КАСАБА УЮШМАСИДАН МИННАТДОРМАН
Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган интилувчан, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларга ғамхўрлик қилиш ҳамда иш жараёнида фаоллик кўрсатиб келаётган ёшларни моддий рағбатлантириш мақсадида касаба уюшмалари бир қатор ишларни амалга ошириб келмоқда.
Корхона, ташкилотларда тузилган жамоа шартномалари ва келишувларида алоҳида “Ёшлар учун қўшимча имтиёз ва кафолатлар” бўлими мавжуд бўлиб, ушбу бўлимда кам таъминланган ёшларни мунтазам рағбатлантириб бориш, уларнинг соғлиқларини мустаҳкамлашга кўмаклашишга катта эътибор қаратилган.
Шу ўринда ёшлар ўртасида касаба уюшмаси стипендиясининг жорий этилиши ҳамда санаторийларга бепул йўлланмаларнинг берилиши кўплаб йигит-қизларимизга қанот бўлаётгани бежиз эмас.
Бугун Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институтида ташкил этилган тадбир диққат марказида ҳам айни масала бўлди.
Интилувчан, тиришқоқ, ҳаётнинг аччиқ синовларга қарамасдан, олдига улкан мақсадларни қўйиб, ниятларига эриши асносида дадил олға одимлаётган Қорашоева Гуландом айни пайтда Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институти талабаси учинчи босқичида таҳсил олмоқда. У бу йил касаба уюшмаси стипендиясини олишга муваффақ бўлди. Ижтимоий кўмакка муҳтож Гуландомнинг шароити, ўқишдаги ютуқлари, фаоллиги инобатга олиниб, у жорий йилда касаба уюшмаси стипендиясига муносиб деб топилди. Моддий томондан қийналган, кези келса ўқишни ҳам ташлаб кетишга рози бўлган қахрамонимиз бугун касаба уюшмаларидан мамнун.
Касаба уюшмаларининг ёшларни қўллаб-қувватлашдаги бу каби амалий ишлари давом этмоқда.