Термизда Сурхондарё вилоятидаги олий таълим муассасаларининг чин етим, етим ёки ногиронлиги бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг энг фаол талаба-ёшлари ўртасида касаба уюшмалари стипендияси учун танлов бўлиб ўтди

19.01.2018. Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш жараёнида навқирон авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифалар ижроси доирасида таълим муассасаси касаба уюшмалари фаолиятини ривожлантиришда фаол иштирок этаётган ва эҳтиёжманд оилалардан бўлган талабаларни рағбатлантириш мақсадида олий ўқув юртида таҳсил олаётган ёшларга касаба уюшмалари стипендияси жорий этилгани ҳам бунинг яққол тасдиғидир.
Танловда Термиз давлат университети техника факультети 2-курс талабаси Отабек Темиров ғолиб бўлди. У олти ой давомида энг кам ойлик иш ҳақининг беш баробари миқдорида касаба уюшмалари стипендиясини олади.
– Университетимизда биз, ёшларнинг замонавий таълим олишимиз, истеъдод ва салоҳиятимизни кенг намоён этишимиз учун барча шароит яратилган, – дейди Отабек. – Жамоат ишларидаги иштироким ва ўқиш даврида эришаётган ютуқларим эътироф этилганидан хурсандман. Бу стипендия мени янада кўпроқ изланиш, ўзим танлаган касб сирларини пухта ўрганиш ва етук мутахассис бўлишга ундайди.