Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш қоидалари

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сон қарорига асосан  “Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида” ги Низом тасдиқланди

Дарҳақиқат, ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида низом  қабул қилинганидан кейин Ўриндошлик бўйича ишлаш тартиби бир талай ўзгаришларга учради.

Низом мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхоналар, муассасалар, ташкилотларда (кейинги ўринларда ташкилот деб аталади) меҳнат шартномасига (контрактга) (кейинги ўринларда меҳнат шартномаси деб аталади) мувофиқ ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишловчи жисмоний шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг меҳнат муносабатларини тартибга солиш қоидаларини белгилайди.

ўриндошлик асосида ишлаш — ходимнинг ўзининг асосий ишини бажаришидан ташқари асосий ишидан бўш вақтида меҳнат шартномаси асосида бошқа ҳақ тўланадиган ишни бажариши тушунилади.

Низом талабларига кўра асосий иш жойи — Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 81-моддасига мувофиқ иш берувчи томонидан ходимнинг меҳнат дафтарчаси юритиладиган ташкилот ҳисобланади.

— Ўриндошлик асосида асосий иш жойида (ички ўриндошлик) ёхуд бошқа ташкилотда (ташқи ўриндошлик) ишлашга йўл қўйилади.

Ходимнинг асосий иш жойи ҳисобланган ташкилотда ўриндошлик асосида ишлашга вақтинча бўлмаган ходимнинг ишини бажаришда ёки бўш лавозимдаги ишни бажаришда йўл қўйилади.

— Ўриндошлик асосида бошқа ташкилотга ишга кираётган шахслар:

паспортни ёхуд унинг ўрнини босадиган ҳужжатни;

меҳнат дафтарчаси ўрнига асосий иш жойидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шакл бўйича маълумотномани тақдим этиши шарт.

— Ўриндошлик асосида ишлашнинг давомийлиги ходимларнинг ушбу тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Ходим асосий иш жойидаги меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод бўлган кунларда у ўриндошлик асосида тўлиқ иш кунида ишлаши мумкин.

Агар ташкилотда ўриндошлар учун иш вақти давомийлигининг ҳар кунги ярим нормасига риоя этилиши мумкин бўлмаган тақдирда иш вақтини жамлаб ҳисоблаб юритишга йўл қўйилади. Иш вақти жамлаб ҳисоблаб юритилганда ўриндошлик асосида иш вақтининг умумий давомийлиги ҳисобга олинадиган давр учун ўриндошлик асосидаги лавозим бўйича иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлмаслиги керак. Бунда ҳисобга олинадиган давр бир ойдан ортиқ бўлмаслиги, кунлик ишнинг давомийлиги эса — ўн икки соатдан ортиқ бўлмаслиги керак.

— Ўриндошлик асосидаги иш жойидан берилган маълумотнома асосий иш жойида сақланади.

-Ходимнинг илтимосига кўра унинг меҳнат дафтарчасига ўриндошлик асосидаги иш тўғрисидаги маълумотлар киритилади.

Меҳнат шартномаси бекор қилинишининг асослари (сабаблари) меҳнат дафтарчасига ёзилмайди.

— Қуйидагиларнинг ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланади:

ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар;

агар шахснинг асосий иши меҳнатнинг ноқулай шарт-шароитлари билан боғлиқ бўлса, шундай шарт-шароитдаги ишларда ишлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони ва Вазирлар Маҳкамаси аппарати ходимлари, давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ва таркибий бўлинмалар бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари;

бир-бирига бўйсунувчи ёки бир-бирининг назоратидаги ташкилотларда давлат бошқаруви органлари мутахассислари — соғлиқни сақлашни бошқариш органларида банд бўлган врачлар ва таълимни бошқариш органларида банд бўлган ўқитувчилар бундан мустасно;

қонун ҳужжатларига мувофиқ ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланган бошқа шахслар (ходимлар).

-Ўриндошлик асосида ишлаш учун иш берувчининг, асосий иш жойидан касаба уюшмаси қўмитасининг (ходимларнинг бошқа вакиллик органининг) ёки бошқа органнинг розилиги талаб қилинмайди.

— Ўриндошлар меҳнатига ҳақ тўлаш меҳнат шартномасига мувофиқ амалга оширилади.

— Ўриндошлик асосида ишловчи шахсларга ҳар йилги асосий, шунингдек ўриндошлар ҳақли бўлган қўшимча таътиллар асосий иш жойидаги ҳар йилги меҳнат таътили билан бир вақтда берилади.

Агар ўриндошлик асосида ишлашнинг биринчи иш йилида ходим олти ойдан кам ишлаган бўлса, у ҳолда ўриндошлик асосидаги ишда таътил учун ишланган вақтга пропорционал ҳақ тўланади.

Биринчи иш йилида олти ой ишлаган ўриндошларнинг меҳнат таътилига, шунингдек ишнинг кейинги йиллари учун меҳнат таътилига ўриндошлик асосидаги ишнинг ўртача иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда одатдаги тартибда ҳақ тўланади.

— Асосий иш жойи бўйича ҳақ тўланадиган меҳнат таътилининг давомийлиги ўриндошлик асосидаги иш ҳақи тўланадиган меҳнат таътилининг давомийлигидан ортиқ бўлса, у ҳолда иш берувчи ўриндошнинг илтимосига кўра унга ўриндошлик асосидаги иш ҳақи тўланадиган таътилдан ташқари асосий иш бўйича ҳақ тўланадиган таътилнинг қанча давом этиши билан ўриндошлик асосидаги иш ҳақи тўланадиган таътилнинг тафовутини ташкил этувчи кунлар учун иш ҳақи сақланмайдиган таътил беришга мажбурдир.

— Ўриндошлар ўриндошлик асосидаги иш жойи бўйича вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси олиш, аёллар эса, бундан ташқари, ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари олиш ҳуқуқига эгадир.

— Соғлиқни сақлаш муассасаси томонидан берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси ўриндошлик асосидаги иш жойидан нафақа олиш учун асос ҳисобланади.

Бир неча касб ва лавозимда ишлаш деб ходим томонидан меҳнат шартномасида келишилган ўзининг асосий иши билан биргаликда бошқа касб ва лавозим бўйича қўшимча иш бажарилиши ва ички тартиб-қоидалар билан белгиланган ўзининг асосий ишидан озод бўлмаган ҳолда, вақтинча бўлмаган ходимнинг вазифаларини бажариши ҳисобланади.

-Ташкилотнинг ходими қўшимча ишни бажарадиган муддат, унинг мазмуни ва ҳажми иш берувчи томонидан, ходимнинг ёзма розилиги бўйича белгиланади.

— Бир неча касб ва лавозимда ишлаш, ўзининг асосий иши билан биргаликда вақтинча бўлмаган ходимларнинг вазифаларини бажарганлик учун қўшимча ҳақ тўланади.

— Бюджет ташкилотларида қўшимча ҳақ миқдори бир неча касб ва лавозимда ишлагандаги лавозим маошининг 30 фоизидан юқори бўлиши мумкин эмас.

— Бир неча касб ва лавозимда ишлаш тартиби ва шартлари хизмат кўрсатиш доираси кенгайганда ёки бажариладиган ишлар ҳажми ортганда ҳам қўлланилади.

Ўриндошлик асосида ишлаш ҳисобланмайдиган ишлар

РЎЙХАТИ

  1. Илмий фаолиятни ёки ўқитувчилик фаолиятини амалга ошириш, агар бундай фаолият асосий иш жойи бўйича бажариладиган иш ҳисобланмаса.
  2. Фан, адабиёт ва санъат асарлари яратиш.
  3. Ходим томонидан, асосий ишдан ташқари, ўша ташкилотнинг ўзида штат лавозимини эгалламасдан бошқа ишни бажариш, шу жумладан:

умумтаълим мактаблари ўқитувчилари ҳамда касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ўқитувчилари томонидан кабинетларга, лабораторияларга мудирлик қилиш бўйича вазифаларни бажариш, тўгаракларга раҳбарлик қилиш, шунингдек улар томонидан белгиланган юкламадан ортиқ ўқув-тарбиявий ишларни бажариш;

ишнинг ушбу тури бўйича иш вақти нормал давом этишининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳажмда меҳнатга соатбай ҳақ тўланадиган педагогик иш;

таълим муассасалари раҳбарларининг ўқитувчи лавозими бўйича йиллик иш режасида (иш вақти нормаси билан) назарда тутилган жами иш вақтининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳажмда ўқитувчилик иши;

ташкилотлар муҳандис-техник ходимларининг талабалар ва ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш таълими ва амалиётига раҳбарлик қилиш бўйича иши;

тиббиёт ходимларининг белгиланган вақт нормасидан ортиқча навбатчилик қилиши;

Ҳукумат қарорлари билан ходимнинг иш ҳақига устамалар белгиланган вазифаларни бажариш.

  1. Муаллифлик гонорари шаклида ҳақ тўланадиган адабий иш, шу жумладан алоҳида асарларни таҳрир, таржима қилиш ва уларга тақриз ёзиш бўйича ишлар.
  2. Меҳнатга бир марта ҳақ тўланган ҳолда техник, тиббий, бухгалтерия, ҳуқуқий ва бошқа экспертиза (маслаҳат бериш).
  3. Умумтаълим мактаблари ва мактабдан ташқари таълим муассасалари ўқитувчилари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари усталари, мактабгача таълим муассасаларининг педагог ходимлари, таълим муассасалари концертмейстерлари ва аккомпаниаторларининг айнан бир таълим муассасасидаги ўқув юкламасининг белгиланган нормасидан ортиқча иши.
  4. Соғлиқни сақлаш муассасаларида ойига 24 соатдан ортиқ бўлмаган ҳажмда, меҳнатга бир марта ёки соатбай ҳақ тўланган ҳолда, тиббиёт маслаҳатчилари вазифаларини бажариш.
  5. Илмий-тадқиқот муассасаларида ва олий таълим муассасаларида ушбу таълим муассасалари штатида турмаган илмий ходимлар томонидан катта илмий ходимларга — изланувчиларга раҳбарлик қилиш.
  6. Ходим томонидан сиёсий партиялар, касаба уюшмалари ва жамоат бирлашмалари марказий ва ҳудудий органларининг сайлаб қўйиладиган лавозимларида раҳбар ходим, Кузатувчи кенгаш ёки Директорлар (бошқарувчилар) кенгаши раиси ёки аъзоси, Маҳсулот тақсимотига оид битим доирасида қўмитани бошқарувчи, ишончли бошқарувчи ёки ташкилотда давлатнинг ишончли вакили сифатида бажариладиган иш.
  7. Жамоатчилик асосида бажариладиган ишлар.

 

Фуқаролардан  тушган мурожаатларга ҳуқуқий маслаҳатлар

            Холматова Холида  Шўрчи  тумани

            Савол: Қарамоғимда 3 ёшга тўлмаган фарзандим бор, иш берувчи мен билан тузилган меҳнат шартномасини ўзининг ташаббуси билан бекор қилишга ҳақлими?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 237-моддаси 1-қисмида “Ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади. Мазкур аёлларни ишга жойлаштиришни маҳаллий меҳнат органи уларни ишга жойлаштириш даврида қонун ҳужжатларида белгиланган тегишли ижтимоий тўловлар билан таъминлаган ҳолда амалга оширади” деб кўрсатилган.

Мазкур модданинг талабига кўра фарзандингиз 3 ёшга тўлмаганлиги сабабли, иш берувчи ўзининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли эмас. Фақатгина корхона тугатилиши муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин, бундай ҳолларда иш берувчи Сизни иш билан таъминлаш чорасини кўриши шарт.

            Усанова  Гулчеҳра   Термиз шаҳри

            Савол: Иш берувчи менга ўзининг ихтиёрига асосан 2 ёшгача нафақа тўлаган, ҳозирги вақтда иш берувчи ушбу нафақани ноқонуний тўлаганлиги сабабли, қайтариб тўлашни талаб қилмоқда. Иш берувчининг ҳаракати тўғрими?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 279-моддасида “Иш берувчи томонидан ихтиёрий равишда тўланган, шу жумладан қонунни нотўғри қўлланиш оқибатида тўланган ортиқча иш ҳақи қайта ундириб олиниши мумкин эмас, ҳисоб-китобда йўл қўйилган хато оқибатидаги ортиқча тўловлар бундан мустасно.

Ходимга у берган ёлғон маълумотлари ёки тақдим этган сохта ҳужжатлари оқибатида тўланган суммалар ундан суднинг қарори ёки ҳукми асосида ундириб олинади” деб кўрсатилган.

Мазкур модданинг талабига кўра, иш берувчи томонидан Сизга ихтиёрий равишда тўланган, шу жумладан қонунни нотўғри қўлланиш оқибатида тўланган ортиқча иш ҳақи қайта ундириб олиниши мумкин эмас.

             Турсунов Далер   Термиз шаҳри

            Савол: Ишлаб турган вақтда мажбурий ҳарбий хизматга чақирилдим. Ҳарбий хизматни ўтаб қайтганимдан сўнг ўз ишимни давом эттиришга ҳақлиманми?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 68-моддаси 4, 5-бандларида “Ҳарбий хизматга чақирилган (ўтган) ходим резервга бўшатилган ёки истеъфога чиққанидан кейин, башарти, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафидан, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қўшинларидан бўшатилган кунидан бошлаб узоғи билан уч ой ичида ишга жойлашиш масаласида иш берувчига мурожаат этган бўлса, аввалги иш жойида ишга жойлашиш ҳуқуқига эгадир.

Ҳарбий хизматга чақирилган (ўтган), лекин кейинчалик резервга бўшатилган ёки истеъфога чиққан ходим, агар унинг ҳарбий хизматга чақирилган (ўтган) кунидан бошлаб уч ойдан ортиқ вақт ўтмаган бўлса, аввалги иш жойига (лавозимига) қайтиб келиш ҳуқуқига эга” деб кўрсатилган.

Мазкур модданинг талабига кўра ҳарбий хизматни ўтаганингиздан сўнг  узоғи билан уч ой ичида ишга жойлашиш масаласида иш берувчига мурожаат этган бўлсангиз, аввалги иш жойингизга ишга жойлашиш ҳуқуқга эгасиз.

Хайитова Роза Термиз шаҳри

            Савол: Ходимларга ойлик иш ҳақи сақланмаган таътили қанча муддатга берилади?

            Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 150-моддаси талабига кўра

Ходимнинг аризасига кўра унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши мумкин, унинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади, лекин у ўн икки ойлик давр мобайнида жами уч ойдан ортиқ бўлмаслиги керак.

Тўхтамишев Баҳром Термиз шаҳри

            Савол: Мен 5-йил давомида йиллик меҳнат таътилидан фойдаланганим йўқ. Меҳнат шартномам бекор қилинганда менга фойдаланмаган меҳнат таътилим учун ҳақ тўланадими?

            Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 151-моддаси биринчи қисмида “Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланади” деб кўрсатилган.

Мазкур модданинг талабига кўра фойдаланмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланади.

       Поёнов Олим. Бойсун тумани.

            Савол: Коллежда ўқитувчи бўлиб ишлайман. 2016 йил май ойида сел тошқини туфайли яшайдиган уйим талафот кўрди. Коллежнинг директор жамғармасидан менга моддий ёрдам бериладими?

            Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 1 августдаги №165-сон қарори билан тасдиқланган “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасининг директор жамғармаси тўғрисида”ги Низомнинг 20-банди талабига кўра ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ходимларига уларнинг мурожаатига кўра ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси касаба уюшмаси ташкилотининг ташаббуси бўйича фавқулодда ҳолларда (яқин қариндоши вафот этганда, оғир жароҳат олинганда, оғир касалликка чалинганда, табиий офатдан зарар кўрилганда ва ҳоказо) моддий ёрдам ажратилиши кўрсатилган.

Иш берувчи мазкур Низом талабларига асосан Сизга директор жамғармаси ҳисобдиан махсус комиссиянинг қарорига асосан бир лавозим маоши миқдорида моддий ёрдам кўрсатади.

 

Print Friendly, PDF & Email