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликни бузишда айбдор бўлган шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўриш тизимини ташкил этсин.

4. Белгилаб қўйилсинки:
тегишли даъвони кўриб чиқиш даврида тадбиркорлик субъекти томонидан шикоят қилинганда судларга назорат қилувчи орган қарори ижросини вақтинча тўхтатиб туриш ҳуқуқи берилади;
солиқ ва божхона қонунчилиги тадбиркорлик субъектлари томонидан бузилиши билан боғлиқ ҳолатда уларнинг мол-мулклари фақат суд қарори бўйича мусодара қилинади;
тадбиркорлик субъектлари томонидан эътироз қилинадиган қўшимча ҳисобланган божхона тўловлари хўжалик суди қарори бўйича ундирилади;
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар ҳамда идоралар билан ҳамкорликда уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаат ва ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, тадбиркорлик субъектлари даъволарини кўриб чиқиш муддати, жумладан, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали тезлаштиришни таъминлаш бўйича суд органлари роли ва фаолияти самарадорлигини янада ошириш борасида таклифлар киритсин.

5. 2015 йилнинг 1 июлидан якка тартибдаги тадбиркорларга, фаолиятидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир ёлланган ишчи учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида суғурта бадали ва якка тартибдаги иш берувчи тадбиркор учун белгиланган солиқ ставкасининг 30 фоизи миқдорида солиқ тўлаш шарти билан бир нафардан уч нафаргача ишчини ёллаш ҳуқуқи берилади.
Якка тартибдаги тадбиркорлар касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишга ёллаган ҳолатда коллежни битиргандан бошлаб ўн икки ой мобайнида ёлланма ишчилар учун белгиланган солиқдан озод этилади.

6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Савдо-саноат палатасининг туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари негизида тадбиркорлик субъектларига «бир дарча» (кейинги ўринларда «бир дарча» марказлари) тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига адлия органлари ходимларининг чегараланган миқдорини сақлаб қолган ҳолда, «бир дарча» марказлари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва услубий кўмак кўрсатиш вазифалари юклатилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан:
2015 йилнинг 1 июлига қадар турли идоралар ҳузуридаги «бир дарча» хизматлари томонидан кўрсатилаётган давлат хизматлари тўлиқ инвентаризациядан ўтказилсин, «бир дарча» марказлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар тизимга интеграция қилинсин, таъсис ҳужжатлари ва давлат хизматларидан фойдаланиш учун тақдим этиладиган бошқа ҳужжатлар, жумладан, лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомилларининг намунавий шакллари ишлаб чиқилсин;
«бир дарча» марказларининг фаолияти 2016 йилнинг 1 январидан кечиктирмасдан бошланиши таъминлансин, шу муддатдан бошлаб «бир дарча» марказлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар учун бошқа давлат ва хўжалик бошқарув органларига тадбиркорлик субъектларидан бевосита ҳужжатлар қабул қилиш тақиқлансин.

8. Белгилансинки, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олишдан тушаётган давлат божининг жами суммаси туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари даромадига, 2016 йилнинг 1 январидан эса «бир дарча» марказларини молиялаштириш манбаи сифатида уларнинг даромадига ўтказилсин, келиб тушган маблағлар фақат марказлар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ходимларни рағбатлантириш мақсадларига йўналтирилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банк, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчиликка ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар тақдим этсин.

10. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримов

*) Илова рус тилидаги матнда берилган.

«Халқ сўзи», 2015 йил 16 май

«Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»,
2015 йил 25 май, 20-сон, 251-модда

Fermerlarga e’tibor

2015 йил 15 октябрь куни Олтинсой туманида пахта йиғим теримида Давлат режасини ортиғи билан бажарган 7 та фермер хўжаликлари рахбарларига агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшма туман кенгаши томонидан 500,0 минг сўмлик эсдалик совғалари топширилди.

Sovg’alar topshirildi

Жорий йилнинг 1 октябрь куни Қизириқ туман таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси кенгаши ҳамда туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими билан ҳамкорликда “Устозлар ва мураббийлар куни” муносабати билан катта тадбир ўтказди. Унда бир гуруҳ устоз мураббийларга туман таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси кенгаши томонидан қимматбаҳо совғалар тарқатилди.

Ilg’or terimchilar rag’batlantirildi

Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Олтинсой туман кенгаши томонидан 2015 йил 30 сентябрь куни Олтинсой туманида пахта йиғим теримида қатнашаётган 92 нафар теримчиларга дастурхон ёзилиб, ош тайёрланиб уларнинг ҳолидан хабар олинди.
31 нафар илғор теримчиларга касаба уюшмаларининг 2740,0 минг сўмлик қимматбаҳо совғалари топширилди.

Faxriylarga e’tibor

Жорий йилнинг 29 сентябрь куни Ангор туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими ва туман таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси кенгаши ҳамкорликда 1 октябрь ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами муносабати билан уйда кексалик гаштини сураётган фахрий ва ногирон ўқитувчилар холидан хабар олинди. Фахрий ўқитувчиларга касаба уюшма кенгашининг эсдалик совғалари топширилди.

Hasharchilarga yordam

Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Термиз тумани Кенгаши ҳисобидан 2015 йил пахта йиғим — теримида қатнашган илғор теримчиларга 2140.0 сўмлик қимматбаҳо совғалар ҳамда 410.0 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.