Normativ hujjatlar-O´KUF ustavi

ЎзКУФ устави

ЎЗБЕКИСТОН КАСАБА УЮШМАЛАРИ ФЕДЕРАЦИЯСИ

УСТАВИ

(янги таҳрирда)

  1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1.1. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси (бундан буён матнда «Федерация» деб юритилади) – ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш соҳаларида касаба уюшмалари аъзоларининг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳамкорликда амалга ошириш ва ҳимоя қилиш учун касаба уюшмалари (бундан буён матнда «Касаба уюшмалари» деб юритилади) томонидан ихтиёрий асосда тузилган.

1.2. Федерация даромад (фойда) олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ҳамда олинган даромадларни (фойдани) ўз қатнашчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайдиган Уюшма ташкилий-ҳуқуқий шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилотдир.

1.3. Федерация ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширади ва касб-кор, ишлаб чиқариш, ҳудудий-ишлаб чиқариш, тармоқ, тармоқлараро ҳудудий принциплар бўйича тузилган аъзо ташкилотларига эга.

1.4. Федерация ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Меҳнат ва Фуқаролик кодекслари, Ўзбекистон Республикасининг «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида», «Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида», «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги, «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро шартномалар, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, Федерация таъсис шартномаси ва ушбу Устав асосида амалга оширади.

1.5. Федерация ўз тузилмаси, фаолиятининг мақсад, шакл ва услубларини белгилашда эркиндир, мустақил равишда ўз органларини шакллантиради ва штатдаги ходимлар аппаратини тузади.

1.6. Федерация ўзининг мақсад ва вазифаларига мувофиқ халқаро ва хорижий касаба уюшмалари ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади, касаба уюшмаларининг халқаро ва бошқа уюшмаларига кириши ва чиқиши мумкин.

1.7. Федерация уставда белгиланган вазифаларни амалга оширишда давлат органлари, иш берувчилар, уларнинг бирлашмалари, сиёсий партия ва ҳаракатлар, бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, юридик шахслар ва фуқаролар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

1.8. Федерация ўз фаолиятида давлат органлари, иш берувчилар, уларнинг бирлашмалари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақилдир, улар олдида ҳисобдор эмас ва улар томонидан назорат қилинмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

1.9. Федерациянинг номланиши:

ўзбек тилида: тўлиқ – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси; қисқартмаси – ЎзКУФ;

рус тилида: тўлиқ – Федерация профсоюзов Узбекистана; қисқартмаси – ФПУз;

инглиз тилида: тўлиқ – Federation of Trade Unions of Uzbekistan; қисқартмаси– FTUUz.

1.10. Федерациянинг доимий фаолият юритувчи раҳбар органи жойлашган ери (почта манзили): 100165, Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Бухоро кўчаси, 24-уй.

 ФЕДЕРАЦИЯНИНГ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ

 2.1. Федерация аъзо ташкилотлар касаба уюшмалари аъзоларининг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқлари, ишлаб чиқариш, касбий, иқтисодий ва ижтимоий манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ҳамда мувофиқлаштириш, шунингдек аъзо ташкилотларнинг умумий мақсадларига эришиш, умумий манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилиш, амалдаги қонунчилик доирасида уларнинг ҳуқуқий кафолатларини таъминлаш мақсадида тузилган.

2.2. Ўз мақсадларига эришиш учун Федерация қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг стратегия ва тактикасини ишлаб чиқади, аъзо ташкилотлар фаолиятининг самарадорлигини оширишга, уларни мустаҳкамлашга кўмаклашади;

меҳнат соҳасида ижтимоий шериклик тизимини ривожлантиришга, касаба уюшмалари, иш берувчилар ҳамда Ҳукумат ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг уч тарафлама ҳамкорлиги тамойилларининг амалга оширилишига кўмаклашади;

Федерация, иш берувчиларнинг Республика бирлашмалари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Бош келишувни, Федерацияга аъзо ташкилотларнинг манфаатларига жавоб берадиган бошқа келишувларни ишлаб чиқиш ва тузиш ташаббуси билан чиқади, тузади ва бажарилиши устидан назоратни амалга оширишда иштирок этади;

Ўзбекистон Республикаси томонидан меҳнат муносабатларига оид халқаро шартномаларнинг ратификация қилинишида, шунингдек меҳнат муносабатлари, бандлик, ижтимоий ҳимоя, меҳнат миграцияси, касб-ҳунар таълими, меҳнат ва соғлиқни муҳофаза қилиш, касаба уюшмалари ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатларини кенгайтириш, гендер тенглиги, ёшларга оид ва ижтимоий-меҳнат соҳасига алоқадор бошқа масалаларга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг ишлаб чиқилишида қонунда белгиланган тартибда иштирок этади;

меҳнатга, ижтимоий-иқтисодий масалаларга ва меҳнатни муҳофаза қилишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан қонунда белгиланган тартибда жамоатчилик назоратини амалга оширади;

ижтимоий шериклик тамойиллари асосида ходимларнинг муносиб турмуши ва ижтимоий ҳимоясини таъминлайдиган шароитлар яратиш, гуманитар муаммоларни ҳал этиш, аҳолиси қатламларининг ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

касаба уюшмалари аъзолари ва уларнинг оилалари ўртасида соғломлаштириш тадбирларини ташкил этади, маданият, туризм, оммавий жисмоний тарбия ва спорт муассасаларини, санаторий-курортларда даволаш, болаларни соғломлаштириш ва дам олдиришни ривожлантириш масалаларида давлат ҳокимияти ва бошқаруви, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, иш берувчилар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан биргаликда ҳаракат қилади;

Федерациянинг мақсадлари ва вазифалари йўлида яратилган ёки сотиб олинган, шунингдек белгиланган тартибда унга бошқа мулкий ҳуқуқ асосида берилган мулкка эгалик қилади, ундан фойдаланади ва тасарруф этади, унинг сақланишини таъминлайди, мулкий ҳуқуқларининг ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан самарали фойдаланиш чораларини амалга оширади, аъзо ташкилотларнинг мулкдан самарали фойдаланишлари бўйича услубий тавсиялар ишлаб чиқади;

нашр органларига эга бўлади ва нашриётчилик фаолиятини олиб боради, ўз фаолияти тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчиликни хабардор қилади, касаба уюшмаларининг ягона ахборот хизматини ривожлантиради;

Федерация тизимида маданият, дам олиш, туризм, спорт ва бошқа объектларнинг қурилишида ягона буюртмачи сифатида иш кўради.

Касаба уюшмаларининг қонунларда белгиланган бошқа ҳуқуқларини амалга оширади.

2.3. Федерация касаба уюшмалари ташкилотларининг қуйидагиларга эришишга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштиради ва қўллаб-қувватлайди:

миллати, жинси, ёши ва диний эътиқодидан қатъи назар, касаба уюшмаси аъзосининг меҳнат қилиш, эркин иш ва касб танлаш, адолатли меҳнат шароитига ва ишсизликдан ҳимояланишга бўлган конституциявий ҳуқуқларига риоя этилишига;

максимал даражада бандликнинг таъминланиши, даромадларнинг оширилиши ва мулкий табақаланиш даражасининг камайтирилишига;

меҳнатга ҳақ тўлаш ва меҳнат режимининг ижтимоий адолатли тизими жорий этилишига;

ишлаб чиқаришни ривожлантириш даражасига мувофиқ ишловчиларнинг малакаси оширилиши ва касбий  қайта тайёрланишига;

меҳнатга оид муносабатларни тартибга солиш, меҳнатни ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилишига;

давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан меҳнаткашларнинг меҳнат, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳуқуқ ва манфаатларига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, шунингдек халқ фаровонлиги, ижтимоий барқарорлик ва юрт осойишталигини сақлаш борасида ўзаро ҳамкорлик олиб борилишига;

меҳнат соҳасида ижтимоий шериклик йўлга қўйилиши, жамоа музокараларининг ташкил этилиши, жамоа шартномалари ва келишувлари тузилиши, уларнинг бажарилиши устидан назоратнинг амалга оширилишига;

ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, маънавий салоҳиятини юксалтиришга, оммавий спортни тарғиб этишга қаратилган маданий-маърифий ва спорт тадбирларини ташкил этилишига, шунингдек маданият, жисмоний тарбия ва спорт иншоотлари, санаторийлар, дам олиш уйлари, болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг моддий-техника базаси мустаҳкамланишига кўмаклашишга.

3. ФЕДЕРАЦИЯГА АЪЗО ТАШКИЛОТЛАР, УЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

 3.1. Ушбу Уставнинг 3.2-бандида белгиланган тартибда аъзоликка қабул қилинган, мазкур Уставни тан оладиган ва бажарадиган касаба уюшмалари Федерацияга аъзо ташкилотлар ҳисобланади.

3.2. Федерацияга янги аъзо ташкилотларни қабул қилиш ҳақидаги қарор Федерация Кенгаши Раёсати томонидан, уларнинг коллегиал органи қарори, Устави, аъзолар сони ҳақидаги маълумот, ташкилий тузилмаси, раҳбар органларининг жойлашган жойи – юридик манзили, давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома нусхаси, аъзолик бадалларини тўлаш бўйича мажбурияти илова этилган ёзма аризаси асосида қабул қилинади.

Федерацияга аъзоликка қабул қилиш ҳақидаги Федерация Кенгаши Раёсатининг қарори Федерация Кенгаши тасдиғига киритилади.

Федерацияга қабул қилиш рад этилганда бу масала кирувчи ташкилот томонидан Федерация Кенгашида кўриб чиқиш учун киритилиши мумкин.

3.3. Аъзо ташкилотларнинг Уставлари Федерациянинг таъсис шартномаси ҳамда унинг мақсад ва вазифаларига зид бўлмаслиги керак.

3.4. Қуйидаги ҳолларда Федерацияга аъзолик тўхтатилади:

аъзо ташкилот тугатилганда;

аъзо ташкилот Федерация таркибидан чиққанда;

аъзо ташкилот Федерация таркибидан чиқарилганда.

3.5. Федерация таркибидан чиқиш тўғрисида қарор Федерация Кенгашини камида уч ой олдин огоҳлантирган ҳолда, аъзо ташкилотнинг Қурултойида қабул қилиниши мумкин.

Аъзо ташкилот Қурултойининг Федерациядан чиқиш ҳақидаги қарори уч ой муддатда кўриб чиқилади.

Федерация таркибидан чиқиш тўғрисидаги қарор Федерация Кенгаши томонидан тасдиқлангунга қадар аъзо ташкилот мазкур Уставни бажаришга мажбур.

Федерациянинг таъсис шартномаси, Устав талаблари ва Федерация коллегиал органлари қарорларини бажармаётган, Федерацияга аъзолик бадалини тўламаётган аъзо ташкилот Федерация Кенгаши қарорига биноан Федерация таркибидан чиқарилиши мумкин.

3.6. Аъзо ташкилотлар:

Федерациянинг таъсис шартномаси, Устави ва дастурий ҳужжатлари принципларига зид келмайдиган дастурий ва локал ҳужжатларни қабул қилиш;

ўз вакилларини Федерация Кенгаши таркибига сайлаш, уларни чақириб олиш, алмаштириш;

Федерация органларига касаба уюшмалари фаолиятининг ҳар қандай масалалари бўйича мурожаат қилиш, тушунтириш ва ахборот олиш, зарурат туғилганда қўйилган масалани ҳал қилишда қўллаб-қувватланиш;

фаолиятига доир ҳужжатлар лойиҳаларини Федерация органларига кўриб чиқиш учун киритиш;

ўз вакиллари орқали Федерациянинг коллегиал органлари ишида иштирок этиш;

ходимларнинг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқлари ва манфаатларига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларига Федерациянинг таклифларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

Федерация, Республика иш берувчилар уюшмалари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Бош келишув лойиҳасига ўз таклифларини киритиш ва Федерациянинг ушбу йўналишдаги фаолиятида қатнашиш;

Федерациянинг турли хил дастурларини ишлаб чиқиш ва жамғармаларини тузишда иштирок этиш;

Федерация мулкидан фойдаланиш ва уни бошқаришда иштирок этиш;

касаба уюшмалари кадрлари ва фаолларини ўқитиш, ўз фаолияти учун зарур ахборот олиш ва тарқатиш учун Федерация имкониятларидан фойдаланиш, ўз вакилларини Федерация томонидан ўтказиладиган тадбирлар, ўқув семинарларига йўллаш;

касаба уюшмаси ходимларини ва фаолларини Федерация нишонлари ва Фахрий ёрлиғи билан тақдирлаш тўғрисида белгиланган тартибда таклифлар, шунингдек уларни Давлат мукофотлари ва фахрий унвонларга тавсия этиш бўйича Федерация томонидан қўллаб-қувватлашни сўраб тақдимномалар киритиш ва бошқа ҳуқуқларга эга.

3.7. Аъзо ташкилотлар:

Федерациянинг таъсис шартномаси ва Устави талабларини бажаришга;

Федерация фаолиятини қўллаб-қувватлаш, унинг мақсад ва вазифаларини амалга оширишда фаол иштирок этиш, Федерация аъзо ташкилотларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя этишда бирдамлик кўрсатишга, Федерациянинг мақомини мустаҳкамлаш ва унинг жамиятдаги ҳамда халқаро касаба уюшмалари ҳаракатидаги ролини ошириш бўйича иш олиб боришга;

Федерация органларининг мазкур Уставга мувофиқ қабул қилган қарорларини бажаришга;

Федерация Кенгаши, Республика иш берувчилар уюшмалари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Бош келишув тузилиши ва бажарилишига кўмаклашишга;

Федерация ва унга кирган аъзо ташкилотлар манфаатларини камситадиган хатти-ҳаракатларга йўл қўймасликка;

ўз уставлари ва раҳбар кадрлари таркибидаги ўзгаришлар, қабул қилинаётган қарорлар ва амалга оширилаётган ҳаракатлар ҳақида Федерацияни хабардор қилиб боришга;

Федерация таъсис этган оммавий ахборот воситалари, унинг тасарруфидаги бошқа ташкилотлари фаолиятига кўмаклашишга;

ўзлари бирлаштирган касаба уюшмалари аъзолари сони ҳақида маълумот, аъзолик  бадалларини ҳисоблаш ва тўлаш билан боғлиқ молиявий ҳисобот, бошқа статистик маълумотларни норматив ҳужжатларда белгиланган шакл ва тартибда Федерация Кенгашига тақдим этишга мажбурлар.

3.8. Федерация органлари қарорларининг аъзо ташкилотлар томонидан бажарилмаслиги Федерация коллегиал органлари мажлисларида кўриб чиқилади, натижалари ва кўрилган чоралар ҳақида ахборот аъзо ташкилотларга юборилади.

Федерация органлари Федерациянинг таъсис шартномаси ва Устави мақсадлари ва вазифаларини амалга оширилишига қаратилган қарорларнинг аъзо ташкилотлар томонидан бажарилишини таъминлаш учун қонун ва Устав талабларига зид бўлмаган чораларни кўриши мумкин.

 4ФЕДЕРАЦИЯ ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛИШИ ВА ФАОЛИЯТИНИНГ АСОСИЙ ПРИНЦИПЛАРИ

 4.1. Федерация ўз фаолиятини адолат, қонунийлик, коллегиаллик, бирлик, бирдамлик, ошкоралик, мустақиллик, ўзини ўзи бошқариш, ихтиёрийлик, аъзо ташкилотлар ҳуқуқ ва мажбуриятлари тенглиги, қуйидан юқоригача барча даражадаги касаба уюшмалари органларининг сайлаб қўйилиши, қарорлар қабул қилиш чоғида мунозара эркинлиги, озчилик фикри ҳисобга олинган ҳолда қабул қилинган Федерация органлари қарорларининг аъзо ташкилотлар томонидан бажарилиши мажбурийлиги тамойилларига асосан амалга оширади.

4.2. Федерациянинг раҳбар органлари тизими юқоридан қуйига қараб шакллантирилади:

Федерация Қурултойи – Федерациянинг олий раҳбар органи;

Федерация Кенгаши –  Қурултойлар оралиғида Федерациянинг доимий ҳаракатдаги коллегиал раҳбар органи;

Федерация Кенгаши Раёсати – Федерация фаолиятига жорий раҳбарликни амалга оширувчи коллегиал ижроия органи;

Федерация раиси – фаолиятини яккабошчилик асосида амалга оширувчи ижро органи.

4.3.  Назорат-тафтиш комиссияси – Федерациянинг коллегиал назорат органидир.

4.4. Федерация Қурултойи.

4.4.1. Федерация Қурултойи беш йилда бир марта ўтказилади. Қурултой Федерация Кенгаши қарори билан чақирилади. Уни чақириш, вакиллик нормаси ҳамда кун тартиби тўғрисида Қурултой очилишидан камида уч ой олдин эълон қилинади.

Федерациянинг навбатдан ташқари Қурултойи Федерация Кенгаши томонидан ёки Федерация аъзо ташкилотларнинг камида учдан бир қисмининг талабига биноан чақирилади. Федерация Кенгашининг навбатдан ташқари Қурултойни чақириш, вакиллик нормаси, кун тартиби тўғрисидаги қарори унинг очилишидан камида бир ой олдин эълон қилинади.

4.4.2. Қурултой қарорлари қарорлар ва резолюциялар шаклида қабул қилинади.

4.4.3. Қурултой ваколатига:

Федерацияни қайта ташкил этиш, тугатиш ва фаолиятини тўхтатиш;

Устав ва дастурий ҳужжатларни қабул қилиш, шунингдек уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;

Федерация Кенгаши ва Федерация Назорат-тафтиш комиссияси фаолияти ҳақидаги ҳисоботларни эшитиш ва уни тасдиқлаш;

Федерация раисини, Федерация Кенгаши аъзоларини сайлаш, белгиланган квотага мувофиқ аъзо ташкилотлар ва ҳудудий бирлашмалардан тўғридан-тўғри вакил йўллаш принципига биноан сайланган Федерация Кенгаши аъзолари ваколатларини тасдиқлаш;

Федерациянинг Назорат-тафтиш комиссияси таркибини сайлаш, унинг ваколатларини белгилаш ва ҳисоботларини тасдиқлаш;

Республика касаба уюшмалари ҳаракатининг муҳим масалалари бўйича қарорлар, баёнотлар, мурожаатномалар қабул қилиш;

аъзо ташкилотларнинг Федерация Кенгаши томонидан рад этилган мурожаатлари юзасидан аппеляцияларини кўриб чиқиш ва қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа масалалари киради.

Қурултой ўзининг мутлоқ ваколатларига кирмайдиган айрим масалалар юзасидан ваколатларни Федерация Кенгаши, Кенгаш Раёсати, Федерация раисига бериши мумкин.

Федерация раиси, Федерация раисининг ўринбосарлари лавозимларига кўра Федерация Қурултойларининг делегатлари ҳисобланадилар.

4.4.4. Қурултойлар оралиғида навбатдан ташқари Қурултойни чақириш ва унда кўриб чиқиш учун белгиланган асосларга кўра, шу жумладан, қонун талаблари, Устав қоидалари, Федерация органлари қарорларини бузган ҳолларда, Федерация Кенгаши раисининг ваколатини муддатдан олдин тўхтатиш ва лавозимдан озод этиш тўғрисида масала киритиш ҳақидаги қарор аъзо ташкилотларнинг камида учдан икки қисмининг талабига кўра, Федерация Кенгашининг мажлисида қабул қилиниши мумкин.

4.5. Федерация Кенгаши.

4.5.1. Федерация Кенгаши аъзо ташкилотлар ва ҳудудий бирлашмалардан тенг миқдорда – иккитадан вакилни тўғридан-тўғри йўллаш принципи бўйича шакллантирилади.

Вакилларни Федерация Кенгаши таркибига сайлаш, уларни алмаштириш ва чақириб олиш Федерацияга аъзо ташкилотларнинг Қурултойлари, ҳудудий бирлашмалар конференциялари ёки раҳбар органлари мажлисларида амалга оширилади.

Федерация Кенгаши таркибига Қурултойда сайланган аъзолар, лавозимига кўра Федерация раиси ва унинг ўринбосарлари киради.

Федерация Кенгаши мажлиси заруриятга кўра, аммо бир йилда камида бир марта чақирилади.

4.5.2. Федерация Кенгашининг ваколат муддати беш йил.

4.5.3. Федерация Кенгаши:

Уставда белгиланган вазифаларни ва Федерация Қурултойининг қарорларини бажариш бўйича фаолиятни амалга оширади;

ўз фаолияти тўғрисида 5 йилда камида бир марта Қурултойга ҳисобот беради;

ходимларнинг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқларига алоқадор, жумладан, бандлик, меҳнат муносабатларини тартибга солиш, иш ҳақи, меҳнат шароити, ходимларнинг меҳнатини, соғлигини ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, уй-жой ва маиший турмуш шароити, маданий хизмат кўрсатиш, ходимларнинг ижтимоий кафолатлари масалалари бўйича таклифларни мақуллайди;

Федерация мулкига эгалик қилиш, фойдаланиш, тасарруф этиш масалалари юзасидан қарорлар қабул қилади, Федерация Кенгаши мажлислари оралиғида мазкур ваколат Федерация Кенгаши Раёсати томонидан амалга оширилади ва кейинчалик Федерация Кенгаши тасдиғига киритилади;

Федерацияга аъзо ташкилотлар томонидан ўтказиладиган аъзолик бадали миқдори, тўлов тартиби ва муддатини белгилайди, Федерациянинг махсус (бирдамлик, суғурта, маданий-маърифий, кадрларни ўқитиш ва тайёрлаш ҳамда Устав мақсадларига мос келадиган бошқа) жамғармаларини ташкил қилади, мазкур жамғармалар маблағлари фақат ушбу жамғармалар Низомида белгиланган мақсадларга сарфланади;

Қурултой чақириш тўғрисида қарор қабул қилади;

Федерация Кенгаши раҳбарлари ва аъзо ташкилотлар раҳбарларининг Федерация раҳбар органлари қарорларининг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларини тинглайди. Аъзо ташкилот томонидан Федерация Устави, Федерациянинг раҳбар органлари қарорлари бажарилмаган, аъзолик бадаллари ўз вақтида ва тўлиқ тўланмаган ҳолларда ушбу ташкилотга хизмат кўрсатишни тўхтатиш ва унинг вакилларини Федерациянинг коллегиал органлари мажлисларида овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида қарор қабул қилади, аъзо ташкилотнинг тегишли сайлаб қўйиладиган органларига мазкур ҳолат юзасидан тегишли чораларни кўриш юзасидан мурожаат қилади;

Федерация Кенгаши Раёсатига, Федерация Кенгаши раисига алоҳида ваколатлар бера олади;

Федерация тизимида ягона ва марказлашган молиявий фаолият тизимини белгилайди ва мувофиқлаштириб боради;

Республикада янги қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, Қурултой ўтказилгунга қадар Уставга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш зарурати туғилганда, ушбу Уставга ўзгартириш ва қўшимчалар киритади;

Федерация Кенгаши Раёсатининг сон таркибини белгилайди ва Раёсат аъзоларини Федерация Кенгаши ваколати муддатига сайлайди;

Қурултойлар оралиғида Федерация Кенгаши аъзоларини таркибдан чиқариш, сайлаш ва Федерация Кенгаши таркибига янги вакил этиб сайланган аъзоларнинг ваколатларини тасдиқлаш ҳуқуқига эга;

Федерациянинг халқаро фаолияти стратегиясини белгилайди, унинг бошқа, жумладан, халқаро касаба уюшмалари бирлашмаларига аъзо бўлиши ва улардан чиқиши тўғрисида қарорлар қабул қилади, Федерация ва аъзо ташкилотларнинг халқаро фаолиятини принципларини белгилайди ва мувофиқлаштириб туради;

Федерация Кенгаши Раёсатининг Федерацияга янги аъзо ташкилотларни қабул қилиш ёки аъзоликдан чиқариш тўғрисидаги қарорларини тасдиқлайди, янги аъзо ташкилотни қабул қилиш Федерация Кенгаши Раёсати томонидан рад этилган ҳолларда мазкур ташкилотнинг аппеляциясини кўриб чиқади;

халқаро касаба уюшмалари марказларига Федерация вакилларини йўллайди;

Федерация раиси ўринбосарларини сайлайди ва лавозимидан озод қилади, Федерация Кенгаши мажлислари оралиғида Федерация раиси ўринбосарларини сайлаш масаласи кейинчалик Кенгаш мажлисида тасдиқлаш шарти билан Федерация Кенгаши Раёсати томонидан ҳал қилиниши ҳам мумкин;

айрим (шу жумладан, раис ўз ҳоҳишига кўра ёки бошқа ишга ўтганлиги, саломатлиги ёмонлашгани туфайли ўз вазифаларини бажара олмай қолган) ҳолларда Қурултойлар оралиғида Федерация раисини сайлайди ва лавозимидан озод қилади;

Қурултойлар оралиғидаги даврда Федерация раиси ўз хоҳишига кўра лавозимидан озод этилган ҳолда, Қурултой ўтказилгунига қадар Федерация раиси вазифасини бажаришни унинг ўринбосарларидан бирига юклаш тўғрисида қарор қабул қилади;

Устав талабларига зид бўлмаган бошқа ваколатларни амалга оширади;

ўз фаолиятида фақат Федерация Қурултойи олдида ҳисобдордир.

Федерация Кенгашининг қарорига биноан Федерация Кенгаши ихтиёридаги айрим ваколатлар Кенгаш Раёсатига берилиши мумкин.

4.5.4. Федерация Кенгашининг мажлислари Кенгаш Раёсати қарорига ёки Федерация Кенгаши аъзолари умумий сонининг камида учдан бир қисмининг талабига кўра чақирилади.

4.5.5. Федерация Кенгаши қарорлари қарор, резолюция ва мурожаатномалар шаклида қабул қилинади.

4.5.6. Федерация Кенгаши мажлисларини Федерация раиси, Федерация раиси иштирок этмаган ҳолларда эса, Федерация раиси ўринбосарларидан бири олиб боради.

4.6. Федерация Кенгаши Раёсати.

4.6.1. Федерация Кенгаши  Раёсати аъзолари Федерация Кенгаши мажлисида Кенгаш аъзолари орасидан сайланади.

Федерация Кенгаши Раёсати таркибига лавозимига кўра Федерация раиси ва унинг ўринбосарлари киради.

Кенгаш Раёсати мажлиси заруриятга қараб, аммо ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади.

4.6.2. Федерация Кенгаши Раёсати ўз ваколати доирасида ҳаракат қилиб:

иш берувчиларнинг Республика бирлашмалари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан ижтимоий-иқтисодий сиёсат олиб боришнинг умумий принципларини белгилайди ва Бош келишувни тасдиқлайди;

меҳнаткашларнинг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқлари ва манфаатларига доир масалаларни қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамлаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

касаба уюшмаларининг мулкдор ёки улар вакил қилган бошқарув идораси меҳнат ва касаба уюшмалари тўғрисидаги қонунларга риоя этишларини назорат қилиш борасидаги фаолиятини ташкил этади ва мувофиқлаштириб боради;

ижтимоий-иқтисодий дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш, шунингдек республика касаба уюшмалари ҳаракатига доир бошқа муҳим масалалар бўйича қарорлар, резолюциялар, баёнотлар, мурожаатномалар қабул қилади;

ижтимоий-меҳнат муносабатларини тартибга солиш бўйича уч томонлама комиссиядаги Федерациянинг мухтор вакиллари таркибини тасдиқлайди;

Федерация Кенгаши мажлисини чақиради, уни кун тартиби ва ўтказиш жойи юзасидан таклифлар киритади, муҳокама қилинаётган масалаларга оид материалларни тақдим этади, Федерация органлари қарорларнинг бажарилиши ва назоратини ташкил қилади;

Федерацияга янги ташкилотларни аъзоликка қабул қилиш, шунингдек аъзоликдан чиқариш масалаларини олдиндан кўриб чиқади ҳамда Федерация Кенгаши мажлисига тақдим қилади;

ўз ваколатлари доирасида аъзо ташкилотларнинг фаолиятига тегишли барча йўналишлардаги ишларини ва мувофиқлаштиради;

Касаба уюшмалари органларининг тизимда, бошланғич ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириб ва йўналтириб бориш мақсадида туман, шаҳар кенгашларини тузиш, уларни молиялаштириш тартиби ва штатларини белгилашга доир мурожаатлари юзасидан тегишли қарор қабул қилади;

касаба уюшмаларининг санатор-курорт, спорт, жисмоний тарбия ва соғломлаштириш, маданий-маърифий, кадрлар малакасини ошириш муассасалари фаолиятининг асосий йўналишларини белгилайди;

касаба уюшмаларининг ягона ахборот фаолиятининг асосий йўналишларини белгилайди;

Федерация Кенгашига Федерация раиси ўринбосарларини лавозимидан озод қилиш тўғрисида таклиф киритади, шунингдек айрим (шу жумладан, лавозимидан озод этиш ҳақида ариза берган, саломатлиги туфайли ўз вазифаларини бажара олмаган) ҳолларда Кенгаш мажлислари оралиғида уларни лавозимидан озод қилади ва Федерация Кенгаши мажлиси тасдиғига киритади;

Ҳудудий бирлашмалар тўғрисида Низомларни тасдиқлайди;

Федерация тасарруфида ташкилотларни ва Кенгаш аппарати тузилмаларини ташкил этади, қайта ташкил этади, тугатади ва фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

аъзо ташкилотлар тақдимига кўра касаба уюшмалари ходимлари ва фаолларини Давлат мукофотлари билан мукофотлаш ҳақида илтимоснома киритади;

Федерация нишони, Фахрий ёрлиғи, Фахрий унвонларини таъсис этади ва улар тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;

Федерация Фахрий ёрлиғи, нишонлари, унвонлари билан тақдирлаш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

Федерацияга аъзо ташкилотларнинг сайлаб қўйиладиган раҳбарлик лавозимларига номзодларни таклиф қилиши мумкин;

касаба уюшмасига аъзолик билетининг ягона шаклини, шунингдек Федерация рамзини тасдиқлайди;

ҳар йили ўз фаолияти тўғрисида Федерация Кенгашига ахборот беради;

касаба уюшмалари фаолиятининг барча йўналишлари бўйича услубий тавсиялар ишлаб чиқади;

Федерация Кенгаши тасарруфидаги малака ошириш муассасаларида касаба уюшмаси кадрлари ва фаолларини ўқитиш борасидаги ишларини ташкил қилади, мазкур муассасаларнинг фаолиятини йўналтиради ва мувофиқлаштиради.

касаба уюшмаларининг ягона кадрлар стратегиясини белгилайди ва бу борада тегишли қарор қабул қилади;

Федерация ва аъзо ташкилотларнинг мулки (бинолар ва иншоотлар) реестрини тасдиқлайди;

Федерация Кенгаши Мажлиси оралиғида Федерация мулкига эгалик қилиш, фойдаланиш, тасарруф этиш, шу жумладан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан Федерацияга фойдаланиш учун беғараз берилган объектлардан фойдаланиш масалалари юзасидан қарорлар қабул қилади ва кейинчалик тасдиқлаш учун Федерация Кенгашига киритади;

Федерация тизимида маданият, дам олиш, туризм, спорт ва бошқа объектларнинг қурилиши бўйича қарор қабул қилади;

Федерация Кенгашининг касаба уюшмаси бюджетини, даромадлар ва харажатлар сметаси, унинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни тасдиқлайди;

ижтимоий суғурта бюджетини ва Федерация Кенгашининг ижтимоий суғурта бўйича даромадлар ва харажатлар сметасини ҳамда бюджетнинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни тасдиқлайди;

касаба уюшмалари Республика, ҳудудий бирлашмалари кенгашлари томонидан тақдим этилган даромадлар ва харажатлар сметаларини маъқуллайди;

мазкур Уставда кўзда тутилган мақсадларига эришиш учун ўзи таъсис қилган ташкилотлар орқали тадбиркорлик, капитал қурилиш фаолияти ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа турдаги фаолиятларни олиб боради, Федерация даромадларини фақат Федерациянинг Уставида белгиланган мақсадларга йўналтиради;

мурожаат қилинган ҳолларда, ваколати доирасида Федерацияга аъзо ташкилотлар ўртасидаги низо ҳамда ташкилотга ҳомийлик ва молиявий ёрдам кўрсатиш юзасидан қарор қабул қилади;

касаба уюшмалари фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида касаба уюшмаларини қайта ташкил этиш ёки бирлаштириш юзасидан аъзо ташкилотларга таклифлар киритади;

Федерация тизимида ҳисобот-сайлов кампанияларини ўтказиш муддатларини мувофиқлаштиради;

аъзо ташкилотлар томонидан Федерация Кенгашига ҳисоботлар топшириш тартибини, уларни тақдим этиш даврийлигини белгилайди;

иш режасига мувофиқ ёки заруриятга кўра, Федерация аъзо ташкилотлари ва тасарруфидаги ташкилотларнинг фаолияти ҳақидаги ахборотларни тинглайди;

Федерация Кенгаши аъзолари таркибидан касаба уюшмалари фаолияти йўналишлари бўйича вақтинчалик комиссиялар, ишчи гуруҳларни ташкил этади;

Федерация Кенгаши аппаратининг тузилмасини, штатлар жадвалини, бўлимлари тўғрисидаги Низомни ҳамда иш режасини тасдиқлайди;

Федерация Кенгаши мажлислари оралиғида мулкга эгалик қилиш, фойдаланиш, тасарруф этиш масалалари юзасидан қарорлар қабул қилади ва кейинчалик Федерация Кенгаши тасдиғига киритилади;

Қурултой, Федерация Кенгаши томонидан ваколат берилган бошқа вазифаларни бажаради;

Федерация Кенгаши раисига алоҳида ваколатлар бера олади.

4.7. Федерация раиси.

4.7.1. Федерация раиси Федерацияга раҳбарлик қилади, бир вақтнинг ўзида Федерация Кенгаши ва Кенгаш Раёсати раиси ҳам ҳисобланади.

4.7.2. Федерация раиси этиб Федерацияга аъзо бўлган касаба уюшмасининг аъзоси сайланиши мумкин.

Федерация раиси Қурултой томонидан 5 йил муддатга сайланади. Қурултойлар оралиғида зарурат туғилганда Федерация Кенгаши вақтинча Федерация Кенгаши раисини сайлайди.

4.7.3. Федерация раиси:

Федерациянинг Устав бўйича вазифалари, шунингдек Федерация органлари қарорларининг бажарилишини ташкил этади ва унинг олдида ҳисобдордир;

Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти органлари, ўзини ўзи бошқариш органлари, иш берувчилар, жамоат бирлашмалари, оммавий ахборот воситалари ва бошқа ташкилотларда, шунингдек хорижий ва халқаро ташкилотларда Федерациянинг вакили сифатида қатнашади;

Федерация номидан ишончномасиз иш кўради;

Федерация раиси ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

Федерация Кенгаши ва Назорат-тафтиш комиссиясининг қўшма мажлисларини ўтказади;

касаба уюшмалари фаолиятининг барча йўналишлари бўйича ишларни таҳлил қилади ва умумлаштиради;

зарур ҳолларда Федерация номидан баёнотлар беради, мурожаатнома ва тақдимномалар юборади;

меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, кўриб чиқиш ва экспертизадан ўтказишда Федерациянинг иштирокини таъминлайди;

белгиланган тартибда Федерация билан келишиш учун киритилган норматив ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни имзолайди;

Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва иш берувчилар бирлашмалари билан ўзаро муносабатлар ҳақида келишувлар тузади, кейинчалик бу ҳақда Федерация Кенгаши Раёсатини хабардор қилади;

белгиланган тартибда Федерация мулки ва унинг фойдаланишидаги мулкка эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этишни ташкил этади;

касаба уюшмаси бюджетининг, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштиришга, маънавият ва жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланилишини ташкил этади, Федерациянинг молиявий хўжалик фаолиятини таъминлайди;

ягона ижтимоий тўловлардан ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштиришга йўналтирилаётган маблағлардан мақсадли фойдаланишни ташкил этади ва назорат қилади;

Федерация раиси ўринбосарларини сайлаш ёки лавозимидан озод этиш бўйича Федерация Кенгашига таклифлар киритади;

Федерация Кенгаши аппарати ходимлари билан белгиланган тартибда меҳнат муносабатларига киришади;

Федерация томонидан таъсис этилган ташкилотларга умумий раҳбарликни амалга оширади, белгиланган тартибда уларнинг раҳбарлари  билан белгиланган тартибда меҳнат муносабатларига киришади;

чет эл хизмат сафарига юборилувчилар номзодини кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

Федерация номидан ишончнома беради;

Федерация Кенгаши Раёсатини чақиради, муҳокама қилинадиган масалалар юзасидан мажлисга материаллар тайёрланишини ташкиллаштиради, Раёсат мажлисига масалаларни киритади, қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлайди ва назорат қилади;

Федерация Кенгаши ва Кенгаш Раёсати қарорларини имзолайди;

Федерация Кенгаши аппарати фаолиятига бевосита рахбарлик қилади;

мазкур Уставда белгиланган ваколати доирасида фармойишлар чиқаради;

Федерация номидан хўжалик ва бошқа турдаги шартномалар тузади;

Федерация органлари ваколат берган бошқа вазифаларни бажаради.

4.8. Федерациянинг Назорат-тафтиш комиссияси.

4.8.1 Назорат-тафтиш комиссияси Федерациянинг назорат органи бўлиб, Федерация тизимидаги ташкилотларда меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар, Федерация Устави, Федерация органлари қарорлари ижросини текширади, тафтишдан ўтказади ва назорат қилади.

Комиссия ўз фаолиятида мустақил бўлиб, Қурултой олдида ҳисобдордир.

4.8.2. Назорат-тафтиш комиссияси Федерация Кенгашининг ваколат муддатига Қурултойда сайланади. Назорат-тафтиш комиссиясининг фаолияти Қурултой қарорига кўра ёки Федерациянинг фаолияти тўхтатилган тақдирда тўхтатилади.

4.8.3. Ўз фаолиятида Мазкур Устав ва Қурултой томонидан тасдиқланадиган Назорат-тафтиш комиссияси ҳақидаги Низомга амал қилади.

4.9. Мазкур Устав бўйича юқори турувчи орган қарор қабул қилиш давомида буйсунув бўйича қуйи турувчи орган ваколатларига доир масалаларни ҳам ҳал этиши мумкин.

Юқори турувчи орган буйсунув бўйича қуйи турувчи органнинг қонун ва мазкур Устав талабларига зид қарорларини қайта кўриб чиқиш учун тегишли орган ёки ваколатли шахсга юбориши, коллегиал органлар ваколатига доир масалалар юзасидан эса, унинг навбатдан ташқари йиғилишини белгиланган тартибда чақириши мумкин.

Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда қуйи турувчи органнинг қонун ва Устав талабларига зид қарорлари юқори турувчи орган ташкилоти томонидан қисман ёки тўлиқ бекор қилиниши мумкин.

4.10. Федерация тизими Федерация Кенгаши аппарати, аъзо ташкилотлар ва уларнинг тузилмалари, Федерациянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари (бундан буён матнда «ҳудудий бирлашмалар» деб юритилади) ҳамда Федерация тасарруфидаги бошқа ташкилотлардан иборат.

4.11. Федерация Кенгаши аппарати Федерация органлари мақсадлари ва вазифаларини амалга ошириш учун шакллантирилади ва доимий асосда фаолият юритади.

Федерация Кенгаши аппарати ўз фаолиятини Кенгаш Раёсати томонидан тасдиқланган регламент асосида амалга оширади.

4.12. Федерация Кенгаши аппарати:

ходимларнинг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқларига доир, жумладан, бандлик, меҳнат муносабатларини тартибга солиш, иш ҳақи, меҳнат шароити, ходимларнинг меҳнатини, соғлигини ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, уй-жой ва маиший турмуш шароити, маданий хизмат кўрсатиш, ходимларнинг ижтимоий кафолатлари масалалари бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва уларни норматив- ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамлаш юзасидан фаолият олиб боради;

аъзо ташкилотлар билан алоқада бўлади, бошқа мамлакатларнинг касаба уюшмалари ташкилотлари, шунингдек халқаро ташкилотлар билан халқаро алоқаларни ривожлантиради, уларнинг иш тажрибасини ўрганади, шунингдек касаба уюшмалари фаолиятини тарғиб қилади;

аъзо ташкилотларнинг касаба уюшмалари умумий вазифаларини бажариш борасидаги ҳаракатларини бирлаштиради ва мувофиқлаштиради, касаба уюшмаларининг республика миқёсидаги тадбирларини ўтказади;

меҳнаткашларнинг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқлари ва манфаатларига доир масалаларни қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамлаш юзасидан фаолият олиб боради;

аҳолининг бандлик даражасини таҳлил қилади, ишсизликни камайтириш, вақтинча ишсизларни ижтимоий ҳимоялашга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва аниқ ишларни олиб боришда давлат органларига кўмаклашади;

аъзо ташкилотлар томонидан илгари сурилган ҳимоя талабларини давлат ҳокимияти ва бошқаруви, шунингдек суд органларида қўллаб-қувватлайди, меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилиш учун қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳуқуқларидан фойдаланади;

ўз ваколатлари доирасида аъзо ташкилотларнинг касаба уюшмаси фаолиятига тегишли барча йўналишлардаги ишларини ташкил қилади, йўналтиради ва уларга амалий ёрдам беради;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари ва ташкилотлар билан биргаликда санаторий-курортларда даволашни, болаларни соғломлаштириш ва дам олдиришни, маданият, дам олиш, туризм, жисмоний тарбия ва спорт муассасаларини ривожлантириш чораларини кўради;

Федерация ва аъзо ташкилотларнинг мулки (бинолар ва иншоотлар) реестрини юритади;

Федерация фаолияти тўғрисида аъзо ташкилотларни мунтазам равишда хабардор қилиб боради;

қонунда касаба уюшмаларига берилган ҳуқуқлар ҳамда Федерация раҳбар органлари берган ваколатлар доирасида бошқа вазифаларни амалга оширади.

4.13. Ҳудудий бирлашмалар Федерациянинг юридик шахс мақомига эга бўлган алоҳида бўлинмалари ҳисобланибтегишли маъмурий-ҳудудий тузилмаларда Федерация манфаатларини ифодалайдилар, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга оширадилар.

Ҳудудий бирлашмалар Федерация Кенгаши қарори билан тузилади ёки тугатилади ва ўз фаолиятини мазкур Устав ва Федерация Кенгаши Раёсати томонидан тасдиқланадиган Низом асосида амалга оширадилар. Бирлашмаларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларнинг раҳбар органларига доир нормалар, уларни ташкил этиш ва тугатиш тартиби ушбу низомда белгиланади.

4.14. Ҳудудий бирлашмалар Федерацияга аъзо касаба уюшмалари тузилмавий ташкилотларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштирадилар ва мувофиқлаштирадилар, уларнинг вакили бўладилар, касаба уюшмалари аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш бўйича фаолиятларини таъминлашда уларга кўмаклашадилар.

Федерацияга аъзо касаба уюшмаларининг тузилмавий ташкилотлари ҳудудий бирлашмалар таркибига киради.

4.15. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги ташкилотлар Федерация Кенгаши Раёсати қарорига асосан тузилади.

Тасарруфдаги ташкилотлар мазкур Устав, Федерация Кенгаши Раёсати томонидан тасдиқланган ва қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган ўз таъсис ҳужжатлари асосида фаолият юритадилар.

5. ФЕДЕРАЦИЯ ОРГАНЛАРИ МАЖЛИСЛАРИНИНГ ТЎЛАҲУҚУҚЛИ БЎЛИШИ, УЛАРДА ҚАРОРЛАР ҚАБУЛ ҚИЛИШ

5.1. Федерация Қурултойлари уларга сайланган делегатлар умумий сонининг учдан икки қисми иштирок этганда тўла ҳуқуқли ҳисобланади.

Федерация Қурултойи делегатларининг ваколатлари Федерация Кенгаши Раёсати, томонидан тасдиқланади.

5.2. Федерация Кенгаши ва Федерация Кенгаши Раёсати мажлислари аъзоларнинг ярмидан кўпи иштирок этганда тўла ҳуқуқли ҳисобланади.

5.3. Федерация органлари қарорлари, агар мазкур Уставда бошқа қоида белгиланмаган бўлса, қатнашаётган делегатлар ёки аъзоларнинг ярмидан кўпи ёқлаб овоз берганда қабул қилинган ҳисобланади.

Овоз бериш шакли Федерация органлари аъзолари томонидан белгиланади.

5.4. Федерация органлари мажлисларида муҳокама этилган масалалар юзасидан қарор қабул қилинади ва баённома расмийлаштирилади.

5.5. Федерация органларининг иш тартиби Федерация Кенгаши Раёсати томонидан тасдиқланадиган Регламент асосида белгиланади.

 6.МУЛК ВА МАБЛАҒЛАР

 6.1. Федерациянинг мулки ва маблағлари аъзолик бадалларидан, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш учун ягона ижтимоий тўловдан йўналтирилган ажратмалар, қонунларда белгиланган тартибда тадбиркорлик, хўжалик ва бошқа фаолиятдан олинган, Устав мақсадларига йўналтирилувчи даромадлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий мулкий бадаллари ва ҳомийлик маблағлари, қонунда тақиқланмаган бошқа тушумлардан шакллантирилади.

Федерацияга аъзолик бадалининг миқдори, тўлаш ва сарфлаш тартиби Федерация Кенгаши томонидан белгиланади.

6.2. Федерация қўшимча молиявий маблағларни ишлаб топиш ва келгусида улардан касаба уюшмаси аъзоларининг меҳнат, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек қўшимча иш ўринлари яратиш учун фойдаланиш мақсадида, белгиланган тартибда ишлаб чиқариш-хўжалик, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириши, банк, суғурта компанияси ва акциядорлик жамияти, мақсадли жамғармалар ва бошқа ташкилотларни ташкил этиши мумкин. Мазкур фаолиятдан тушган даромад аъзолар ўртасида тақсимланмайди ва Устав мақсадларига сарфланади.

6.3. Федерация мулки объектларига бинолар, иншоотлар, ер участкалари, механизмлар, жиҳозлар, транспорт ва техник воситалар, инвентарь, маданий-маърифий, жисмоний тарбия, спорт ва соғломлаштириш мақсадларига мўлжалланган мулк, пул маблағлари, қимматбаҳо қоғозлар, корхоналар ва хўжаликлар, оммавий ахборот воситалари, босмахоналар, санаторий-курорт, дам олиш уйи, соғломлаштириш, спорт, ўқув муассасалари, болалар соғломлаштириш оромгоҳлари, интеллектуал мулк, шунингдек қонунчиликда тақиқланмаган бошқа мол-мулклар киради.

Федерация мулкининг шаклини ўзгартириш, тасарруф этиш масаласи қонун билан ўрнатилган тартибда, мазкур Уставда белгиланган ваколатлар доирасида Федерация органлари томонидан ҳал этилади.

6.4. Федерация мулкга нисбатан қонунга ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга зид бўлмаган ҳар қандай ҳаракатларни амалга оширишга, жумладан, ҳомийлик ва молиявий ёрдам маблағларини ажратишга, ўз мулкини ажратиб беришга, мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқини бошқа шахсларга беришга, мулкни гаровга қўйишга, ундан бошқача тарзда фойдаланишга ҳақли.

6.5. Федерация мулкни ишончли бошқарув учун бошқа шахсга (ишончли бошқарувчига) берилиши, мулкий ҳуқуқларнинг ўтишига асос бўлмайди, ишончли бошқарувчи Федерация манфаатларини ҳисобга олиб мулкни бошқариши керак.

6.6. Федерация аъзо ташкилотларнинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди, аъзо ташкилотлар ҳам Федерациянинг мажбуриятлари бўйича жавобгар эмас.

Аъзо ташкилотлар Федерацияга берган мол-мулкига ва аъзолик бадалларига эгалик қилиш ҳуқуқини сақлаб қолмайдилар.

6.7. Маблағлар ҳар йили Федерация Кенгаши белгилаган тартиб доирасида Федерация Кенгаши Раёсати томонидан тасдиқланадиган даромадлар ва харажатлар сметаси асосида сарфланади.

6.8. Федерация молиявий фаолиятининг мустақиллиги, мулк ҳуқуқининг дахлсизлиги ва ҳимояси Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан кафолатланади.

Федерациянинг мол-мулки унинг розилигисиз фақатгина суд қарорига биноан олиб қўйилиши мумкин.

7. ФЕДЕРАЦИЯДА МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИ

 7.1. Федерация органларига, Федерациянинг сайлаб қўйиладиган лавозимларига сайлангани муносабати билан ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилган шахслар, шунингдек Федерация Кенгаши аппарати ходимлари билан меҳнат муносабатлари меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар билан тартибга солинади.

7.2. Сайлаб қўйиладиган лавозимларга сайланган ходимлар билан ваколат муддатига меҳнат шартномалари (контрактлар) тегишли орган ваколат берган шахс томонидан имзоланади.

7.3. Штатдаги касаба уюшмаси ходимларининг шахсий ҳужжатлари йиғмажилди ва меҳнат дафтарчалари ходимлар билан меҳнат шартномаси (контракт) тузган касаба уюшмаси ташкилотида сақланади.

8. ҲИСОБ ВА ҲИСОБОТ

 8.1. Федерация ўз фаолиятининг натижалари ҳисобини юритади ҳамда рўйхатдан ўтказувчи, солиқ ва статистика органларига белгиланган тартибда ҳисоботлар тақдим этади.

 9.ФЕДЕРАЦИЯНИНГ ҲУҚУҚИЙ МАҚОМИ

 9.1. Федерация юридик шахс ҳисобланиб, ўз муҳри, штамп ва бланклари, банкларда ўз ҳисоб рақамларига (шу жумладан миллий ва хорижий валютада) эга.

9.2 Федерация белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган ўз рамзлари (тимсоли)га эга бўлишлари мумкин.

9.3 Федерациянинг юридик шахс сифатидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари Уставда белгиланган ваколатлар доирасида Федерация органлари ва мансабдор шахслари томонидан амалга оширилади.

10. ФЕДЕРАЦИЯНИ ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ
ВА ТУГАТИШ ТАРТИБИ

 10.1. Федерацияни қайта ташкил этиш, (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш, ўзгартириш) ёки тугатиш тўғрисидаги қарор Федерациянинг Қурултойида қабул қилинади. Кворум мавжуд бўлган ҳолда Қурултойда қатнашаётган делегатларнинг камида учдан икки қисми ёқлаб овоз берганда, қарор қабул қилинган ҳисобланади.

Федерацияни қайта ташкил этиш қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.

10.2. Федерацияни тугатиш ҳақида Қурултой томонидан қарор қабул қилинган тақдирда, Федерация Қурултойи қонунчиликда белгиланган тартибда тугатиш комиссиясини тайинлайди, шунингдек кредиторлар талаби қаноатлантирилгандан сўнг қолган мулкни Федерация Уставига мувофиқ қайси мақсадга йўналтиришни белгилайди.

10.3. Федерация фаолиятини тўхтатиш, шунингдек Федерацияни тугатиш  қонунда белгиланган тартибда суд томонидан амалга оширилиши мумкин.

 11.ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

 11.1. Устав қоидалари талқинини бериш Федерация Кенгашининг, унинг мажлислари оралиғида Кенгаш Раёсатининг мутлақ ваколатига киради.

11.2. Уставга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш Уставнинг 4.4.3. ва 4.5.3-бандларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Уставга киритилган барча ўзгартиш ва қўшимчалар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан қайта рўйхатдан ўтказилади.

11.3. Мазкур Устав талабларини бажариш Федерация тизимидаги ташкилотлар учун мажбурийдир.

Print Friendly, PDF & Email