БИЗ КОРОНАВИРУСНИ БИРГАЛИКДА ЕНГАМИЗ. КОРОНАВИРУС БИЗНИ ТЎХТАТА ОЛМАЙДИ.

Жорий йилнинг 4 апрель куни Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг барча ватандошлар, меҳнаткашлар, фахрийлар, аёллар ва ёшларга қилган мурожаатида ишлаб чиқариш корхоналари, фирма ва компаниялар ишчилари, ижтимоий соҳа вакиллари ўз фаолиятини иқтисодиётимиз барқарорлиги – Ўзбекистонимиз фаровонлигининг асосини таъминлаш учун бир неча баробар ошириши кераклиги таъкидланган эди.

Хақиқатда бугунги синовли кунларда мамлакатда коронавирус пандемияси сабабли карантин ҳолати жорий этилган бўлсада, иқтсодиёт тармоқларида, хусусан, қўшма корхоналар, ишлаб чиқариш фабрикалари хеч қандай ваҳимага берилмасдан фаолиятини бир маромда давом эттириб келаётганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Биргина, Термиз шаҳрида Ўзбекистон ва Корея Республикалари ҳамкорлигида ташкил этилган “SOUTH SHINGDONG GROUP” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонаси томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида
150 минг долларлик 40 тонна ип-калава маҳсулотлари тайёрланиб, Туркия, Россия ва бошқа Осиё ҳамда Европа мамлакатларига экспорт қилинганлиги, айни дамда эса яна 10 тонна маҳсулот Англияга экспорт қилиш учун тайёр холга келтириганлигининг ўзи ҳам бу борада ишларнинг жадал олиб борилаётганлигидан далолат. Таъкидлаш керакки, бугунги кунда корхонада 135 нафар ишчи ходимлар 2 сменада фаолият юритиб, уларнинг ойлик маошлари ўз вақтида берилиб келинмоқда. Бундан ташқари, ишчи ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича корхонада зарурий профилактик тадбирлар амалга оширилган. Санитария-гигиена талаблари асосида дизенфекция ишлари мунтазам ташкил этилиб келинмоқда.

Шунингдек, Жарқўрғон туманида жойлашган “Сурхонтех” МЧЖ ҳамда “NORTEX STYLE” хорижий корхоналар фаолияти ҳам бир зумга бўлсада сусайгани йўқ. Буни мазкур корхоналарда айни кунда 600 нафар иш-ходимларнинг 3 сменада фаолияти йўлга қўйилиб, бир кунда ўртача 25 тонна ип-калава маҳсулотлари ишлаб чиқарилаётганлигида ҳам кўриш мумкин. Қайд этиш керакки, корхонада ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотлар Осиё ва Европанинг бир қатор давлатларига, хусусан, Хитой, Покистон, Россия давлатларига экспорт килиниб келинмоқда. Ушбу корхонада ишловчи ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида барча зарурий санитария-гигиена воситалар билан таъминланган. Корхонада кунлик дизенфекция ишлари йўлга қўйилган бўлиб, ходимларга санитария қоидаларига амал қилиш бўйича тушунтириш тарғибот ишлари мунтазам олиб борилмоқда. Ходимларнинг иш ҳақи ва меҳнат таътили, моддий ёрдам пуллари ўз вақтида берилиб борилмоқда.